Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

07.11.2017


ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ ИНСОН

Жўра саллотнинг икки йиллик ҳарбий хизматдан орттириб келгани – гоҳ чийиллаб, гоҳ шанғиллаб ишлайдиган овоз кучайтиргичидан даврабоши Рўзибой бобонинг товуши узуқ-юлуқ таралади:

- Энди тўй аҳлини табриклаш учун сўз Ҳамро шоирга.

Ҳамро туябоқар – кўрган воқелигини назмий сатрларга битиб юргувчи маҳаллий шоир. Кўп ўтмай даврада овози ҳам жуссаси каби рамақижон Ҳамро шоирнинг юракни эговлагувчи ингичка товуши янграйди:

- Мусо кашар “оқ олтин”га кон бўлар...

“Мусо кашар” - шағалли, қумли қирлардан иборат яйловнинг номи. Бу ерда Ҳаким полвон етакчилик қиладиган фермага қарашли қўй-қўзилар қишлайди.

- Ҳамро, роса олдинг-да, - дейди табрик сўзини шеърга қўшиб айтгандан сўнг жойига келиб ўлтирган туябоқарга шерикларидан кимдир писанда қилиб. - Мусо кашар “оқ олтин”га кон бўлишига ким ҳам ишонарди?

- Ҳали кўрасизлар, Қарши чўлига назари тушган Шароф бобо бир нигоҳ ташласа Мусо кашардан баттар яйловлар ҳам ўрнини пахтазорга бўшатиб беради, - дейди Ҳамро шоир ишонч билан...

2

Ўтган асрнинг 70-йиллари адоғи. Эндигина олийгоҳнинг диққинафас дарсхоналарини тарк этиб, ўзим сабоқ олган мактабда ўқувчиларга тарих фанидан дарс бериш билан бирга билим маскани ёшларига етакчилик қилардим. Нафсиламбирини айтганда, ёшлар етакчисининг бош қашлашга вақт топиши даргумон эди ўша пайтлар. Ҳали 35-40 чақирим масофадаги туман марказига мажлисга чақиришса, ҳали мактаб билимдонлари билан турли тадбирларга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ташвишлари, ёшлар деворий газетасини чиқариш, хуллас, қиламан десанг ишнинг адоғи кўринмайди. Ўша кун тун-алламаҳалгача беш-ўнта фаол ўқувчилар билан бирга мактабдаги мўъжазгина иш хонамда қолиб, бирданига “Наштар” ҳажвий деворий газетасининг икки сонини чиқарганимиз учун эртасига ишга бироз кечикиб келдим.

Келиб билсам, мени директор сўрабди, бир неча марта. “Уйқучилигим ҳам бор бўлсин, - дея ўзимни яндим. – Домла, роса таъзиримни берса керак”.

Аслини олганда-ку, бетига қараб нима ҳақида ўйлаётганини баҳолаш мушкул бўлган директоримиз – Сафар домла билан орамиз анча яхши, олийгоҳни тугатиб, ишга чиққанимда у киши севинчини яшириб ўтирмаганди:

- Яшавор, шоввоз, диплом қўлга тегиши билан қишлоққа қараб энавердим де. Жуда яхши, энди устоз-шогирд бўлиб бир ишлайликки, кўролмаганлар кўзи чиқсин.

Бутун онгли ҳаёти мактаб иши билан чамбарчас боғланган Сафар домла ғаройиб характерли инсон эди. Бировга кек-ғарази йўқ, аммо тўғригўйлиги учун кўпда панд ҳам еб турарди. Жамоа фаолияти, ўқувчилар манфаати учун тош чиқса емириб ўтишга ҳам тайёр эди. Қишлоғимиз аҳли чорвадор бўлгани боис, ҳали суяги қотиб улгурмаган ёш-яланг уч-тўрт ойлаб 80-100 чақирим масофадаги пахтачилик хўжаликларига ётоқлайин теримга кетар, болаларни олиб кетиш учун келган юк машиналари кузовидан биринчи бўлиб маҳаллий казо-казоларнинг болалари тўлиқ жой олмагунча домла оддий кишиларнинг фарзандини чиқармай турар, қиш эртачи тушиб қолган йиллари расман жавоб берилишини кутмай, ўқувчиларни ўзбошимчалик билан қишлоққа олиб қайтиб, санги-маломатга дучор бўларди.

Домланинг деворига зах ҳиди муқим ўрнашган қоронғи зал тўридаги пештоқига “мактаб директори С.Атаков” деган ёзув осилган хонаси эшик табақасини қия очиб ичкарига мўраладим.

- Домла, кечирасиз, - кеч келганимга баҳона излаб чайналдим.

- Биламан, эрталаб қоровул айтди, кеча ярим тунгача мактабда бўлган экансан, энди шогирд, вақтингни олиб ўтирмай, ҳозир клубга борасан, сени  райкомнинг биринчи котиби чақиртирибди.

Кутилмаган янгиликдан гангиб қолдим, “оддий қишлоқ мактабининг энди иш бошлаган ўқитувчиси қаердаю, бутун бошли район раҳбари қаерда”.

- Нима гап экан домла?

- Қўрқма, - далда берган бўлди домла. - Хонангдан чўтка билан бўёқларингни олиб чиқ, бирга борамиз, эълон битасан.

Хавотирим босилди, домланинг айтганларини олиб, мактабимиздан ярим чақиримча масофадаги қишлоқ клубига қараб кетдик.

3

Қишлоқ клуби атрофи турли русумдаги хизмат машиналари билан тирбанд. Эшик олдида беш-олти нафар савлатли кишилар нималарнидир гаплашиб туришибди. Кўз ташлаб деярли ҳаммасини танидим, кўпчилиги ўқув йили бошида ўқитувчилар анъанавий август кенгаши минбарида ўтиришганди.

Район фирқа қўмитаси саркотиби Яков Александрович Илиади менга қараб “Ука, йигирма метрли алвонга “Хуш келибсиз, Шароф Рашидович, Қарши чўлига!” деб ёзишинг керак”, деди.

Ҳаяжонланганимдан саркотибга савол берганимни сезмай қолдим:

- Қишлоғимизга Шароф бобо келаяптиларми, қачон?

- Қаршидан чиқишипти, йўлда кўриладиган жойлар бор экан. Икки соатларда Помуққа етиб келишади. Шошмай тур, қадами қутлуғ кишиларни ўз кўзинг билан кўрасан. Ўзи улгурасанми?

Кўплашиб бирон соатга қолмай маҳобатли шиорни ёзиб битирдик. Ёғочсоз усталар бир зумда уни рейкага михлашди. Тайёр алвон клубга элтадиган йўлнинг икки гирдидаги дарахтлар орасидаги симёғочларга ўрнатилди.

Қоп-қора зулукдек “Волга” машинаси олдинги ўриндиғидан тушган вилоят фирқа қўмитаси биринчи котиби Рўзмет Ғойибов орқа эшикнинг қўл тутқичини очди. Машина ичидан тус қора рангдаги костюм-шимию оппоқ қўйлаги, бошидаги оппоқ тўр шляпасига гард тушмаган Шароф Рашидов тушиб келди.

Атрофни одамларнинг ҳаяжонли сас-садолари тутди.

- Қани Нурмамат, йўл бошланг, - деди Рўзмет    Ғойибов меҳмонларга пешвоз чиққан “Ўзбекистон” қоракўлчилик-наслчилик хўжалиги директори, Меҳнат Қаҳрамони Нурмамат Рустамовга.

Шу пайт Шароф Рашидов йўлбошловчилар бошлаган томон қолиб, клуб атрофига тўпланган одамлар орасига кириб, ҳамма билан бирма-бир қўл олишиб чиқди. Одамлардан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач:

- Насиб этса бу ерда янги район ташкил этамиз. Чўлда баҳор ўлкаси яралсин деган ниятда номини Баҳористон деб атаймиз, - деди комил ишонч билан...

4

Ҳамро шоир билиб башорат қилган экан.

Шароф бобонинг назари тушган ерда баҳор ўлкаси бунёд бўлди.

Бугунги ёшлар Помуқ атрофида “Мусо кашар” деган яйлов бўлганини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмайди, “Олтин бошоқ” массивини сўрасангиз сира иккиланмасдан:

- Биламиз, билганда қандоқ, у ернинг фермерлари ҳар йили пахтадан, ғалладан мўл ҳосил олишади, - деб жавоб қайтаришади. Бунинг барчасида эса бир одамнинг биргина ташаббуси мужассамлигини биров билади, биров эса йўқ...

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Report typo