Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида Нафас Шодмонов драмаси асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли премьераси бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоиз, “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган зот – Абу Муин Насафий минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ўзига хос намунасини кўрсатган эди.
Ислом оламида “Ҳақиқат қиличи” номи билан танилган буюк ватандошимиз ибоҳия, хорижия, мўътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқаларга асосли раддиялар берган ва динимиз софлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.
Айтиш ўринли, Абу Муин Насафий илмий мероси ўрганила бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома абадий қўним топган манзил ободонлаштирилиб, мақбара, масжид, кутубхона, музей барпо этилди. “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Баҳрул калом” асарлари таржима қилиниб, кўп минг нусхада чоп этилди. У зот ҳақида кўплаб илмий асарлар, маърифий мақолалар нашр этилиб, дунёнинг нуфузли олимлари иштирокида илмий конференциялар ўтказилди.
Маълумки, алломалар меросини кенг халқ оммасига янада яхши тушунтиришда бадиий ва саҳна асарлари, кинофильмларнинг аҳамияти катта. Тўғриси, бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Шомурод Шарапов қаламига мансуб “Ҳақиқат қиличи” номли роман кам нусхада нашр қилинган, шу номда ҳужжатли фильм яратилган, холос. Филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов томонидан ёзилган “Абу Муин Насафий” драмаси бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Эътироф этиш лозим, шу вақтгача Нафас Шодмоновнинг “Нуҳ кемаси”, “Қобил ила Ҳобил”, “Широқ”, “Нахшаб афсонаси”, “Оқсарой”, “Нажот дарвозаси” каби 20 дан зиёд тарихий ва замонавий мавзудаги драмалари республика театрларида саҳналаштирилган.
“Абу Муин Насафий” спектаклида алломанинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо исломга интилиш йўлидаги хизматлари рамзий-ишоравий услубларда акс эттирилади. Ўзларини динда билимдон санаган, бироқ аллома келтирган аниқ далиллар қаршисида ожиз қолган жоҳил гуруҳлар Абу Муин Насафийни жисмонан йўқ қилишга уринади. Асар воқеалари XI асрда Насаф ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.
Қуръон оятлари билан зийнатланган, мафкуравий зиддиятларни очиб беришга қаратилган спектакль томошабинни бефарқ қолдирмайди, чуқур мушоҳадага, теран мулоҳазага чорлайди.
Таъкидлаш ўринли, спектаклдаги ролларни вилоят мусиқали драма театрининг актёр ва актрисалари маҳорат билан ижро этишди. Абу Муин Насафий сиймосини таниқли кино ва театр актёри Ғайрат Ҳусаинов гавдалантирган. Алломанинг рафиқаси Ойбаланд, мўътазила оқими етакчиларидан бири Жовид, рофизия фирқасига мансуб катта мулкдор хотин Озар образлари ҳам анча эсда қоларли. Саҳна декорациялари, мусиқа, либосларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.
Шу ўринда айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсак. Маълумки, калом, ақида масалаларини ҳаммаям тушунмайди. Томошабинлар ёш ва савиясини ҳисобга олган ҳолда, нутқ ва савол-жавоблар содда, одамлар тушунадиган, англайдиган мисоллар орқали очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Қолаверса, мўътазила қарашларини ифодалайдиган Жовид образи етарли даражада очилмасдан қолган. Ваҳоланки, роль ижрочиси Акбар Бердиевни кучли актёр сифатида биламиз. Боз устига мўътазила оқими вакиллари ҳам бу даражада кўр-кўрона ақидага эмас, рад қилиш мураккаб ҳақиқатга таянган эди. Яъни Жовид кучли билимли, бироқ жоҳил – уни шу тарзда кўрсатиш маъқул бизнингча.
Ойбаланд ўлдирилиши саҳнасида ҳам оддий йўлдан борилган. Ортдан бир неча бор пичоқ суқиш саҳнаси ёш болалар, таъсирчан одамларга ёмон таъсир қилиши аниқ – шу сабаб қатл саҳнасини бошқа деталлар ёрдамида ҳам ишонарли тарзда кўрсатиш мумкин.
Булар тўғриласа бўладиган нарсалар. Муҳими, буюк инсон ҳақидаги дастлабки саҳна асари дунё юзини кўрди. Уни бемалол республика театрларида, халқаро саҳналарга намойиш этса бўлади, намойиш этиш керак. Бу спектакль вилоятимиз маданият ва санъат соҳасида катта воқелик.
Агар Сизда ҳам ушбу спектаклга қизиқиш уйғонган бўлса, бугун соат 15:00 да, эртага 11:00 да вилоят мусиқали драма театрига келиб, томоша қилсангиз бўлади.
Б.САЙФИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.