Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

30.12.2016


АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИНИНГ ДУАЛИСТИК ХУСУСИЯТИ

 

116-моддада эса айбланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши, фуқароларга, корхона,   муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган.

Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда адвокатура муҳим ўрин тутади. Шу боис истиқлол йилларида адвокатура тизими жиддий ислоҳ қилинди. Мустақилликка қадар адвокатлик фаолияти, дейилганда, асосан судда айбланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “оқловчи” тушунилар эди. Бугунги кунга келиб адвокатлик фаолияти мақсади ва вазифаларига оид тушунчалар анча кенгайди. “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Адвокатура – ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Олий юридик маълумотга эга ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси мамлакатда адвокат сифатида фаолият юритиши мумкин. Адвокатлик фаолияти дейилганда қонунда белгиланган тартибда адвокатлик мақомини олган шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам тушунилади.

Таъкидлаш лозимки, амалиётда адвокат ва унга ишонч билдирувчи шахс ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ўзаро ишонч бўлгандагина ижобий натижаларга эришилади. Зотан, Абдураҳмон Жомий айтганидек, “Муаллим болага адоват қилса, бемор ўз табибини душман деб билса, улар ўз жонига ўзлари ёвдир, ақлу жон йўлида ўзлари ғовдир”.

Адвокатлар содир этилган жиноятни оқлашга, ҳимояда била туриб ёлғон маълумотларни қўллашга, ҳимоя остидаги шахсни онгли равишда содир қилган жиноятига иқрор бўлишига қаршилик ва провакация қилишга ҳақли эмас. Шунингдек, у қонунлар, ахлоқ-одоб нормаларини бузмаслиги, процесснинг бошқа иштирокчилари шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги керак. Шунингдек, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахсга иш    жараёнининг бошидаёқ ишни унинг фойдасига ҳал қилиб беришни   ваъда бериши ҳуқуқий саводсизликдан бошқа нарса эмас. Адвокат юридик билимга эга бўлиши билан бирга ҳуқуқий жиҳатдан маданиятли бўлмоғи ҳам шартдир.

Ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар, оғзаки ва ёзма маълумотлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича вакилликни амалга ошириш, жиноий ишлар бўйича  дастлабки тергов ва судда иштирок этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш адвокатлик фаолиятининг турлари ҳисобланади. Адвокатлик фаолиятининг принциплари – қонун устуворлиги, адвокатнинг мустақиллиги, адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, қонун ҳужжатларида ман қилинмаган усуллар ва воситаларини қўллашдан иборат.

Адвокат бир томондан жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян манфаатларини ҳимоя қилса, иккинчи тарафдан давлатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Бу ҳолат адвокатура  институтининг дуалистик хусусияти деб эътироф этилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил              1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адвокатлар ассоциацияси негизида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташкил этилди. Мазкур палата Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўз вазифалари ҳамда фаолият йўналишларини амалга оширишини таъминлаш мақсадида ҳудудий бошқармалар ташкил этилди. Адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлик ҳайъати ва юридик маслаҳатхона адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакллари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят ижроия кодексларига ва бошқа қонунларга бир қатор ўзгаришлар киритилди.

Жиноят процессида айблов тарафи ва ҳимоянинг процессуал ҳуқуқлари тенглиги таъминлангани, адвокатга далиллар сифатида фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларни мустақил тўплаш ва тергов органларига тақдим этиш, шунингдек, ишдан кўчирмалар олишда замонавий техника воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилгани, гувоҳнинг адвокати институти жорий этилгани ана шу ўзгаришларнинг бир қисмидир.

Ҳаётда ҳуқуқи бузилган, яъни жабрланган ёхуд ўз ҳуқуқини бузилган деб ҳисоблаган айрим шахслар давлат идораларига аризалар ёзиб, вақту умрини ўтказиб юрганини учратамиз. Ҳар бир давлат идорасининг ўз вазифаси, ўз ваколати борлигини эсдан чиқариб, асоссиз равишда давлату жамиятдан нолиб юрганларни ҳам кўрамиз.

Табиийки, ана шундай вазиятда адвокатга эҳтиёж туғилади. Зеро, адвокат қайси шахснинг манфаатини ҳимоя қилаётган бўлса, ўз ваколатидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга ҳақли эмаслиги қонунларимизда белгилаб қўйилган. Шу сабаб адвокатлар ўзига ишонч билдирган, ўзининг ҳимояси остида бўлган фуқароларнинг умиду ишончига ҳамиша сазовор бўлмоғи, юқори малакали юридик ёрдам кўрсатмоғи керак. Шунда адвокатура  соҳаси ҳуқуқ идоралари тизимидаги ўрнини тобора мустаҳкамлайди, адвокатларнинг жамиятдаги обрў-эътибори янада ошади. Ҳуқуқий билими етарли бўлмаган кишилар қайси эшикка бош суқиб кўришни ўйлаб, ҳалак бўлиш ўрнига тўғри адвокатнинг ҳузурига келади. Бундан эса ҳар икки томон ҳам фақат ютади.

Тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш адвокатлик  фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Мазкур жараён тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шартномалар тузишга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакиллик қилиш ҳамда судда қатнашишда намоён бўлади.

Маълумки, ҳар қандай киши тадбиркорликни бошлашдан олдин соҳага оид қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхши  билиши, фаолиятни йўлга қўйиб  олгандан сўнг ҳуқуқшунос, адвокатлардан юридик ёрдам олиб туриши керак. Акс ҳолда кўплаб тўсиқ ва кўнгилсизликларга дуч келиши мумкин.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил        5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорликка кенг йўл бериш, улар фаолиятига аралашишни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланиши тадбиркорга ҳуқуқий томонлама кўп жиҳатдан тиргак бўлиши мумкин бўлган адвокатларнинг ҳам зиммасига муҳим вазифаларни юклайди. Зеро, адвокат берган тўғри  ҳуқуқий маслаҳат тадбиркорни йўлдан адаштирмайди,  қонун бузилиши ҳолатларидан четда    тутади. Демак, юртимизда қарор топган қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда адвокатларнинг ҳам муносиб ўрни бўлиши  зарур.

Ҳар қандай давлат ва жамиятда қонун устуворлиги ва фуқаролар тотувлигини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишга энг муҳим масала  сифатида қаралади. Адвокатура   институтининг тубдан ислоҳ қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиши баробарида фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини ҳам юксалтириб бормоқда. Зеро, жамият аъзоларининг юксак ҳуқуқий маданияти шу жамиятда ҳуқуқий демократик давлат асоси ва ҳуқуқий тизим мавжудлигидан далолат беради.

Абдишукур ОМОНОВ, ҳуқуқшунос

Report typo