Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

14.06.2019


АФВ ЭТИЛГАНЛАР ЖАМИЯТДА ЎЗ ЎРНИНИ ТОПИШЛАРИ УЧУН

Қарши шаҳрида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев афв этилган фуқаролар билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида ҳоким жазодан озод этилган шахслардан бирма-бир қаерга ишга жойлашганлиги, ўзлари ва оиласидагиларнинг кайфияти, рўзғорларидаги камчиликлар ҳақида сўради. Туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарлари афв этилганларни ишга жойлаштириш, саломатликларини тиклаш борасида қилинаётган ишлар хусусида батафсил маълумот беришди. Тузалиш йўлига қатъий ўтган инсонларга ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ташкилотлари раҳбарларига топшириқ берилиб, назоратга олинди. Учрашув давомида шунингдек, давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи фуқароларга ушбу фармоннинг мазмуни ва моҳиятини батафсил  тушунтириб, Президентимиз ва халқимиз томонидан афв этилганларга қилинган ғамхўрлик, меҳр ва эътибор уларнинг ҳаёт йўлларида оғишмай тўғри боришлари учун берилган яна бир имконият эканлигини таъкидладилар.

- Афв этилган фуқароларнинг барчаси марказимизда рўйхатга олиниб, уларнинг ҳар бирига 1 миллион 216 минг 380 сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, - дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма маркази раҳбари Ислом Саломов. - 18 нафарига биометрик паспорт олиб берилди. Шунингдек, ушбу шахсларнинг муаммолари ўрганилиб, "йўл харитаси" тузилди ва фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Биз афв этилган фуқароларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, уларнинг орзу-армонлари, кўнгил кечинмалари билан қизиқдик:

Қаҳрамон РАҲМАТОВ, Китоб тумани Ҳамид Олимжон маҳалласи: -  Тўғри йўлдан адашганлигим сабаб оила аъзоларим бошига қанча-қанча кулфат, ғам-ташвишларни солдим. Турмуш ўртоғим касалманд бўлиб қолди. Қолаверса, фарзандларимнинг никоҳ тўйида ота бўлиб ёнида тура олмаганим қалбимни тирнайди. Қани вақтни ортга қайтаришнинг имкони бўлса-ю, қилган хатоларимни тузата олсам. Аммо бунинг сира иложи йўқ. Берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, юртимга сидқидилдан хизмат қилмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, бизни афв этган, қилган нотўғри ишларимиздан тўғри хулоса чиқаришга, яқинларимиз бағрига қайтишга имкон берганлари учун  Президентимизга, халқимизга  беҳад миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Токи тирикман, бу кунни унутмайман.

Исомиддин ПАРДАЕВ, Яккабоғ тумани Чўмич маҳалласи: - Мен қилган жиноятим учун жазоимни олдим. Юрагимни пушаймонлик, афсус, надомат ўртайверарди. Онамнинг сочларида ҳам мен туфайли оқлар кўпайди. Мен Президентимиздан кечирим сўрайман. Бағрикенглик шу қадар бепоён бўлармикан? Мендай ғофил бандаларга шунчалик ғамхўрлик, мурувват, саховат кўрсатилиши, юрагимдаги эзгуликларни ўстирмоқда. Асли касбим тикувчи. Орзуим кичик бир цех очиб, уни ривожлантириш. Бугунги учрашувда шу таклифимни айтдим. Уни қўллаб-қувватлашди ва менга кредит бериладиган бўлди. Шу касбим ортидан айбимни ювиб, халқимга содиқ фарзанд бўлмоқчиман.

Бахтиёр ЖАМИРОВ, Чироқчи тумани Жарқудуқ қишлоғи: - 2010 йилда чет давлатга ишга кетиб, диний маълумотим етарли бўлмагани учун ўша ерда айрим ғаламис кимсаларнинг тузоғига илиндим. Жазо муддатини ўташ даврида оқу қорани ажратдим, ислом динида ёвузлик, бузғунчилик, кишилар ҳаётига хавф солиш мутлақо қораланишини тушуниб етдим. Қилмишимдан қаттиқ пушаймонман. Гуноҳимни афв этгани учун Президентимизга минг бор ташаккур, энди жиноят кўчасига қайрилиб ҳам қарамайман.

Бахтиёр АЛИҚУЛОВ, Китоб тумани Мустақиллик маҳалласи: -  Панжара ортида ўтказган синовли  дамларда шу нарсани англаб етдимки, бу ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз фикри бўлиши керак экан. Мен каби ким нима деса, ишониб кетавермай, қилаётган ишининг охири қандай якун топишини ўйлаши, бу ҳақида мулоҳаза қилиши лозим экан. Ҳақиқат шуки, инсон озодликнинг буюк ва бебаҳо неъмат эканини айнан тутқинлик даврида  англаб етаркан. Шукр, Президентимизнинг меҳрибонликлари туфайли озодликка чиқдим. Бунинг учун Юртбошимиздан чексиз миннатдорман. Қолаверса, давлатимиз раҳбаридан, меҳрибон халқимдан кечирим сўрайман. Қилмишимдан  чин кўнгилдан пушаймонман. Касбим тикувчи бўлганлиги учун шу ернинг ўзида менга тикув машинаси совға қилишди. Насиб қилса, қолган  умримни  оилам, яқинларим даврасида тинч-осуда ва ҳалол меҳнат қилиб ўтказмоқчиман.

Шунингдек, қамашилик Улуғбек Бобоқулов, Шаҳрисабз туманилик Саидмурод Низомов, ғузорлик Сардор Нормирзаев сингари яна ўнлаб афв этилган фуқаролар ҳам уларни озодликка чиқариб, хонадонларига бахт ва шодлик ато этган Президентимизга ташаккурлар айтдилар, қайтиб хато қилмасликка ваъда бердилар.

Ҳа, ҳаётдаги энг ноёб туйғу қадрдир. Афв этилганларнинг фуқаро сифатида қадрланганидан, кўрсатилаётган ғамхўрлик, мурувватдан кўнгиллари қувончга тўлганлиги чин. Бундан буён улар ҳаёт йўлларида сира адашмаслигига ишониб қоламиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo