Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

05.12.2024


АГАР ГЕНЕРАЛ БЎЛИШНИ ИСТАСАНГИЗ, ШУНГА АРЗИШИНГИЗНИ КЎРСАТИШИНГИЗ КЕРАК

Сараланган сатрлар

Халқимиз тинчликни қадрлайди, ҳар қандай урушларни қоралайди. Чунки урушнинг чинакам даҳшатларини бошдан кечирган, у келтирадиган оқибатларни чуқур тушунади. Бинобарин, Бош қомусимиз ҳам тинчликсевар халқ иродаси ўлароқ ишлаб чиқилган. Жумладан, Конституциямизнинг 152-моддасида Қуролли Кучлар Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида тузилиши қайд этилган бўлса, 153-моддада Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларга эга экани акс этган.

Дунёда урушлар асосий қонунлар орқали чеклаб қўйилган бўлса-да, бюджет асосий харажатларини қуролланиш, ҳарбий тузилмалар учун сарфлаётган, ўзга мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини писанд қилмаётган ҳукуматлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, биргина ўтган асрда юз берган иккита жаҳон муҳорабасидан ҳаммаям хулоса чиқармаган, унинг асрлар бўйи давом этадиган инқирозли оқибатларини ўйлаб кўрмаган.

Қуйида эътиборингизга "Янги аср авлоди" нашриёти томонидан чоп этилган, Американинг  машҳур ёзувчиси Жон Стейнбек қаламига  мансуб "У замонларда уруш бор эди" асаридан айрим лавҳаларни ҳавола этяпмиз. Ушбу китобга муаллифнинг "New York Herald Tribune" газетаси махсус мухбири сифатида 1943 йил июндан декабргача фронтда бўлиб, ёзган қўлёзмалари асосида тартиб берилган.

Ёзувчи қайд этган барча лавҳаларда киноя, кесатиқ ва истеҳзолар орқали урушга қарши нафрат, урушларнинг мантиқсизлиги ва унда ғолиблар бўлмаслиги ҳақидаги ҳақиқат бўй кўрсатиб туради.

Бундай ўйлаб қарасангиз, ҳар қандай қонун, конституция ҳам тинч даврда ишлайди, амал қилади. Уруш ҳеч қандай қоида ва ҳуқуқларни тан олмайди. Жангу жадаллар юз бераркан, ҳеч бир киши бахтли бўлолмайди. Шу маънода тинчлик ғоялари акс этган Конституциямизни бахтимиз қомуси, десак арзийди...

* * *

Эҳтимол айрим фалокатларни унутиш тўғридир, балки жуда зарур ҳамдир, чунки урушларга одам боласи жуда ўч бўлади. Агар улардан тўғри хулоса чиқариб нимадир ўрганганимизда, балки хотираларни унутмай, эслаб юриш тўғри бўлармиди? Аммо биз хулоса чиқармаймиз-да. Қадимги Юнонистонда шундай гап бўлган: "Ҳар бир авлод тинчлик нима эканлигини билиши учун ҳеч бўлмаганда ҳар йигирма йилда бир уруш бўлиши керак". Унутишимиз керак, акс ҳолда бу хунрезликларни бошқа ҳеч қачон содир этолмаслигимиз мумкин.

* * *

Биологик жиҳатдан оладиган бўлсак, шунча йўл қўйилган аҳмоқликлар билан аслида, ҳеч биримиз яшашга ҳақли эмасмиз. Ер юзидаги кўплаб бошқа турлар мутацион жараёндаги хатоликлар сабаб қирилиб кетишган. Қурол-яроғларнинг ҳаддан ортиқ бўлиши, ҳаддан ортиқ ҳашамдорлик ёки кўп ҳолларда ҳаддан ортиқ интеграциялашув қирилиб кетишнинг аломатлари ҳисобланади, деган табиатнинг ўзгармас қонуни биз учун эмас, дейишга асосимиз йўқ. Марк Твен ўзининг "Коннектикутлик янки" асарида мағлубларнинг оғир жасадлари босиб қолиб ҳалок бўлган ғолиблар ҳақида даҳшатли манзарани тасвирлаган.

* * *

Энг ажойиб жанговар маслаҳатни Кападан эшитганман. У қуйидагича эди: "Турган жойингдан жилма. Агар  сенга ўқ тегмаган бўлса, демак, сени кўришмаган".

* * *

Узоқ йиллар мобайнида, ёлғиз қўрқув ичида яшадик, аммо бу яхшиликка олиб бормайди. Унинг шериклари бўлган шафқатсизлик, алдов ва шубҳалар бизнинг зулмат ичидаги ҳаётимизда тобора кенгроқ томир ёзиб бормоқда. Ҳавони атом бомбалари ила заҳарлаш билан бир қаторда, қалбларимизни қўрқув ва даҳшатга тўлдирдик.

* * *

Улар худди тўхтаб қолмаслиги учун ёқилғи қуйиб турилиши керак бўлган моторларга ўхшашади. Уларга эътиборли бўлиш ва ҳар қандай норозиликни бартараф қилиш керак. Аскарларни ҳеч қанақасига шахс деб ҳисоблаб бўлмайди.

* * *

Бизда армияда қўшиқчи бўлинма ёки армияда куйланиши мумкин бўлган ҳеч қандай қўшиқ йўқ. Сохта ҳислар ёки эски хотиралар узоққа бормайди, сабаби, қўшиндагилар бу сохта эканлигини ўз-ўзидан билишади. Ростмана уйни соғиниш ҳиссини, ростмана даҳшат ва урушнинг ростакам ваҳшийлигини ҳали ҳеч ким куйга сололгани йўқ.

* * *

Газетани яхшилаб кўздан кечириб чиқдим. Унда ёзилишича, юртимиздагилар бошқа, биз эса энди мутлақо бошқа жангда иштирок этаётган эканмиз. Улар деярли ғолиб бўлай, деб қолишибди, биз эса энди бошлабмиз. Қани, улар ҳам келиб биз билан бир қаторда жанг қилиб кўришсин-чи. Қурбонлар ҳақида, бу уруш аслида қандай кечаётгани ҳақида ҳам ёзишсин.

* * *

Казармада ҳалокатни олдиндан кўнгил ҳис қилади, деган гаплар юради. Бир куни радио оператори ўрнини йиғиб, ёстиғини юқорига қўйиб қўйибди. Кийимларини тоза пакетга солиб, жавонга қулфлабди. Олдин ҳечам бундай қилмаган экан. Ўша куни жанг майдонида уни отиб ташлашган экан.

* * *

Асабийлик ва баландлик инсонни шундоғам ҳар кўйга солиши мумкин, қандайдир иримлар эмас. Ўттиз минг фут баландликда, инсон боласи чидаши мушкул ҳолатга чидайдиган бўлади учувчининг танаси. Шланг орқали нафас олади, кўзлари ва қулоқлари босим остида ишлайди. Баъзида у ерда бўлмаган нарсалар кўзига кўринади, баъзида эса аксинча, бор нарсани кўрмайди. Бомбардимончилар шундай вазиятда ўз кемаларига ўт очиб юборишган ва, ёки душман самолётини кўрдим, деб ўйлаб, очиқ ҳавога ўқ узишган. Самода сезги органларига ҳар доим ҳам ишониб бўлмайди. Осмон эса хиёнаткор. Снарядлар ёки уларнинг парчалари кемангни парча-парча қилиб юборади.

* * *

Сиёсат ва миллатчилик устун келиши мумкин, лекин қўшиқлар чегараларни бузиб ўтишга қодир.

* * *

Польшаликлар ажойиб халқ. Бу иш уларга тўғри келади. Кичик қайиқлар каналдан сузиб ўтиб, Шарнхорст шаҳрига ҳужум қилишганида, польшалик денгизчи торпедо кемасининг олд қисмига хотиржам ўрнашиб олиб, катта пўлатдан ясалган кемага тўппончасидан ўқ узган экан.

* * *

Жангчилар хавотир остида меҳнат қилишади, хавотир билан жанг майдонига киришади. Душманни тор-мор қилиш урушга якун ясамаслигини ич-ичларидан ҳис қилишади. Уларда душмандан қўрқув йўқ, улар урушдан сўнг нималар содир бўлишини ўйлаб қўрқишади. Қайта таъмирланган заводларнинг вайрон бўлиши, автоматлаштиришнинг ёйилиши натижасида миллионлаб одамларнинг ишсиз қолиши, депрессия.

Улар тўрт амалга ошмаган озодлик (сўз эркинлиги, дин эркинлиги, хоҳиш эркинлиги ва қўрқувдан халос бўлиш) байроғи остида жанг қилишади.

* * *

Мамлакат ўз манфаатини ўйлайдиганлар қўлига ўтадими? Айрим одамларгина бойиб кетиши учун инфляцияга йўл қўйиб бериш керакми? Бу йигитлар ойига атиги эллик доллар маош олган пайтда қолганлар мол-дунё орттириш билан бандми? Қайтгунларича мамлакатларини очкўзлик хароб қиладими? Агар кимдир бу нарсалар тўғри эмаслигига уларни ишонтира олса, кейин улар армияда хотиржам қўшиқ куйлашлари мумкин. Бу армия душманни мағлуб қила олади.

* * *

Газеталар, уйдан келган мактублар шуларга тўла - келишмовчилик, қўрқув, очкўзлик. Аскар бўлганлиги сабаб, у шикоят қилолмайди. Унга шикоят қилиш тақиқланган. Армияда бундай ишлар мумкин эмас. У худбин эмас, бироқ хавотир олади. У бу уруш ниҳоясига етишини ва уйга қайтганларида ватанлари учун қилган ишларнинг самарасини кўришни хоҳлайди... Бироқ агар бироз жамғарма, аниқ услублар кабилар йўлга қўйилмаса, у Анатоль Францнинг эркинлик ҳақидаги гапларига комил ишонч қила бошлайди: "Камбағал ва бойларнинг эркинлик масаласида тенглиги хомхаёлдан бошқа нарса эмас".

* * *

Агар генерал бўлмоқчи бўлсангиз, шунга арзишингизни кўрсатишингиз керак ва бу табиий ҳол. Бироқ урушда ғалаба қозонолмаймиз, деб ўйласангиз, яхшиси оддий аскар лавозимида қолиб, вақтингизни чоғ ўтказганингиз маъқул.

* * *

Уруш бўлиб турган мамлакатда нейтрал бўлишни ёқимли деб бўлмайди.

* * *

Шундай вазиятлар бўладики, урушда энг оғир ҳис қўрқув эмас, ёлғизлик бўлиб қолади.

* * *

Ҳамма ўзича уруш қандай бўлишини ўйлайди, бироқ ҳеч қачон улар ўйлагандек бўлмайди. Урушни тасаввур қилиб кўрганда, ҳаммадан ажралиб қолган, ёлғиз бўлишади. Бу пайтда у ой нурлари остида ёлғиздек, атрофини бегоналар ўраб олгандек. Аммо бундай бўлмайди. Отишма, ҳужум ва босим уни ёнида ўтирганларнинг бир қисмига, ёнидагиларни эса унинг бир қисмига айлантиради.

Бу одамларнинг ҳеч бири ўлдирилиши керак эмас, бироқ ҳаммаси ҳалок бўлиши ҳам мумкин. Аслини олганда, улар аллақачон ўлиб бўлишган. Деярли барчалари хат ёзиб, агар унга нимадир бўлса, уйга юборишлари учун қолдирган.

* * *

Италияликлардан "Булар ҳам фашистми?" деб сўрасангиз, "Агар сен сабаб халқинг оч қолса, демак, сен фашистсан", деган жавоб оласиз. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин, билмадиму, лекин улар бу гапга ишонишади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo