Сараланган сатрлар
Биласиз, 1997 йилдан чоп этила бошланган "Жаҳон адабиёти" журналида дунё сўз санъатининг энг нодир намуналари таржимаси бериб борилади. Янги аср бошларида журнал бош муҳаррири Озод Шарафиддинов мазкур нашрда ўзбек адабиётига мансуб асарни эълон қилади ва катта шов-шувларга сабаб бўлади. Гап Улуғбек Ҳамдамнинг "Мувозанат" романи ҳақида боряпти.
Романда истиқлолга қадам қўйган давлатнинг аросатда турган одамлари ҳақида ҳикоя қилинади. Илм-фан йўлини танласа, болалари оч қолади, тирикчиликка зўр берса, нафс ўпқонидан қутула олмайди. Аммо пули борларнинг айтгани айтган, илм йўлини тутганларнинг эса косаси оқармаган... Шундай шароит-вазиятда қандай яшаш керак, нима қилса тўғри бўлади?
Инсон ва жамият, инсон ва дин, инсон ва ўзлиги - муаллиф шу саволлар атрофида гоҳ ижтимоий вазият тақозоси, гоҳ умуминсоний мушоҳадалар, гоҳ фалсафий фикрлар орқали жавоб излайди. Жавобларки, бошқаларга ҳам фойдадан холи бўлмайди.
* * *
Истиқлол, бу - ҳалигача айримлар истеҳзо билан қарайдиган ва шундай муносабатда бўлишга беҳуда уринадиган қуруқ шиор, қизил ёрлиқ эмас! У халқимизнинг сўнгги юз йил мобайнида эришган энг улкан ва ҳар қандай миллат тарихида мисли кам топиладиган ижтимоий-сиёсий, маънавий-руҳий Даражасидир! Хўш, биз ана шу даражага осонликча эришдикми? Кечаси қўлимиз боғлиқ ҳолда кўзимиз илиниб, тонгда озод бўлиб уйғондикми?.. Йўқ, албатта! Эсланг, улуғ маърифатпарвар ва ватанпарвар Беҳбудий-у Фитрат, Қодирий-у Чўлпон каби минглаб, ўн минглаб мўътабар сиймолар аслида, халқимизнинг мана шу жабҳада - Истиқлол йўлида берган улкан қурбонлари эмасми? Тафаккур ва ақл гулларининг кесиб ташланиши оқибатида миллат иммунитетига етказилган ва ҳеч қайси мезонлар билан ўлчаб бўлмайдиган йўқотишларни ҳеч ким ҳисоблаб кўрганми?..
* * *
Жаҳолат ҳар қандай улуғ қадриятларни ҳам маҳв этишга қодир. У - кўринмас махлуқ.
* * *
БИРГАЛИК ТУЙҒУСИ... Нақадар олий туйғу.
* * *
Тирик эканмиз ва буни ўлимдан афзал кўрар эканмиз, демак, бошқа мақсадларга имкон қолмаган тақдирда тирик қолмоқликнинг ўзи мақсадга айланмайдими? Бу - бир инстинкт. Жамиятда иқтисодий ва маънавий ҳаёт издан чиқиб, тартиб-интизом бузилган кезларда одамларни шу инстинкт бошқариб туради. Бундай пайтда кучлилар кучсизлар ҳисобига яшай бошлайди. Чунки уларнинг аксарият қисми айнан шундай яшашга бошқалардан кўра қобилроқ. Албатта, уларнинг орасида виждони ва юзини сотиб ейдиганлари ҳам бор. Лекин инстинктга кўра кун кечираётган одамдан юксак ахлоқни талаб қилишнинг ўзи ўринсиз.
* * *
Чин мозийдан хабардорлик ўзбекнинг - бутун бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш жараёнини бошидан кечираётган миллатнинг эртанги ҳолига таъсир этади, деб тушунар ва бу вазифани қолган барча долзарб ишлардан-да муҳимроқ ҳисобларди. Чунки шўро мустамлакачилиги даврида унинг қўл остидаги бутун элатлар тарихи сохталаштирилганлиги туфайли янги даврнинг ёш насллари айни шу жиҳатдан оқсар эди унинг ўйлашича. Бу насл энди ўзининг озод ва обод давлатини барпо этмоқчи. Бинобарин, унинг оёқлари соғлом заминда мустаҳкам турмоғи шарт.
* * *
Одамзод ўз маънавиятини моддият орқали намойиш этишу ўз моддий оламини маънавият туфайли тиклаш ва сақлашга мажбур ва маҳкум. Демак, ҳатто фақат маънавият билан машғул бўлиш ҳам қаҳрамонлик эмас, у бор-йўғи инсоннинг зарурий эҳтиёжларидан биттаси, холос. Бошқа - учинчи йўл йўққа ўхшайди. Демак, шарқликларнинг табиатидан келиб чиққан мискинлик, хокисорлик, дарвешлик ва айниқса, зоҳидлик, ниҳоят, энди ўзини тўла оқламайди. Ўз даврида улар буюк вазифаларини уддалай билганлар ва шу йўсин бойликка, моддий дунёга муккасидан кетган жамият ва одамлар онгида мувозанат пайдо қилишга маълум маънода эришганлар. Энди замон ўзгарган ва унинг табиатидан келиб чиқадиган вазифа - моддият ва маънавият ўртасидаги мувозанатни ўрнатиш.
* * *
Бу йўл нақадар улуғ, сеҳрли ва муқаддасдир! Унда инсон ўзгаларга қурол ё мушт кўтариб мақсадга эришмайди, аксинча, онгли равишда ўзга манзилни кўзлайди ва аввало, ўзига қарши жангга киришади. Ҳа-ҳа, айнан ўзига қарши! Бироқ "Ўзига қарши" дегани бани одамнинг ўз нуқсон ва баднафсига қарши мужодаласи эканини унутмаслик керак. Зеро, дунёдаги ноқисликларнинг барчаси одамзоднинг қалби ва ақлидаги нуқсонларнинг ташқарига урган аксидан бўлак нарса эмас! Ҳар бир ўзини ўзи поклашга киришган инсон айни дамда дунёни тозалашга бел боғлаган зот ҳамдир.
* * *
Умуман, азалий мазмунга бориш учун азалий шаклдан истеъфода этмаклик ўзини қанчалар оқлайди? Ахир, "чиройли кийинган" ўрта асрлар аёли билан йигирманчи юз йилликнинг танноз хоними кийимлари нақадар бир-бирига ўхшамайди. Лекин мазмун бир - улар ўз замонаси томонидан энг гўзал деб тан олинган, энг сўнгги русумдаги либосларга ўранган. Демак, ғоялар ҳар қанча улуғ бўлмасин, вақт ўтган сайин уларга улашмаклик йўллари - шакллари ўзгариб борар экан. Зеро, ҳар бир замону ҳар бир даврнинг ўз руҳи бўладики, у шаклларга ўз муҳрини муқаррар равишда босиб боради.
* * *
Одамзод ғайри шуурида ўлимдан ҳам кейинги ҳаётга бўлган ишончнинг мавжудлиги ва агар у тортиб олинса, мувозанатнинг йўқолиб, ҳар хил фожиаларга олиб келишини биламан. Лекин ўлимгача бўлган ҳаёт умидидан маҳрум бўлиш ҳам инсонни маҳв этади. Бунда киши ҳар икки дунёсини бой бериши мумкин. Ахир пайғамбаримиз "Ҳеч қачон ўлмайдигандек дунё учун, эртага ўладигандек охират учун яша" деб бежиз айтмаган. Назаримда худди шу ҳикматда инсоннинг якка шахс сифатидаги бахти ҳам, кўпчилик ичидаги ва кўпчиликнинг саодати ҳам мужассам. Биз эса кўпинча нарса ва воқеа-ҳодисаларнинг зоҳиринигина кўриб хулоса-ҳукм чиқаришдан нарига ўтолмаймиз. Уларнинг аслини, моҳиятини кўрмаймиз.
* * *
Ахир, дунёда уруш, очарчилик, эпидемия, табиий офат туфайли қирилиб кетаётган миллионлаб одамларни қўя турайлик, ўз юртимизда қилиниши шарт бўлган муаммолар камми? Ибтидоий тузумнинг зўр муаммоси бўлган қорин ғами ҳануз кўпчиликнинг муаммоси бўлиб келаётгани жуда улкан мусибат. Ваҳоланки, бундай масалалар аллақачон ҳал этилган бўлиши, одамзод камолотнинг кейинги - навбатдаги босқичларида яшаши керак эмасмиди?
* * *
Эҳтимол инсон ишлаш ва фикрлашдан тўхтаган, чарчаган онда унинг кўнглида ҳақиқий адабиёт туғила бошлар... Эҳтимол, танадаги дард ҳаддидан ошган ва инсон энди фақат соғаймоқ истаганида шеър ёрдамга келар... Шеър - соғайиш соғинчидир, балки.
* * *
Олам ва одам шу қадар катта суръатларда ўзгариб бормоқдаки, эртага Ватан, киндик қони тўкилган тупроқ, садоқат... деган тушунчалар қандай тушунилиши ҳақида бир нима дейиш қийин. Манфаат! Балки ҳар қандай юксак тушунчанинг ҳам асосини ташкил қиладиган бош унсур шу бўлар... Эртага? Ким билсин... Ҳозир-чи? Аслида, ҳозир ҳам, кеча ҳам, минг йил аввал ҳам шундоқ эмасмиди? Ватан, халқ, уларга вафодорлик, фидойилик... тушунчалари эртага ҳам бўлади, фақат худди ҳар қачонгидек маълум кишилар - ана шу тушунчаларни байроқ қилиб кўтариб юришдан манфаатдорлар учун бўлади. Қолганлар учун эса кеча ва ёки ҳатто минг йил аввал бу янглиғ баландпарвоз тушунчалар қандоқ дахлсиз бўлган бўлса, ҳозир ҳам, эртага ҳам шундоқлигича қолаверади. Наҳотки шундоқ? Наҳотки, Ватан, миллат, уларнинг ёруғ келажаги учун курашувчилар фақат шу қадриятларни ҳимоя қилувчи соҳаларда ишловчилардангина иборат бўлса?
* * *
ВАТАН МАНФААТИ йўқ ердан бино қилинмайди, балки ҳар бир фуқаро манфаатидан, ҳа-ҳа, айнан ҲАР БИР ВАТАНДОШ МАНФААТИДАН ЎСИБ ЧИҚАДИ! Яъни якка шахс манфаатига Ватан, Ватан манфаатига якка шахс манфаатини қарши қўймаслик керак. Улар гўё бир-бирини тақозо қилиб яшовчи икки қутб - бири иккинчисисиз чинакамига қад ростлай олмайди...
* * *
Худо умр ва соғлиқдан ҳамда омаддан қисмаса, олдинда яна-да баландроқ чўққилар мавжудким, уларни забт этишга ҳеч қурса, уриниб кўрмаслик - ландавурликдир.
* * *
Умид яхши нарса. У гўё кечаси адашиб қолган одам учун узоқда ёниб турган машъаладек гап.
* * *
Демак, одамзодга ҳамма нарса керак! Унга сарёғ суртилган юмшоқ нон қандай даркор бўлса, япроқлар қўшиғи, уни тушуниб, ҳис қилиш, юрак қони битилган икки қатор шеър ҳам шунчалик зарур. Ниҳоят, ХХ аср учун дунёдан қўл ювиб қўлтиғига урган, фақат ўзининггина келажаги ташвишида узлатга чекинган дарвеш қанчалик фойдасиз бўлса, ўзини супериндустриализм намояндаси ҳисоблаб, умрини аллақандай роботнинг яратилишигагина сарфлайдиган олим - "темир одам" шунчалик зарарли. Коинот, ундаги ҳаёт тақдири, эҳтимолки, ана шу супериндустриализм намояндасининг ботинан не чоғлик дарвеш бўла олишига боғлиқдир...
* * *
Наҳотки, урушлар, мусибатлар ва зўр ташвишлар одамларни бирлаштиради, уларнинг бир-бирига яқин ва ҳамдард қилади, деган, гап рост бўлса? Наҳотки, муваффақият, пул, мансаб... инсонликни маҳв этгувчи унсурлардир? Наҳотки, одамлар бойигани, узатган жойига қўллари етадиган бўлгани сайин бир-бирларидан қалбан узоқлаша борадилар ва аксинча, ишлари чаппасига кетиб, бошига ташвиш ё мусибат тушганда дардини эшитадиган хайрихоҳ қидириб қолади. Демак, ҳаётдаги муваффақият дўст ўрнини босиши мумкин экан-да. Демак, дўст, ҳамдард... киши қўлидан бахт қуши учиб, қайғуга чўмганда лозим, дея оламизми?
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.