Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

17.03.2023


“Абдулла Орипов ижоди билимдонлари” танлови ўтказилди

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан “Абдулла Орипов ижоди билимдонлари” танлови ўтказилди.

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ўтган танловда туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этди.

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бугунги кунда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш, шу орқали кўплаб иқтидор эгаларини кашф этиш, уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда иштирокчилар “Шеърий парча”, “Суратни шеър билан боғлаш” ҳамда “Савол-жавоб” шартлари орқали билим ва иқтидорларини намоён этишди.

Дастлаб Абдулла Орипов ижодига оид тўрт мисра шеър ҳавола қилиниб, унда тушириб қолдирилган иккита сўзни топиш сўралди. Сўнг ушбу парчани шарҳлаб бериш, бунда шеър мазмун-моҳияти нечоғлик очиб берилишига асосий эътибор қаратилди.

Сўнг иштирокчиларга билет танлаш орқали ҳавола қилинган сурат билан боғлиқ шеърни айтиш ва шарҳлаш вазифаси берилди. Суратлар Абдулла Ориповнинг темир одам, дорбоз, уммон ва айсберг, Бобораҳим Машраб, Фурқат, Усмон Азимга оид шеърлари билан боғлиқлиги қатнашчилар қизиқишини оширди.

- Одатда бирор ижодкор таваллуд санасига бағишланган тадбирлар шеърий айтишув ёки иншо шаклида ўтади, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. – “Абдулла Орипов ижоди билимдонлари” танловида ноодатий ва қизиқарли шартлар асосида билим ва иқтидор эгаларини аниқлашга ҳаракат қилдик. Танлов ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ўртасида ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Улар бу ерда ўрганганларини ўз туман, шаҳарларида, мактабларида жорий қилишади.

Абдулла Орипов уни “Ғарбнинг хўжаси” деб таърифларкан, у каби севишни орзу қилишини, исмлари бироз ўхшаш экани, бироқ қалблари ўхшамаслигини айтади. Ким назарда тутилган?

Танловнинг учинчи шартида мазкур савол деҳқонободлик иштирокчини анча ўйлантириб қўйди. Тўғри жавоб “Отелло” эди. Сўнгги шартда ҳар бир иштирокчи 2 тадан саволга жавоб қайтариб, юқори натижа учун ҳаракат қилди.

Якуний натижаларга кўра, Касби туманидаги 53-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Жумақул Ражабов 1-ўринни эгаллади. Қарши туманидаги 23-мактаб тарғиботчиси Нуриддин Эгамов 2- ва Кўкдала туманидаги 7-мактаб тарғиботчиси Юсуф Зиёдов 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва иштирокчиларга диплом, китоблар, эсдалик совғалари топширилди.

Бекзод САЙФИЕВ

Report typo