Доривор сифатида табобатда унинг ўти ва илдизи ишлатилади. Таркибида 0,6 фоизга қадар эфир мойи ва алкалоидлар бор. Ўсимлик асосида тайёрланган воситалар иштаҳа очиши ва овқат ҳазм қилишга ёрдам беради. Жигар, ўт пуфаги ва гастрит касалликларида фойдали. Ўсимликдан олинган хамазулен бронхиал астма, ревматизм, экзема касалликлари ва рентген нури таъсирида куйган ерларни даволашда қўлланилади.
ТОҒОЛЧА
Тоғолча денгиз сатҳидан 1000-1500 метр баландликда, сернам ёнбағирларда, дарёларнинг этакларида бута ёки кичик дарахт кўринишида ўсади. Барглари, гуллари ва тана пўстлоғидан олинадиган елими озуқа сифатида ва тиббиётда ишлатилади.
Мевалари йирик-майдалиги, шакли, ранги, таъми ва кимёвий таркибига кўра жуда ҳам хилма-хил бўлади. Ҳар бир тупи, ўсиш шароитига қараб, яъни соядагиси 3-4 килограмм, дарё ва сойлар бўйларида ўсгани 100 килограммгача ҳосил беради. Мевасида 9,94 фоизгача қандлар, 7,5 фоизгача органик кислоталар, 16 миллиграммгача витамин С, ошловчи моддалар, минераллар, ёғлар бор.
Табобатда барглари ва гулларидан тайёрланган дамлама енгил сурги тариқасида, меваларидан тайёрланган қайнатма гастрит, сурункали қабзиятда иштаҳани очиш ва овқат ҳазмини яхшилаш учун, шунингдек, юқори нафас йўлларининг яллиғланиш касалликларида балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатилади.
ҚИЗИЛЧА (ЭФЕДРА)
Шохлари қалин, бўйи 1,5 метргача борадиган анча йирик сершох бута ўсимлик. Ўзбекистонда унинг 9 тури бор. Шулардан фақат қуйидаги иккитасидан эфедрин алкалоиди олинади: тоғ қизилчаси ва чўл қизилчаси.
Ўсимлик май-июнь ойларида гуллайди, ғудда меваси июль-августда етилади. Асосан қишда териб олинадиган кўк шохчаларидан тайёрланган дамлама халқ табобатида қўтир, безгак, ревматизм, юрак ва ўпка касалликлари, меъда яраси, бош оғриғига даво сифатида ишлатилади. Иситма вақтида меваларидан тайёрланган мураббо терлатадиган восита тариқасида истеъмол қилинади.
Замонавий тиббиётда унинг кўк шохчаларидан олинган эфедрин хлориддан бронхиал астма, бронхитларни даволашда фойдаланилади. Қон оқишини тўхтатиш, заҳар кучини кесиш нерв ва юрак томир фаолиятини қувватлантириш хусусиятига ҳам эга.
ЕРҚАЛАМПИР (Хрен)
Тобабатда ўсимликнинг асосан илдизлари ишлатилади.
Уни вилоятимизнинг деярли барча ҳудудларида учратиш мумкин. Ерқалампир май-июнь ойларида гуллайди, июнь-июлда меваси пишади. Илдизлари ўткир таъм берувчи, зиравор ҳамда дори-дармон сифатида ишлатилади. Таркибида С дармондориси, фитонцитлар, гуликозид, синигрин, мирозин фермети, оқсил таркибли лизоцим, углеводлар, эфир мойлари, микроэлементлар билан бир қаторда алкалоид ва бошқа моддалар ҳам учрайди. Айниқса, баргларида С дармондорисининг миқдори жуда кўп.
Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.