Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Т.ПЎЛАТОВ

26.12.2016


ҚАДРИЯТЛАР АСОСИДА ҚОНУНЛАР ЯРАТИЛАДИ

 

Чунки инсон қадр топмас экан, ҳамма нарса бекор. Халқимиз шундай кунларни ҳам бошдан кечирганди. Яқин тарихга назар ташласак, собиқ иттифоқ даврида худди қиларга иш йўқдай маҳал-бемаҳал янги конституциялар қабул қилинаверган. Миллионлаб кишиларнинг ҳаётини белгилаб берадиган ҳужжат буткул қайта тузиб ташланаверган. Қонунчиликдан маълумки, бир қонунга ўзгартириш ёки қўшимча киритилишидан мақсад ўша қонунни янада такомиллаштириш, унинг амалда ишлашини, самарали ва ҳаётийлигини таъминлашга қаратилади.

Аммо совет давлатининг конституциялари бир неча маротаба тамомила қайта ёзиб чиқилган бўлса-да, одамлар ундан фойда кўргани йўқ. Қайтага совет конституциясининг ҳар янгиланиши кишиларни баттар қийин аҳволга солиб қўйди. Зулм кишанларини кучайтирди.

Инсон қадрини сариқ чақага-да тенг кўрмайдиган “қомус”лар шу сабаб ҳам узоққа бормади. Шон кўрмай жон берди. Шунинг учун  бугун биз мустақил давлатимиз  Конституциясини бахтимиз қомуси деб атаяпмиз. Собиқ тузум даврида биринчи ўринга давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қўйилган бўлса, Ўзбекистон Конституциясида инсон, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди.

Шу билан бирга, Конституциямизда қатор муҳим жиҳатлар инобатга олинди. Улардан энг асосийлари – суверенитет, халқчиллик, қонун устуворлиги, ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, ташқи сиёсат асосларини белгилаб берувчи конституциявий қоидаларнинг мустаҳкамланганидир. Бу сиёсий-ҳуқуқий институтларнинг назарий ва ҳуқуқий асослари мамлакатимизда биринчи маротаба яратилди. Қувонарлиси, биз бирорта моддани бирор мамлакат конституциясидан кўчирмадик. Аксинча, Конституциямизнинг ҳар бир моддаси миллий менталитетимизга уйғунлашган ҳолда ишлаб чиқилди. Унинг матнини ёзишда аждодларимиз ҳуқуқий мероси намуналари, мусулмон ҳуқуқи манбалари, халқимизнинг асрий урф-одатлари ҳам ўрганилиб, ҳисобга олинди.

Бош қомусимизнинг содда ва равон тилда, асосийси, ўқувчига яқин ва тушунарли сўзлар билан ёзилгани унинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлди. Конституцияни ўрганиш учун уни қўлига олган ҳар бир киши ўзининг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари нималардан иборат эканини, айни вақтда қандай бурчга эгалигини дарҳол англаб олади.

Собиқ тузум даврида амал қилинган конституцияда барча давлат мулки “Бутун совет халқига тегишлидир” деган қоида белгилаб қўйилган ва эътиборлиси бу ҳеч қандай реал асосга эга эмас эди. Республикамиз ўз бойликларини ўзи тасарруф эта олмас экан, ундан халқ манфаати йўлида самарали фойдаланиш ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмасди.

Айнан Бош қомусимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди.

Тарихдан маълумки, ота-боболаримиз ишбилармон ўтган, ишнинг кўзини биладиган одамлар бўлишган. Манбаларда биргина Насаф шаҳри бозорларида 212 хил ҳунармандчилик маҳсулотлари сотилиши айтилади. Новвойу пичоқсоз, қуролсозу шишасозлар ва бошқа ҳунар соҳибларининг энг моҳирлари шу юртдан етишиб чиққан. Самарқанд қоғозининг шуҳрати ўз вақтида дунёга ёйилган. Амир Темур даврида шаҳару қишлоқларда бир неча юзлаб ҳунармандлар маҳаллалари бўлган. Ота-боболаримиз ишбилармонликда тенгсиз эканини амалда кўрсатиб қўйишган.

Тўғри, илгариги замонда тадбиркорлик бошқа номлар билан аталган бўлиши мумкин. Қандай аталганидан қатъи назар, аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, ўз оиласини, эл-юрт манфаатини таъминлаб келган. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимизнинг, миллатимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетган фазилат саналади.

Қарангки, совет тузуми даврида бу нарса мутлақо инобатга олинмади. Ишбилармонлик, тадбиркорлик деган сўзларга ўрин йўқ эди. Бундан 25-30 йил олдин бировни мулкдор, тадбиркор дейиш мумкинмиди? Данғиллама уй қурган, қўша-қўша машина минган кишини эшитганмисиз? Қишлоқда яшаб 10 бош қорамол боққан одамни-чи? Эшитгандирсиз. Аммо...

Чорак аср аввал беш-ўн бош қорамол боққани учун “капиталист” деб ном олган, шунинг дастидан қанча-қанча таъқибларга учраган одамлар узоқда эмас, бугунги шодумон замонда яйраб, шукур қилиб яшаётган юртдошларимиз. Кечагина турли ёрлиқлар ёпиштирилиб, олибсотар, чайқовчи дея ҳақоратланганлар бугунги ҳур замонда ўзини кўрсатиб, элга нафи тегаётган тадбиркорлар. Хўш, ниманинг ҳисобига бутунлай бошқа одамга айландик? Қарашларимизни, тутумларимизни ўзгартириб юборган нарса нима ўзи?! Бунга сабаб Конституциямизнинг 36-моддасидаги “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли...” дейилган сўзлар эмасми? Шу асосда бугун мулкдор бўлиш - ўз имкониятларидан тўла фойдаланиб, ҳам ўзига, ҳам атрофидагиларга, юртга наф келтириш фаолияти мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватланаётгани самараси эмасми?

Бугун босиб ўтилган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани – буларнинг барчаси Конституциямиз асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси, аслида.

Бундан ташқари, эътиқод эркинлиги ҳам аввало Асосий қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Собиқ тузум даврида бу ҳақда гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таъкидлаганидек, “Асрлар мобайнида қарор топган ахлоқий-маънавий қадриятларни ғоявий қарашларга қурбон қилиш оқибатларини бартараф этиш иқтисодиётни тартибга келтиришдан кўра анча машаққатли бўлади. Ахир, яқиндагина эмасмиди, коммунист, айниқса, у юқорироқ лавозимда бўлса, ўз яқин кишилари билан охирги марта видолашиш учун қабристонга ҳам боролмасди. Дафн маросимида иштирок этиш энг катта айб саналиб, бундай одамни партиядан ўчириб, ишдан бўшатишарди”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига мувофиқ, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул килиниши жамиятда тамомила янги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий тизим қарор топишида муҳим омил бўлди. Унинг қабул қилиниши қонунчиликдаги мустақиллик бўлди. Шуниси ҳам борки, миллий мафкурамизни, менталитетимизни, асрий қадрият ва орзуларимизни билмаган одам Конституциямизни тушунмайди,  англаши ҳам қийин.

Бугун дунёда кечаётган воқеалардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, барча давлатларда ҳам фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси тўла кафолатланмаган ёки қонун ҳужжатлари қоғозда қолиб кетаверган. Мамлакатимизда эса истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ, иқтисодиётда бир қанча қийинчиликлар ва мураккабликлар бўлишига қарамасдан, аҳолини ялпи ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган ишлар амалга оширилди. Бунда мамлакат Конституцияси дастуриламал бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Конституциямизда бирор соҳа ёки йўналиш йўқки, назардан, эътибордан четда қолган бўлса.

Конституция ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлаш билан бирга фуқаролар зиммасига бурч ва масъулиятлар юклайди. Бурч дегани, аввало Конституцияни ўқиб-ўрганишдан бошланади. Конституцияни билган киши ўз хатти-ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади. Бошқа кишиларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг ҳуқуқи ва эркини ҳурмат қилади.

Ёшликда, ўқувчиликдаги бир ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. Синфлар ўртасида ўзаро мусобақа бўларди. 8 декабрь олдидан ана шундай мусобақага тайёрландик. Тайёргарликни ёшимиздан келиб чиқиб, ўша пайтдаги қобилиятимизга кўра олиб бордик. Биров 40-модда, яна бири 41-, кейингиси 42-модда бўлди – булар сал қисқароқ, ёдлаш осонроқ эди-да. Кейин ўқитувчимиз ана шу моддаларнинг шарҳини тушунтириб, изоҳлаб берди. Атрофлича билимга эга бўлдик. Қарангки, Конституциямизнинг қайсидир моддасини ифодалаб берган синфдошларимиз ҳаётида айнан ўша модда муҳим ўрин тутди. Масалан, 40-моддани атрофлича кўрсатиб берган синфдошимиз шифокорлик йўлидан кетди, 41-модда “эгаси” бугун ўқитувчи, кейингиси эса илмий изланишда. Хуллас, Конституция ҳар бир синфдошимизнинг тақдирини белгилаб берди. Конституциямизда акс эттирилган сўзлар юракка яқин эканки, кишига касб танлашда ҳам асқатди, кимгадир тўғри йўлни кўрсатиб берди, яна кимга қонундан оғишмай яшаш ҳар жиҳатдан мақбул эканини англатди. Конституция шунинг учун ҳам муқаддас, шунинг учун ҳам қадрли, азиз.

Юқорида айтганимиздай, Бош қомусимиз халқимизнинг орзу-истакларини, ният ва мақсадларини ҳамда миллий қадрият ва анъаналарини, ғурурини ўзида мужассам этганлиги билан характерлидир. Зеро, бундай юксак эҳтиром ҳар бир ўзбекистонликнинг юрагида ватанпарварлик ҳиссини оловлантиради.

Т.ПЎЛАТОВ

Report typo