Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

20.10.2022


Афғонлар учун "эркин, мустақил ва хавфсиз ҳаёт имконияти"

Германия ҳукумати ҳар ойда Афғонистонда таъқиб хавф солаётган мингга яқин одамни мамлакатга олиб келишга ёрдам бериш учун янги дастурни ишга тушираётганини маълум қилди.

Arab News манбасининг ёзишича, дастур хотин-қизлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти туфайли ўз юртида ҳаёти хавф остида қолаётган афғон фуқароларига мўлжалланган. Шунингдек, журналистлар, олимлар, сиёсий фаоллар, судьялар, таълим соҳаси ходимлари ва ўзининг жинси ёки эътиқоди учун таъқиб қилинаётган шахслар ҳам Германияга кўчиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

2021 йилнинг август ойидан буён мамлакат тахминан 26 минг нафар афғонистонликка бошпана тақдим қилган. Уларнинг кўпчилиги аввал, яъни немис қўшинлари Афғонистонда жойлаштирилган вақтларда Германия қуролли кучлари ёки полициясида ишлаган.

Ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг сўзларига кўра, янги гуманитар кўчириш дастури афғон ҳукумати тепасига келган толиблар таъқибига учраётганларга "эркин, мустақил ва хавфсиз ҳаёт имконияти"ни бериш учун ишлаб чиқилган. У дастурни амалга ошириш, жумладан, талабгорларни Афғонистондан Германияга хавфсиз етказиб келиш "улкан вазифа" бўлишини тан олган.

Аввалроқ Bloomberg манбаси Германияда аҳолининг қариши ва пандемия сабаб  малакали ишчи кучи танқислиги юзага келгани ҳақида ёзганди. Балки афғонларни гуманитар кўчириш дастури республикада ана шу муаммони юмшатишга ҳам хизмат қилар. Бинобарин, яқинда ўтказилган сўров кадрлар  танқислиги муаммоси ортидан мамлакатда фаолият кўрсатаётган фирмаларнинг 50 фоизи ишлаб чиқаришини қисқартиришга мажбур бўлганини кўрсатган. Бунинг оқибати эса иқтисодиёт учун 85 миллиард долларга тушиши ҳисоб-китоб қилинган.    

Report typo