Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

20.10.2022


“Абдулла Орипов” бадиий фильмидаги бош ролни ким ижро этаяпти?

“Абдулла Орипов” тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильмининг постановкачи режиссёри Музаффар Эркинов ушбу картинадаги бош ролга нима сабабдан профессионал актёр эмас, балки шоир Шодмонқул Салом танланганини тушунтириб берди.

- Бир неча маротаба синовлар ўтказдик, роса ҳаракат қилдик актёрлардан танлашга, лекин, тўғрисини айтаман, шоир Шодмонқул Саломдан бошқа Абдулла Ориповга ўхшайдиган одам тополмадик, - дейди Музаффар Эркинов Кинематография агентлигининг Telegram-каналида эълон қилинган видеороликда. – Бироқ съёмка жараёнларининг учинчи-тўртинчи кунларига бориб бу инсонга ўзим ҳам ҳайрон қола бошладим – ижронинг табиийлиги, образни ич-ичидан ҳис қилишига. Чунки Шодмонқул Салом нафақат шоир, балки Абдулла аканинг ёнларида анча йилдан бери шогирд бўлиб юрган инсон. Абдулла аканинг қарашлари, гапиришлари, туришлари – ҳамма нарсани билади...

Аввал хабар берганимиздек, “Абдулла Орипов” тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильми Кинематография агентлиги буюртмасига асосан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси томонидан тасвирга олинмоқда. Сценарий муаллифлари – Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов. Суратга олиш жараёнлари Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири туғилиб ўсган Косон тумани Некўз қишлоғи ва Тошкент вилоятида амалга оширилмоқда.

Фильмдаги бош роль ижрочиси – шоир Шодмонқул Салом 1980 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 2003 йилда Термиз Давлат университетини тамомлаган. “Чағониён”, “Туркистон”, Китоб дунёси газеталари, “Саодат” журналида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар”, “Шеър сайёраси” шеърий тўпламлари ва “Оққапчиғай тўлқинлари” насрий китоби чоп этилган.

-1968 йилда 27 ёшли йигит “Ўзбекистон, Ватаним маним” шеърини ёзган (аслида Абдулла Ориповнинг Ўзбекистон” шеъри 1964-1970 йилларда ёзилгани қайд этиладитаҳририят изоҳи), лекин бу шеър 1971 йилда, уч йилдан кейин эълон қилинди, - дейди Шодмонқул Салом фильмни тасвирга олиш ҳақидаги яна бир видеороликда. – Уч йил уни эълон қилишга монеъликлар бўлган – ўзининг ичида, ташқаридан, қандайдир қўрқувлар бўлган. Мана шу нарса адабиётимиз тарихида ҳам, шоирнинг ижодий тақдирида ҳам, айни пайтда миллатнинг тақдирида муҳим бир нуқталардан бири. Чунки бошқалар қўлни кўксига қўйиб “Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз...” деб турган бир паллада, ҳали Сталиннинг қатағон шамоллари босилганига ўн йиллар ўтиб-ўтмаган, Шукрулло, Саид аҳмад, Шуҳрат домлалар ҳибсдан келганига кўп вақт бўлмаган бир паллада “Ўзбекистон, Ватаним маним” дея бутун бир катта қасидани, шеърни ёзиш ва уни эълон қилишнинг ҳайбати, салобати жуда катта. Бу шеъриятда ҳам катта воқеа бўлди, шунинг учун ҳам адабиётшунос устозлар Абдулла Орипов ҳақида айтганда, у 70-йилларда қақраган, саробларга тўлган миллий шеъриятга бир тоза жилғадек кириб келди, дейишган.

Дарвоқе, Шодмонқул Салом “Абдулла Орипов” бадиий фильмида роль ижро этаётган ягона нопрофессионал актёр эмас. Режиссёр Музаффар Эркиновнинг айтишича, фильмдаги Ўзбекистон Қаҳрамони, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Озод Шарофиддиновнинг образини фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Шарофиддинов яратган.

Ўз мухбиримиз

Report typo