Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Акрам ҲАМДАМОВ

14.04.2018


АБАЙ НЕГА ОТАСИГА ҚАРШИ БОРГАН ЭДИ?

 Абай 1845 йил 10 августда Қозоғистоннинг Семипалатинск вилоятига қарашли ҳозирги Абай тумани Чингизтоғ этакларида жойлашган Қашқабулоқ овулида туғилган. Дастлаб овулдаги диний мактабда савод чиқаргач, уни 10 ёшида Семипалатинск шаҳридаги Аҳмад Ризо мактабига ўқишга беришади. Бу ерда уч йил таълим олади ва шу орада рус тилини ҳам яхши ўзлаштиради. Унинг зеҳни жуда ўткир бўлиб, кўп мутолаа қилар, эртак, достон ва қиссаларни севиб ўқирди. Мадрасада Навоий, Саъдий, Фузулий каби Шарқ мумтоз адабиёти намояндаларининг ғазалларини севиб ўқийди ва ёд олади.

Абай 13 ёшга тўлганда отаси уни элни бошқаришга тайёрлаш мақсадида мадрасадан чиқариб олади. Бошига эл ташвиши тушган Абай жамиятга, ҳаётга зийраклик, ҳушёрлик билан қарайди ва келишмовчиликларнинг туб илдизини ахтара бошлайди. Ўз отаси Қўнонбойнинг халққа нисбатан қилаётган адолатсизлигини кўриб, унга қарши бош кўтаради. Энди у Қўнонбойнинг ёрдамчиси эмас, адолат байроғини баланд кўтарган жафокаш халқ ҳомийсига айланади.

Абай шеърлари халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга даъват этади. Ваҳоланки, халқнинг ўз ҳуқуқини таниши амалдорларга ҳеч ҳам ёқмайди. Шунинг учун Абайни бир томондан рус истилочилари, иккинчи томондан эса маҳаллий амалдорлар сиқувга олишади. Унинг уйида бир неча марта тинтув ўтказилади, унга қарши турли туҳмат тошлари отилади.

Мухтор Авезовнинг "Абай йўли" роман-эпопеясида Абай ва отаси ўртасидаги шундай суҳбат келтирилади. Қўнонбой Абайни ўз эли одатидан узоқлашиб бораётганликда айблайди ва уни оддий ёмғир сувига ўхшатади. Бунга нисбатан Абай отасига: "Ёмғир сувига тенглаштирдингиз. Қўлида қуроли бор айрим кишиларгагина насиб бўладиган қудуқ суви бўлгандан кўра ҳаммага бирдек фойдаси тегадиган ёмғир суви бўлиш афзал", деб жавоб беради.

Маълумки, Абай йирик феодал оиласидан чиққан, отаси Қўнонбой, бобоси Ускенбой, унинг отаси Ирғизбой катта ер эгалари бўлишган. Абай асарларида ўз синфининг мақсадларини эмас, яъни ота ўғли бўлиб эмас, халқ мақсадларини куйловчи халқ ўғли бўлиб шаклланди. Элни қашшоқликка олиб келувчи тузумга, феодалларга қарата шундай ёзади:

Ўз сўзидан бошқа сўзни уқмайди,

Оғзи билан ўроқ ўрган мақтанчоқ,

Бир кун жиринг этар, бир кун бўртинг.

Ёш бошга бий бўлган қийқим бойлар.

Неча кўп бузасиз элнинг турқин?

Бундай шеърлар бутун қозоқ овуллари бўйлаб кенг ёйилади. Табиийки, бу чор Россияси зўравонларига ёқмайди. Натижада Абайни ҳар томонлама таъқиб остига олишади. Бу орада шоир оиласида ҳам турли фожиалар рўй беради. Петербургда ҳарбий мактабда ўқиб юрган ўғли Абдураҳмон 1885 йили сил касаллигига йўлиқиб вафот этади.

1904 йил 14 май куни     шоирнинг яна бир ўғли - Мағавия бевақт вафот этади. Бу фожиалар Абайни руҳан чўктириб қўяди ва у хасталаниб тўшакда ётиб қолади. Абай 1904 йил 6 июлда 59 ёшида Қашқабулоқ овулида вафот этади.

Абай шеърияти халқ оғзаки ижодидаги ўланлар, айтишувлар билан ҳамоҳанг. Унинг муҳаббат лирикаси Шарқ  шеъриятининг гўзал намуналаридан таъсирланиб ёзилгандай туюлса-да, унда кучли ҳалқчиллик ва дард кўзга ташланади. "Жим-жим кўнглим,  жим кўнглим" мисралари билан бошланувчи шеъри эса тасаввуф шеърияти анъаналарини эслатади. Унда айтилишича, инсоннинг кўнгли, нафси нималарни  тиламайди? Уни жиловлаш лозим, акс ҳолда инсонни хароб қилади.

Абай "Искандар", "Масъуд", "Азим афсонаси", "Вадим" каби достонлар ҳам ёзган. "Масъуд" достонида "Минг бир кеча" эртагидаги афсоналарга мурожаат қилади. Масъуд номли ҳалол ва покиза йигитнинг мазлумларни ҳимоя қилиб, мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳақидаги ривоят асосий мавзу қилиб олиниб, Абай унга ўз замонасига хос ўзгартиришлар киритган. Масъуд қандайдир араб йигити эмас, балки ўқувчи кўз олдида оддий, мард қозоқ йигитидай гавдаланади. Шоир ўз гуманистик ғояларини шу тарзда тарғиб қилади.

Маълумки, Искандар Зулқарнайн ҳақида Шарқ адабиётида жуда кўплаб асарлар яратилган. Низомий, Хусрав Деҳлавий, Навоийнинг Искандар ҳақидаги достонлари машҳур. Абай ҳам ушбу анъаналарни давом эттириб, "Искандар" номли достон ёзган.

Лекин у ўз достонида Искандарни мақтамасдан, танқид қилиш йўлидан боради. Асарда Искандарнинг қўшни мамлакатларни босиб олиш билан қаноатланмай, катта қўшин тўплаб бутун дунёни босиб олишга ҳаракат қилгани, бироқ бу ишнинг уддасидан чиқмагани ҳикоя қилинади. Искандар ўз қўшини билан жазирама чўлни кесиб ўтиб, бир тоққа дуч келади. Тоғнинг дарасига киришда катта олтин дарвоза унга тўсиқ бўлади. У қанча уринмасин, бу дарвозани бузиб, нариги томонга ўтолмайди. Искандарнинг жаҳли чиқиб, дарвозани оч, мен бутун дунё ҳукмдори Искандар бўламан, дейди. Дарвоза ортидан бу худога олиб бориладиган йўлдаги дарвоза, сенга эса мумкин эмас, деган садо келади ва Искандарга дарвоза ортидан суяк ташлашади. Бу суяк жуда оғир, умуман   кўтариб бўлмасди. Бу сирнинг маъносини Искандарнинг устози Арасту ечади. У тарози палласининг бўш қисмига бир сиқим тупроқ ташлаганда, суяк турган палла юқорига кўтарилиб кетади. Абай инсондаги очкўзлик, дунёга тўймасликни танқид қилиб, уни бир ҳовуч тупроқ тўйдиради, деган нақл билан достонни тугаллайди.

Абай кўплаб бошқа халқлар ёзувчилари, жумладан, Александр Пушкин, Михаил Лермонтов шеърлари, Иван Крилов масалларини қозоқ тилига маҳорат билан, содда ва тушунарли тарзда ўгирган. "Евгений Онегин" шеърий романини эркин таржима қилган Абай бу таржимаси билан ўз Онегини, ўз  Татьянасини яратди. Қозоқ оқинлари Татьянанинг севги изтиробларига тўла мактубини ўлан сингари куйлашган.

Абай шеърларининг аксариятида илм-ҳунар ўрганиш, саводли бўлишга чорловчи маърифатпарварлик руҳи устувор:

 Ёшликда билим излаб югурмадим,

Ҳайрон бўлдим, бироқ юз ўгирмадим,

Улғайганда қарасам, қўлим қуруқ,

Кечикиб қўл чўздиму, улгуролмадим...

Изласам, бўлармидим шунчалик хор?

Абай меросини ўрганар эканмиз, у уч манбадан озиқланиб камолга етганини сезамиз.    Булар-қозоқ халқ оғзаки ижоди, Шарқ шеърияти ва рус адабиёти. Ана шу уч манба Абайни буюк шоир этиб тарбиялади, оламга танитди, асарларини машҳур қилди. У қозоқ шеъриятига биринчилардан бўлиб реалистик достон жанрини олиб кирди. Ижодкор асарлари орқали замондошларини ҳаяжонга солиб турган кўпгина муаммо ва масалаларни кўтариб чиқди. Одоб-ахлоқ, маънавият ва маърифат ҳақида доимо қайғуриб ёзди. Маърифатли замонни қандай қуриш йўлларини ахтарди, адолатли тузумда яшайдиган жамиятни орзу қилди.

Абай Ўрта Осиёда яшовчи туркий халқлар ичида ўзбекларни маънавият ва маърифат жиҳатидан илғор халқ деб билиб, уларни ўз юртдошларига ибрат қилиб кўрсатган. Шу билан бирга, ўзбекларнинг иқтисод соҳасидаги ютуқларидан ҳам ўрнак олиш кераклигини уқтирган.

Таъкидлаш ўринлики, ўзбек ва қозоқлар замонлар ва ҳаёт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнилардир. Абайнинг қуйидаги сўзлари бунга мисол бўла олади:

Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,

Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.

Мол-дунё, шон-шуҳрат - барчаси бекор,

Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.

 

 

Акрам ҲАМДАМОВ,

 

Қарши давлат университети ўқитувчиси

 

 

Report typo