Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимларининг дастлабки мулоқоти Ғузор, Деҳқонобод ва Нишон туманларидан Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар иштирокида бўлди.
Деҳқонобод туманидаги Отқамар маҳалласида истиқомат қилувчи Кенжа Жумаев ўз мурожаатига ижобий жавоб олганлардан. Қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви муаммоси атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.
- Оқбош-Отқамар йўналишида тортилган узунлиги 40 километр бўлган ва қарийб 5 та қишлоқ аҳолисини сув билан таъминлайдиган сув қувурини эксплуатация қилиш маҳалламиз ихтиёрига топшириладиган бўлди, - дейди Кенжа Жумаев. – Энди ушбу қувурдан ўзбошимчалик билан, хўжасизларча фойдаланишга чек қўйилади.
Нишон туманидаги Каптарли маҳалласида яшовчи Баҳром Бозоров ҳам мурожаати натижасидан мамнун. Энди маҳалладан туман марказигача коллеж ўқувчилари учун автобус қатнови йўлга қўйилади.
Қайд этиш лозим, мурожаатларнинг катта қисми бевосита учрашув давомида қаноатлантирилган бўлса, айримлари бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиш, аниқлик киритиш талаб этиладиган мурожаатлар эса тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва хўжалик органларига кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун юборилди.
* * *
Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари, банк тузилмалари раҳбарлари сайёр қабулларида эса жами 4806 нафар фуқаро қатнашиб, учрашувлар давомида 2751 та мурожаат кўриб чиқилди. Аҳолидан тушган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг асосий қисми таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой, бандлик ва иш ҳақи, нақд пул, моддий ёрдам, валюта амалиётлари, электр, газ ва ёнилғи таъминоти, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банк кредити масаласи, коррупция, раҳбар ходимлар хатти-ҳаракатидан эътироз, ҳуқуқий идоралар ва суд қарорларидан норозилик, молия, солиқ, қарздорликни ундириш, паспорт-виза, объектларни қуриш, кўчириш ва реконструкция қилишга оид масалалар экани ойдинлашди. Шундан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига 159 та, Давлат божхона қўмитасига 68, Давлат солиқ қўмитасига 95, суд идораларига 402, Адлия вазирлигига 138, банклар мутасаддиларига 727 ва Бош прокуратурага 1162 та ариза, таклиф ва шикоятлар берилиб, 765 та масала жойида ҳал қилинди.
* * *
Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Ғофуржон Шукуров иштирокида Қарши давлат университетида Қарши, Ғузор, Қамаши ва Деҳқонобод туманлари аҳолиси ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтган очиқ мулоқот долзарб муаммоларга самарали ечим топишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мурожаатларнинг асосий қисми божхона имтиёзлари, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, тадбиркорларнинг вақти ва харажатини тежаш масалаларига қаратилди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан божхона қонунчилиги бўйича ҳам таклифлар эшитилди.
- Қарши туманидаги Файзобод қишлоғида қисман якунига етказилган пахтани қайта ишлаш фабрикаси ҳозирги кунда ишга туширилган, - дейди “LT Textile International” хорижий корхонаси вакили Х.Узоқов. – Ип йигирув дастгоҳи аллақачон ўрнатилган. Бутловчи қисмлар эса Хитойдан келтирилади. Шунга кўра, ип йигирув дастгоҳининг бутловчи қисмлари ҳам имтиёзли расмийлаштирилишида ёрдам сўрадим. Тегишли ҳужжатларга кўра, ташкилотимиз номига олиб келинаётган эҳтиёт қисмлар асосий дастгоҳ билан шартнома доирасида ва бир вақтда келтирилган тақдирда божхона тўловларидан озод этилиши тўғрисида тушунтириш берилди.
“Қашқадарё Дори-дармон” АЖ вакили Мирғолим Пардаев божхона тўловларини кечиктириб тўлаб беришга рухсат хусусида мурожаат қилди. Унга жавобан Божхона кодексининг 329-моддасида божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши тушунтирилди. Бунинг учун тўловларни тўлаш кодекс 330-моддасида кўрсатилган асосларга мос бўлиши лозим. Шунга мувофиқ тегишли рухсат берилиши маълум қилинди.
* * *
Вилоят Ёшлар марказида ўтган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов сайёр қабули 2 йўналишда – ички ишлар органлари фаолияти ҳамда ишга қабул қилиш ва тиклаш бўйича бўлди. Қабул учун юзга яқин аҳоли вакиллари жам бўлишди.
- Анча вақт ишлаб жамғарган маблағимизни 2014 йилда уйимиздан ўғирлаб кетишган эди, - дейди Нишон туманилик Илҳом Холматов. – Бироқ дастлабки тергов ва суриштирув ишлари натижа бермади. Ички ишлар вазирига учрашдик. Тергов тикланиши ва гумонланувчилар сўроқ қилиниши бўйича кўрсатма берилди. Тез орада ишимиз ҳал бўлади, деган умиддамиз.
Қамаши туманилик Э.Бобоқуловнинг айтишича, бир муддат илгари ўғли йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган. Бу бўйича суднинг ҳукми ҳам чиққан. Транспорт воситаси эса вақтинча сақловга олинган. Мазкур ишни қайта кўриш ва машина вақтинча сақловда турган кун учун кунлик тўлов миқдорини камайтириш бўйича ёрдам керак. Бунга жавобан мурожаатда келтирилган масала судда кўриб чиқилгани ва кейинги жараён ҳам суд тартибида ўтиши, автоҳалокат натижасида вақтинча сақловга олинган машина уни сақлаётган корхонадан қонуний асосда олиб чиқилиши бўйича тушунтириш берилди.
* * *
Маълумки, бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида тижорат банкларининг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда, юртимиз халқ хўжалигининг барча жабҳаларида ушбу молия муассасаларининг фаоллиги ортганини сезиш мумкин.
Бироқ айрим ҳолларда банклар фаолиятида белгиланган тартибга тўлиқ амал қилинмаслиги ёки мижозлар билан ишлашда эътиборсизликка йўл қўйилиши, тўғри тушунтиришлар олиб борилмаслиги натижасида айрим ҳолларда аҳолида мазкур муассасалар ишидан норозилик пайдо бўлмоқда. Пировардида ортиқча оворагарчилик юзага келаяпти, мурожаатлар кўпаймоқда.
Республика банк тузилмалари раҳбар-ходимлари ўтказган сайёр қабуллар ана шундай ҳолатларга барҳам бериш, муаммоли масалаларга самарали ечим топиш, мижозларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Жумладан, Қарши шаҳрида акциядорлик тижорат банк “InFinBank” раиси ўринбосари Равшан Файзиев раҳбарлигида ўтказилган учрашув муассасанинг вилоятимиздаги мижозларини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш имконини берди. Маълумотларга кўра, икки кун давомида бўлиб ўтган қабул жараёнида аҳолидан 40 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларда кредит, нақд пул каби масалаларда фикр-мулоҳазалар билдирилган. Зарур ҳолларда мурожаат қилувчиларга консультациялар берилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ижобий якун топган бўлса, вақт талаб этадиган таклиф ва муаммолар атрофлича ўрганилиб, дарҳол ечилиши таъкидланди.
- Тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаганимизга унча кўп бўлмади, - дейди Қарши шаҳридаги “Funny land” оилавий корхонаси раҳбари Собир Эшмуродов. – 2 йилча аввал тижорат банкидан 100 миллион сўм миқдорида кредит олиб, фаолиятимизни йўлга қўйгандик. Вилоятимиз марказида мўъжаз кўнгилочар боғ барпо қилдик. Сузиш ҳавзасини қуриб, фойдаланишга топширдик. Айни пайтда ушбу объектларимизда аҳолининг мароқли дам олиши учун барча имконият мавжуд. Мижозлар хизматимиздан мамнун, биз эса келаётган даромаддан. Бир масалада банкдан ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Гап шундаки, кредитни расмийлаштириш чоғида 2 та енгил автомобилни гаров тариқасида қўйгандик. Шу кунгача қарзимизнинг 70 фоизини қоплашга муваффақ бўлдик. Машиналардан бирини гаров таъминотидан чиқариш таклифини билдирдик. Бу банк мутасаддиларига ҳам маъқул келди. Масаламиз ижобий ҳал этилганидан хурсандмиз.
Косон туманидаги “Доктор Рамиш медикал сервис” хусусий корхонаси асосан тиббиёт хизматлари кўрсатишга ихтисослашган. Ҳозирги кунда мазкур тадбиркорлик субъекти ҳудудда муваффақиятли фаолият кўрсатаяпти. Клиника замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Корхонада бугунги кунда хизмат машинасига эҳтиёж бор. Бироқ уни харид қилиш учун маблағ етарли эмаслиги сабабли корхона раҳбари Рамиш Суюнов автокредит олишда ёрдам сўраб банкка мурожаат қилган. Унинг қарзни қайтара олиш имкониятлари ҳисобга олиниб, мижозга зарур маблағни тақдим этиш бўйича тадбир белгиланди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев қабули ҳам самарали ўтди.
Масалан, ғузорлик С.Қобилованинг ўғли ва турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш тўғрисидаги мурожаати асосида мазкур фуқароларни тумандаги “Чаноқ парранда” МЧЖга ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши тушунтирилди.
Қамашилик Абдираҳмон Нодиров эса “Шахло Абдираҳимовна” хусусий корхонаси фаолиятини кенгайтириш учун 1 гектар ер майдони ажратиб беришда ёрдам сўради. Шунга кўра бир ҳафта ичида ер ажратиб бериш туман ҳокимлигидан сўралди.
- “Алоқа банк” Қарши филиалига 2017 йил февраль ойида бориб, паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит сўрагандим, - дейди Косон тумани Сарипул маҳалласилик Икром Турдиқулов. – Бироқ ресурс тугаган, деб қайтариб юборишди. Шундан бери банкка қатнайман. Бугун шу масалада Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарига мурожаат қилдим. Банк мутасаддилари тез орада муаммони ҳал қилишни ваъда беришди.
Косон тумани Нартибаланд маҳалласилик Юсуф Жўраев томонидан эса ем маҳсулотлари баҳоси гўшт нархига таъсир кўрсатаётгани, заводдан 600-800 сўмга чиқаётган ем “қўл”да 1800-2000 сўмдан сотилаётгани туфайли гўшт қимматлашгани айтилиб, шу бўйича тегишли идоралар ҳамкорлигида назорат тадбирларини кучайтириш таклифи билдирилди.
* * *
Яккабоғлик Ҳулкар Пардаева университетни тамомлаб, ўз мутахассислиги бўйича иш излаган. Чироқчилик Сарвиноз Қўзибоева бола парвариши учун зарур бўладиган алимент пулини ололмай юрган. Китоблик С.Бобоев эса 5 миллион сўм қарзини қандай олишни ўйлаб боши қотган.
Уларнинг муаммоси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев бошчилигида Шаҳрисабз туманидаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтган қабул давомида ижобий ҳал этилди.
Эътироф этиш керак, сайёр қабуллар давомида энг кўп мурожаатни прокуратура органлари кўриб чиқди. Эътиборлиси, 230 та масала жойида ҳал этилиб, қолган 932 таси айни пайтда ўрганилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Олий суд раиси Козимджан Камилов иштирокидаги сайёр қабуллар ҳам қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди.
Умуман олганда, вилоятимизнинг барча ҳудудлари аҳолисини қамраб олган сайёр қабуллар натижаларидан юртдошларимиз мамнун, миннатдор. Бундай қабулга келаётган ҳар бир фуқарода кўтарган долзарб масалалар албатта ечимини топади, деган ишонч мужассам. Чунки бу жараёнда ҳар бир мурожаат эътиборга олинди ва фуқароларнинг қонуний талаблари қаноатлантирилмоқда. Бошқача айтганда, мазкур жараёнда адолат жаранги ва ҳақиқатнинг кучи яққол кўриниб турди.
Бекзод САЙФИЕВ
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Мусо МУРОДОВ