Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қарши шаҳрида ташкил этилган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати эса унга муносиб издошларни тарбиялашга хизмат қилиши кутилмоқда. Тўғри, Абдулла Орипов даражасига кўтарилиш жуда қийин, бироқ ҳечқурса унинг шеърияти билан яқин ошнолик ҳам ёмон одамни тарбияламайди.
Шу ўринда қайд этиш керак, ана шундай ижод мактаблари мамлакатимизнинг 6 ҳудудида: Нукусда Ибройим Юсупов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қаршида Абдулла Орипов, Андижонда Муҳаммад Юсуф ва Наманганда Ибрат номида ташкил қилингани ҳам эътирофга молик. Сабаб шуки, халқимиз ижодга, санъатга иштиёқманд. Мақсад эса аниқ: ижодга ҳаваси бор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш.
Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатига 2017-2018 ўқув йилида 5-6-7-8-синфларга 142 нафар ўқувчи саралаб қабул қилинди. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 5-синфга 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Ўқувчиларга 25 ўқитувчи таълим бермоқда. Мактаб энг сўнгги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланган. Кимё, биология, физика фанлари учун ўқув-лаборатория хоналари мавжуд. 210 ўринли фаоллар зали ва спорт залига эга. 50 ўринли ётоқхона, яна шунча ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. “Ифодали ўқиш”, “Нутқ маданияти”, “Нотиқлик санъати” бўйича қўшимча дарслар йўлга қўйилган.
- Ўқувчилар билан қизиқишига қараб назм, наср, публицистика ва таржима йўналишларида индивидуал тарзда иш олиб борилади, - дейди мактаб-интернат директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ёқутхон Жамолова. – Шунга кўра, таниқли ижодкорлар таклиф қилинади, ижодий кечалар уюштирилади.
Биламизки, маънавиятга тикилган сармоя самараси кўп-да кўзга кўринавермайди. Дейлик, бирор қурилишга маблағ ажратилса, оз муддатда унинг натижалари кўрина бошлайди. Адабиёт ёки санъатда эса бундай тезкор натижаларни кўра олмайсиз: у йиллар ўтиб, кишилардаги нозик дид, эстетик савия, юксак ғояларга илҳомлантирувчи манба сифатида бўй кўрсатади. Бордию 10-15 йилдан кейин республикада 6 ижодий мактабдан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Зулфия даражасидаги ижодкор етишиб чиқса, мазкур мактаблар ўзини оқлади, деб бемалол айтиш мумкин ва бу натижа қийматини бошқа ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Шундай умид қилишимизга эса кичик асослар бор: жорий йилнинг март ойида ўтган билимлар беллашувида мактаб-интернат ўқувчилари барча синфларда она тили ва адабиёт фанидан 1-ўринни эгаллашди. Мукофотига Зоминда дам олиб келишди.
Апрелда эса Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф таваллудининг 64 йиллиги муносабати билан 6 та ижодий мактаб ўқувчилари ўртасида мушоира ташкил қилинди ва унда Абдулла Орипов мактаби ўқувчилари 1-ўринга муносиб кўрилди.
Мактаб-интернатнинг 9-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова Японияда ўтказилган халқаро симпозиумда қатнашиб келди. “Sakura science program” дастури асосида Япония илм-фан ва технологиялари агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда иштирокчилар кунчиқар юрт таълим муассасаларида бўлишди, таҳсил жараёни, инновацион лойиҳалар билан танишишди. Мейжо университетида ўтган конференцияда физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Хироси Амано маърузасини тинглашди.
Абдулла Ориповнинг Эъзоза томонидан инглиз, япон тилларида ўқилган шеърлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Хўш, Абдулла Орипов шеърлари нимаси билан японлар эътиборини ўзига тортди? Албатта, фалсафаси, бадиияти билан. Яна бир жиҳат ҳам борки, бу ҳақда ижодий учрашувлардан бирида Абдулла Орипов бир воқеани кулги билан эслаганди. Шоирнинг айтишича, у Японияда бўлганида, нуфузли меҳмонлардан бири шоирни отасига ўхшатиб роса йиғлаган, шундан бери унга японларнинг муносабати жуда илиқ экан. Қашқадарё даштлари шамолларидан қисилган қийиқ кўзли, кичик жуссасига катта масъулият залворини олган шоир, дарҳақиқат, кунчиқар юрт одамларига ўхшаб кетади, унинг бўлажак издоши шеърлари ўша илиқликни қайта эсга туширган бўлса не ажаб?!
Мактаб-интернат ўқувчилари ёзган
“Юракда сўз бўлиб учди оққушлар,
Осмон бўлди чексиз, нурли баёзим”,
“Бахт қўшиғин ўргатмоқ учун
Тонг куйлари кетар сочилиб”,
“Боболарим руҳи қўллади уни
Ғазабдан шеърлари муштдай тугилди” каби мисралар нималардандир умид беради, албатта.
Хўш, Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернат келажагини қандай тасаввур этамиз? Истиқболда қандай бўлиши керак? Унинг бошқа таълим муассасаларидан фарқи бўладими-йўқми?
Бу ижодий даргоҳ мамлакатдаги таълим тизимининг чўққиси сифатида сараланган ўқитувчилар дарс берадиган, энг истеъдодли ёшлар танлаб ўқитиладиган масканга айланиши керак. Худди шу хусусида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов куни кеча вилоятимизда, хусусан, мазкур мактабда бўлган вақтида айтиб ўтди.
Қайд этилганидек, Абдулла Орипов чин маънода миллат шоири эди. Бироқ унинг ижоди фақат шу миллат доирасида чекланиб қолмоқда. Демак, шоир шеърларини хориж тилларига таржима қилиш керак. Бунинг учун кучли таржимон зарур, таржимон эса бадиий ижодни чуқур англайдиган бўлиши даркор. Масалан, Абдулла Орипов қаламига мансуб “Жаҳон меҳробида пайдо Алишер” ёки “Колумбда бор аламим маним” каби мисраларни немис ё французларга қай тарзда асл маънони бузмай етказса бўлади? Шунинг учун кучли таржимонлар ҳам шу мактабнинг ўзида тарбияланиши керак. Модомики, хорижий тилларни чет эллик мутахассисларнинг ўзи ўтса, нур устига аъло нур бўлади. Бир ёқда шоир ижоди, бир ёқда чет тили пухта ўрганилади. Иккиси бир нуқтада бирлашганда эса ажойиб таржима асари бунёд бўлади.
Ҳозир барча таълим муассасаларида таътил, бироқ бу ижодий мактабда таътил ижодий кечалар, шоир, ёзувчи, таржимонлар билан учрашувлар, мушоиралар тарзида ўтмаса, ўқувчиларнинг вақти бекорга сарфланган бўлади. “Ҳамма ўқиши шарт бўлган 100 китоб”, “Ҳамма кўриши керак бўлган фильмлар” кўринишида лойиҳалар ўтказилса, ўқувчиларнинг дунёқараши ўсиши шубҳасиз.
“Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов дўстлиги”, “Абдулла Орипов ва Ботир Зокиров дўстлиги” каби мавзулар ҳам ижод ихлосмандларига кўп нарса бериши шубҳасиз.
Мазкур жараёнда мактаб ўқув дастурларини ҳам қайта кўриб чиқиш, дарсларнинг таниқли ижодкорлар иштирокида мунтазам ўтилишини таъминлаш зарур. Чунки ижод кишисига илҳом керак, бунинг учун кичик ижодий муҳит кифоя.
Умуман олганда, мазкур мактаб фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Муҳими, ўзбекнинг буюк шоири ижодини халқимиз ҳар дақиқа ҳис қилиб туриши, унга муносиб издошлар тайёрлашга эришишдир. Ҳамма гап – мактаб жамоасининг ушбу масъулиятни нечоғлик ҳис қилишида.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: мактаб фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.