Ваҳоланки, олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабули жараёни бошланганидан буён оммавий ахборот воситалари орқали улардаги квота, таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинмоқда. Аммо абитуриентлардан қабул учун қандай ҳужжатлар талаб этилиши ҳақида деярли маълумот берилмаган. Ҳатто бундай ахборотни ОТМдаги "ахборот доскаси"да ҳам топиш мушкул. Хусусан, вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг ҳар бирида қабул жараёни доирасида ташкил этилган "маслаҳат маркази"дан ҳам бу борада жўяли гап айта оладиган мутахассисини топиш, ундан бир тайинли йўл-йўриқ олиш амримаҳол.
Натижада нима бўлади: эътирозлар юзага келади, норозилик туғилади, коррупцияга йўл очилади.
Шундан келиб чиқиб, қуйида олий таълим муассасаларига қабул учун абитуриентдан қандай ҳужжатлар талаб этилишини яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб топдик.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" ги қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан абитуриентлардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза; умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
086/У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
3,5 x 4,5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат.
Махсус сиртқи бўлимлар учун ушбу ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагилар сўралади:
меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома;
шунингдек, ҳужжат топшираётганлар дипломда кўрсатилган йўналиш (касб) бўйича камида 3 йиллик педагогик стажга эга бўлиши талаб этилади.
Таъкидлаш жоиз, тўлиқ давлат таъминотидаги ("Меҳрибонлик уйлари"да яшаб таълим олган, 18 ёшга тўлмаган, отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар) етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ўқишга топширишда ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни;
танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлса ушбу ҳужжатнинг аслини қабул комиссиясига тақдим этса, тегишли имтиёзлардан фойдаланадилар.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатлар қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман қилинади.
Агар абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.
Кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолда қабул комиссияси абитуриентни қабул қилишни инкор этиш ҳуқуқига эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, қабул жараёни 15 июлгача давом этади.
С.АЛЛАЁРОВА