Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

14.03.2017


АБАДИЯТГА ДАХЛДОР ҚАДРИЯТ

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида 11-12 март кунлари юртимизда бўлгани каби вилоятимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари моҳиятида улкан рамзий маъно мужассам. У юртни, кўнгилларни обод этиши баробарида кишиларни бир-бирига яқинлаштиради, аҳиллик, ҳамжиҳатлик туйғуларини жўш урдиради.

Аслида ҳашар биргаликда, баҳамжиҳат ишлаш  демакдир. Шу кунлари вилоятимиздан 1 миллион 400 минг нафардан зиёд киши умумхалқ ҳашарида қатнашган бўлса, шундан 840 минг нафардан зиёдини ёшлар ташкил этгани эътиборга моликдир. Бу ўғил-қизларимизни Ватанга садоқат, юрт бугуни ва эртасига дахлдорлик туйғусида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларимизнинг ўзига хос ифодаси,  десак асло хато бўлмайди. 

Март-апрель — ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашари кунлари маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди. Шунингдек, хайрия тадбири доирасида дарахтларни оқлаш ва буташ, чиқиндиларни ташиб чиқариш ишлари амалга оширилди. Ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашилди. Бундан ташқари, Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйларида яшовчилар, кўмакка муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатилди.

- Миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик каби фазилатларни ёшлар онгига сингдиришда ҳашарнинг ўрни катта, - дейди "Нуроний" жамғармаси Қарши шаҳар бўлинмаси раиси Нуриддин Муҳиддинов. - Қўлига иш қуроли олганча унда иштирок этаётган нуронийларимиз навқирон авлод вакилларига нафақат ободонлаштириш ишларида ибрат бўлишди, айни пайтда бугунги саодатли кунларнинг қадрига етиш, юртимизда яратилган шарт-шароитдан унумли фойдаланишни ҳам тарғиб қилишди.

Ҳашар вилоятимизда ана шундай уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтди. Бу билан халқимиз ўзининг бунёдкорлик салоҳиятини, ободонлаштириш ва тозалик ишларига алоҳида эътибор қаратишини, бағрикенглик, саховатпешалик  фазилатларини яна бир бор намоён этди.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказилмоқда. Бу маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда кам таъминланган оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги мавжуд спорт майдончаларини жорий таъмирлаш ҳамда уларни  керакли спорт анжомлари билан жиҳозлаш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини яхшилаш каби тадбирларга сарфланади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: умумхалқ хайрия ҳашари қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo