Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

26.01.2021


АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЭНГ ЯХШИ БЎЛИМ ВА ХОДИМЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Танлов

Қарши шаҳрида "Йилнинг энг яхши адлия бўлими" ҳамда "Йилнинг энг яхши адлия ходими" танловларининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Танловнинг биринчи куни "Йилнинг энг яхши адлия бўлими" номинацияси бўйича ғолиблар аниқланди.

Унда ўз ҳудудида ғолибликни қўлга киритган 15 та туман (шаҳар) адлия бўлимлари 4 та шарт бўйича баҳс олиб боришди.

Биринчи шартда ҳар бир бўлим томонидан ўтган 2020 йил давомида эришилган натижалар таҳлил этилиб, 10 баллик тизим асосида баҳоланган бўлса, иккинчи шартда бўлим раҳбарларининг ташаббускорлиги ва фаоллиги синовдан ўтказилди.

 Шунингдек, учинчи шартда иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимлари тест саволлари асосида синаб кўрилди. Қизиқарли ва мунозараларга бой ўтган тўртинчи босқичда эса иштирокчиларга турли муаммоли ҳолатлар айтилиб, ушбу вазиятларга қонуний асослантирилган ҳолда ечим топиш сўралди.

Ҳар бир шарт бўйича натижалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, энг кўп балл жамғарган Андижон вилоятининг Андижон шаҳар адлия бўлими "Йилнинг энг яхши адлия бўлими" номинацияси ғолиби деб топилди.

Шунингдек, Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани адлия бўлими 2-ўринни қўлга киритган бўлса, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани адлия бўлими 3-ўринга сазовор бўлди.

22 январь куни ўтказилган "Йилнинг энг яхши адлия ходими" номинациясида эса 1-ўринни Самарақанд вилояти адлия бошқармаси ходими Сардорбек Мажидов қўлга киритди.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси ходими Жўрабек Абдулазизовга иккинчи, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ходими Абдураҳим Шоакбаров эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Ҳар иккала номинация бўйича ҳам 1-ўрин соҳиблари 15 миллион, 2-ўрин соҳиблари 10 миллион сўм ҳамда  учинчи ўрин эгалари 7,5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo