"Толибон" ҳаракати раҳбарияти Афғонистондан хориж қўшинлари тўлиқ олиб чиқиб кетилмагунча ҳеч қандай конференцияларда иштирок этмаслигини эълон қилди.
"Бизнинг ватанимиздан барча хорижий ҳарбий қисмлар тўлиқ таркибда чиқарилмас экан, ҳаракат вакиллари Афғонистон бўйича қарор қабул қилинадиган ҳеч бир конференцияда қатнашмайди", дейилади "Толибон" сиёсий бюроси вакили Муҳаммад Наим Twitter саҳифасида чоп этган эълон матнида.
Ўтаётган ойда Туркияда Афғонистон бўйича учрашув режалаштирилган. Шунга кўра, толиблар ушбу тадбир 16 апрелда ўтказилса, унда иштирок этолмаслиги, ўзларининг бошқа саналарда ташкил этиладиган конференцияларда қатнашиши ҳам савол остидалигини маълум қилган. Бироқ, "Толибон" манбасининг РИА Новостига хабар беришича, улар делегацияси учрашувга кўрсатилган санадан тўрт кун кейин ҳозир бўлиши мумкин.
Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Истанбулда Афғонистон бўйича тинчлик конференциясини ўтказиш апрель ойига режалаштирилганини эълон қилганди. Афғонистон миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ОАВга берган интервьюсида унда кенгаш делегацияси иштирок этиши кўзда тутилаётгани хабарини берганди. Tolo News телеканали "Толибон" ҳаракатининг Қатарда жойлашган сиёсий бюросидаги манбага таяниб хабар беришича, толиблар ҳам конференцияда иштирок этиш учун музокарачилар гуруҳини тайинлаган.
Умуман, кўпгина давлатлар воситачилигидаги Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, қон тўкилишини тўхтатиш, мамлакат расмий ҳукумати ва дала қуролли гуруҳлари музокарага келишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар узоқ йиллардан буён давом этаяпти. Уларда томонлар турли келишувларга эришаяпти, қатор давлатлар бунга кафил бўлаяпти. Лекин, ҳамон мамлакатда афғон халқи кутган ўзгаришлар йўқ, ҳамон улар кутган дориломон кунлар қайтмади.