"Озодлик" ёзишича, Яккабоғ туман солиқ инспекцияси ходимлари дўконма-дўкон юриб, тадбиркорларни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ободонлаштириш ишларига пул ўтказишга мажбурлаган. Туман солиқ инспекцияси бошлиғи эса бу шикоят юзасидан радио мухбири билан гаплашишдан бош тортиб, саволга жавоб бермасдан телефонини ўчириб қўйган.
Давлат солиқ қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг маълум қилишича, ушбу хабар бирор асосга эга эмас, қўмита ва ҳудудий бошқармалар томонидан аҳолини, шу жумладан, тадбиркорларни Фориш тумани қиёфасини замонавий кўринишга келтириш бўйича ҳомийликка мажбурий жалб қилиш юзасидан ҳеч қандай оғзаки ва ёзма кўрсатма берилмаган.
Мухбирнинг саволларига жавоб беришдан бош тортгани учун эса Яккабоғ туман солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан интизомий жазоси берилган. Туман бош солиқчиси ўша пайтда тоғли ҳудудда ўтказилаётган тадбирда қатнашаётгани ва алоқа сифати яхши бўлмаганлиги сабабли жавоб бера олмаган экан.
Қаранг-а, "Озодлик" бутун дунёга сиздирган ахборот асоссиз экану, шу асоссиз хабарга муносабат билдирмагани учун мансабдор шахс жазога тортилибди. Ҳеч шубҳасиз, буни эшитган маҳаллий ОАВ вакиллари тўғрисини ёзиб, яна калтак бошида синганини эсласа, кўзига ёш келиши табиий. Маҳаллий ОАВларда не-не танқидий-таҳлилий чиқишлар қилинмади дейсиз? Уларнинг аксариятига бирор муносабат билдиришни-ку қўяверинг, мухбир қаноатланадиган жавоб бермагансан, деб ҳали бирор лавозимдор жазоланганини эшитганимизча йўқ (бу ерда айнан солиқ тизими назарда тутилмаяпти!).
Масалан, бундан бир неча йил олдин таҳририятимиз мухбири Қарши шаҳар ҳокимлигида фуқаро сўровига жавобан мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволини ўрганишга борганида, шаҳарнинг собиқ ҳокими буткул ваҳима кўтариб, ички ишлар ходимларини чақириб, мухбирни "қўлга олдириш"га беҳуда уринган эди. Вақт ўтиб шу нарса аниқ бўлдики, айнан ўша ҳоким юзлаб мурожаатларни эътиборсиз қолдирган экан...
Ёки шу яқин ўртада биргина ўзимизнинг газетада (қолган таҳририятлар ҳам оғизга сув солиб ўтиргани йўқ) ноқонуний "стоянка"лар, йўл кирадан тушгану кирим қилинмаётган нақд пуллар айланмаси, қатъий нархидан 30-40 минг сўм ошириб сотилаётган ун, куз-қиш мавсумида кўмир етиб бормаган ижтимоий соҳа объектлари, имтиёзли кредит эвазига қурилаётган, бироқ одамларга қимматга тушаётган иссиқхоналар ва ҳоказо мавзуларда юзлаб чиқишлар қилинди, бироқ булар бўйича на бир айтарли муносабат билдирилди, на-да камчиликка йўл қўйган мансабдор ўзини айбдор ҳис қилди.
Боз устига денг, маҳаллий ОАВ вакиллари худди "Озодлик"ка ўхшаб ёлғонни эмас, бор гапни, ҳақиқатни ёзган эди, кўтарилган масалалар ҳудуд ҳаётида ривож ясаса ясардики, ишни орқага тортмасди. Алам қилади-да, четдан туриб ёлғон айтганнинг қадринию ўзимизда туриб ҳақ гапни деганнинг қадрсизлигини кўриб.
Кутилмаган ҳозиржавобликка Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарияти томонидан матбуот хизматлари фаолияти бўйича танқидини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Шу туртки боис турли ОАВларда миш-миш ва уйдирмалар тарқалмаслиги учун энди матбуот хизматлари тезкор муносабат билдириб боради. Аммо фақат четдан туриб вайсаётганларнинг гапига қулоқ солиб, ёнгинамизда туриб борини ёзаётганларга зиғирча эътибор бермаслик қанчалик мантиқдан ва нақадар тўғри?!
Аҳолига холис ва тўғри маълумотни тақдим қилишмоқчими, кишиларда ислоҳотларга ижобий муносабатни шакллантиришмоқчими, бировга ўнг, бировга чап кўз билан қараш ярамайди. Аксинча бўлса, ҳамма ўзини шов-шувга, ёлғону асоссиз нарсаларга уриб кетмаслигига кафолат йўқ.
Н.ХЎЖАЕВ