Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сайфулло АЗИЗОВ

24.01.2017


АДВОКАТ ВА МАЪМУРИЙ ИШЛАР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасида фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар, деб белгиланган. Қонунларни бузганлик учун эса жазо мавжуд. Зеро, қонунга хилоф қилмиш жазосиз қолса, жамиятда тартибсизлик авж олади.

Барчамизга аёнки, давлат фуқаролар, корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятини у ёки бу даражада ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб туради. Шу сабабли бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали маъмурий жавобгарлик белгиланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари – бу маъмурий жазо чоралари қўлланишини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар  тизимидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат тушунилади. Шахс қилмишида жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаса, маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маълумки, жазонинг оғирлиги ҳуқуқбузарликларнинг камайиши учун асос бўлмайди. Шу сабабли юртимизда ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим қилмишларни жиноят тоифасидан маъмурий жавобгарлик тоифасига ўтказиш, маъмурий судларни ташкил қилиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизими Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва бошқа қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ҳамда Жўқорғи ва Вазирлар Кенгашларининг қарорлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларидан иборат.

Жамоат тартибини сақлашга доир масалалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офатлар ва эпидемияларга қарши кураш масалалари бўйича халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда ҳокимлари маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқ бўлса, шахс 16 ёшга тўлмаган бўлса, ақли норасо бўлса, шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, амнистия акти чиққан бўлса ва бошқа ҳолатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Ўзбекистон   Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 36-моддасига кўра маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб ва давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб икки ойдан кечиктирмай, жиноят иши қўзғатиш рад қилингандан кейин эса бир ойдан кечиктирилмай қўлланиши керак. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда иштирок этаётган адвокатлар дастлаб шу масалаларга эътибор бериши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс, жабрланувчи ва уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, гувоҳ, эксперт ҳамда заруратга қараб таржимон қатнашади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 297-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда шу ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни ушлаб туриш пайтидан бошлаб адвокат қатнашиши мумкин.

Адвокат ишга оид материаллар билан танишиб чиқишга, уни таклиф қилган шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан илтимослар қилишга ҳамда иш юзасидан чиқарилган қарорлар устидан шикоят беришга ҳақлидир. Ишда иштирок этаётган адвокат ишга далилий ашёлар ва  ҳужжатларни қўшиб қўйиш, қўшимча гувоҳларни чақириш, мутахассисларни жалб қилиш ва уларнинг фикрини эшитиш, иш юзасидан экспертиза тайинлаш ва бошқа масалаларда илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг барча босқичларида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсга ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти таъминланиши шарт. Адвокатнинг иштироки маъмурий-ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг тааллуқлилиги масаласини ҳам яхши билиш керак. Маъмурий ишлар шу иш бўйича судьялар, хўжалик судлари, адлия, ички ишлар, давлат ёнғиндан сақлаш назорати органлари, маъмурий комиссиялар ва бошқа тегишли орган (мансабдор шахс)лар томонидан кўриб чиқилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид барча ҳолатларни, яъни маъмурий ҳуқуқбузарнинг шахси, мулкий зарар ва бошқа ҳолатларни аниқлайди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида баённома юритади. Мансабдор шахс томонидан иш кўриб чиқилганда, одатда баённома юритилмайди. Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади. Иш юзасидан қарор чиқарилади. Қарор  дарҳол эълон қилиниб, уч кун муддат ичида унинг нусхаси қарор чиқарилган   шахсга юборилади ёки тилхат орқали берилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан айбланган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари ва адвокат томонидан ўн кун ичида шикоят  берилиши мумкин. Шикоят юқори турувчи органга ёки маъмурий ишлар бўйича туман судига берилади. Шикоят берган шахс давлат божи тўламайди. Шикоят ўн кун ичида кўриб чиқилиб, қарор кучда қолдирилиши, бекор қилиниши, қайта кўриш учун юборилиши ёки иш юритиш тугатилиши мумкин.

Маъмурий жазо қўлланиши тўғрисидаги қарор ижро қилиниши шарт. Амнистия акти эълон қилинса, маъмурий жавобгарликни белгиловчи норматив ҳужжат бекор қилинса, шахс вафот этса, қарор ижроси тугатилади. Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг ижроси билан боғлиқ масалаларни шу қарорни чиқарган орган ҳал этади.

Умуман олганда, мазкур жараёнда адвокат ўз касбий фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши, унга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш учун қонунда кўзда тутилган воситалар ва усуллардан   фойдаланиши шарт.

Шу ўринда таъкидлаш ўринли, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Қонунчилигимизда адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ.

Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак”, деган фикрни билдирди.

Ҳақиқатан ҳам адвокатура фуқаролик жамиятининг муҳим институти саналади. Ҳимоя ҳуқуқи эса ҳар бир шахснинг ажралмас табиий ҳуқуқидир. Бироқ судларда, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни тўплашда, юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан давлат органларидан, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан ҳамда жамоат бирлашмаларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олишда, юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертлар хулосаларини, мутахассисларнинг маълумотнома-маслаҳатларини мижознинг розилиги билан сўраш ва ёзма тарзда олишда бир қатор муаммолар бор. Бу каби муаммоларнинг бартараф этилиши эса инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ваҳоланки, ривожланган давлатлардаги каби адвокатура хизматларини ва илғор тажрибаларни амалиётга жорий қилмасдан соҳада ютуқларга эришиб бўлмайди. Адвокатура идоралари шу талаблардан келиб чиққан ҳолда ўз ишларини ташкил қилса, мақсадга мувофиқ бўлади ва адвокатларнинг жамоатчилик олдидаги нуфузи анча ошади.

Сайфулло АЗИЗОВ, ҳуқуқшунос

Report typo