Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 7 сентябридан эътиборан мазкур тезюрар поезднинг Шаҳрисабзгача мунтазам қатнови йўлга қўйилгани ўзгаришга сабаб бўлган. Эндиликда ушбу транспорт воситаси Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган. Маълум бўлишича, "Afrosiyob" замонавий электропоезди Тошкентдан Қаршигача бугунги кундаги ҳаракат жадвали бўйича қатновни амалга оширади. Қаршидан Шаҳрисабзга эса поезд соат 11.30 да жўнайди. Бу манзилдан ортга қараб эса 15.43 да қўзғалади.
Хабарда ҳаракат жадвали ҳақидаги қўшимча маълумотларни "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг расмий сайтидан ва жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда ҳудудий темир йўл маълумотхоналаридан олиш мумкинлиги билдирилган.
Таъкидлаш жоиз, тезюрар "Afrosiyob" поезди кўҳна Кешга илк қатновни мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида амалга оширганди. Ўтган қисқа фурсатда "Қарши-Китоб" темир йўл участкасининг электрлаштирилгани шунга кенг шароит ҳозирлаганди. Маълумот учун, ҳозирда "Afrosiyob" Тошкентдан Қаршига 3 соатдан камроқ вақтда етиб келса, Шаҳрисабзгача яна 54 дақиқа вақт сарфлайди.
Жамият расмий сайтида келтирилишича, тезюрар поездда Тошкентдан Шаҳрисабзгача бориш учун чиптанинг бошланғич нархи 174 минг сўмни ташкил этади.
М.ЖЎРАЕВ