Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

06.12.2019


АГАР СЕН ЎТМИШГА ТЎППОНЧАДАН ЎҚ УЗСАНГ, КЕЛАЖАК СЕНИ ТЎПГА ТУТАДИ

Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси.

Мутолаа учун тавсия

АГАР СЕН ЎТМИШГА ТЎППОНЧАДАН ЎҚ УЗСАНГ, КЕЛАЖАК СЕНИ ТЎПГА ТУТАДИ

Ўзининг бир шеърида "Эрта она тилим йўқолса агар, Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон..." деб ёзган авар халқининг машҳур шоири Расул Ҳамзатов (1923-2003)нинг "Менинг Доғистоним" асари юртпарварлик ва элпарварлик мавзусида ёзилган китоблар орасида муҳим ўрин тутади. Шоир ўз асари орқали Доғистон ва унинг элига бўлган   меҳру муҳаббатини содда, самимий тарзда намоён қилиб берган. Ватани, халқи ва унинг тарихини ғурур ва ифтихор билан сўзлаган.

Китоб "улуғ совет оиласи"ни рад этмаган ҳолда фақат Доғистон, Доғистон қавмлари, уларнинг тили ва урф-одатларини тараннум этиб ёзилган бўлса-да, кўплаб элату миллатлар томонидан эътироф этилган, кўплаб тилларга таржима қилиниб, севиб ўқилмоқда.

Расул Ҳамзатов ўзи мансуб элнинг содиқ фарзанди сифатида бутун ҳаёти, борлиғи, илми, маънавияти ва ижодини халқининг бахту саодати, тинчлиги ва орзу-армонлари билан бир кўрган. Ўзга эл-юртларга ҳасаду нифоқ билан қарамасдан Доғистонини барчасидан афзал билган. Ана шу фазилат бетакрор "Менинг Доғистоним" яралишига асос бўлган. У юртига қарата шундай дейди: "Доғистон - сен менинг онамсан! Мен билан баҳслашмоқчи бўлганлар, шуни ёдда тутинг. Мени хафа қилиш мумкин - барига чидайман. Бироқ менинг Доғистонимга тил теккиза кўрманг".

Асардаги фикрлар гоҳ Абутолиб, гоҳ Сулаймон Сталский ва гоҳ шоирнинг отаси Ҳамзат Цадаса тилидан баён қилинган. Зеро, "Менинг Доғистоним"нинг биринчи китоби ҳам Абутолибнинг "Агар сен ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сени тўпга тутади" деган эпиграфи билан бошланган.

"Доғистон - менинг бешигим, - деб ёзади Расул Ҳамзатов. - Мен шу заминда туғилдим, шу заминда она тилимдаги аллани эшитдим, кейин шу тилда сўзлашни ўргандим ва шу тил томир-томиримгача сингиб кетди. Шу заминда она тилимдаги қўшиқларга қулоқ тутдим ва ўзим ҳам биринчи бор она тилимда қўшиқ куйладим. Шу заминда биринчи бор сув ва нон таъмини туйдим…"

"Менинг Доғистоним"ни ўқиган киши шоир айтмоқчи бўлган фикрни тез англаб, ақлли ва нуроний киши билан суҳбатлашаётгандек бўлади. Асардаги ҳар бир воқеа, эслов ва ҳикматли фикрлар тоза қалб, Доғистон булоқларидан отилиб чиқаётган булоқ сувига ўхшайди: "Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган", "Тўғри, барча доғистонликлар учун Доғистон битта, ягона. Лекин ҳар бир доғистонликнинг қалбида ўз Доғистони бор", "Ўзга мамлакатлар, ўзга халқлар ҳақида ёзган яхши, агар сен ўзлигингни топиб олган бўлсанг", "О, она тилида ўйлаётган ва куйлаётган одамлар! Сизга ҳам ташаккур!".

Шоирнинг оила ва она ҳақидаги фикрларини тингланг: "Оилада севги қанча кучли бўлса, соғлом бола туғилиш эҳтимоли шунча кўп", "Агар беланчаклар узра аллалар айтилмаганда, эҳтимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди", "Тоғликлар ҳақоратли сўзлар ўзларига қаратилган бўлса, улар шундай айтишиб тураверишлари мумкин. Бироқ ҳақоратли сўзлар онасининг ёки опа-синглисининг шаънига тегса борми, қўллар ханжар томон чўзилади", "Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Шунда бирдан онаси сўраб қолди: - Сизлар аварча сўзлашдингларми? - Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча. Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади…"

Расул Ҳамзатов бир умр ҳақиқатни айтиш ва тараннум этиш учун ижод қилган: "Менга шундай ҳақиқат туйғусини бергинки, эгрини эгри дейин, тўғрини тўғри". Негаки, "ёлғон - бу ювинди, ифлослик, шармандалик. Ҳақиқат - бу гўзаллик,  поклик, мусаффолик. Ёлғон - қўрқоқлик, ҳақиқат - мардлик. Ё у томон, ё бу томон бўл, ўртада жой йўқ".

Она Ватан мустақиллиги учун курашган шахслар тўғрисида ёзилган асарлар орасида Шаҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг "Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаётининг тафсилоти" асари алоҳида ўрин тутади. Асар муаллифи ан-Насавий Жалолиддин Мангубердининг шахсий котиби бўлганлиги сабабли  ёзганлари ишончли ва асосий тарихий манба ҳисобланади. Бу асар араб тилида 1241-1249 йилларда ёзилган. Асарда 1218 йилдан 1231 йилгача бўлган воқеалар, Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад ва Жалолиддин Мангуберди фаолияти, Чингизхон босқини даҳшатлари ҳаққоний тасвирланган. 1198-1231 йилларда яшаган Жалолиддин Мангуберди Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги Ануштегинийлардан бўлган ҳукмдоридир.

Насавий Жалолиддин Мангубердини шундай таърифлайди: "Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса жилмайиб қўярди. У адолатсизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди".

Туркий қавмлардан бўлган Ануштегин салжуқий ҳукмдор Маликшоҳ саройида хизмат қилиб, 1077 йилда Хоразмга ноиб этиб тайинланган. Унинг набираси Хоразмшоҳ Отсиз (1127-1156) Хоразмни салжуқийлардан мустақил қилиб олади. Кейин унинг ўғли Эларслон, сўнгра Эларслоннинг ўғли Музаффар Такеш (1172-1200) ҳукмдор бўлди. Такешнинг ўғли Аловуддин Муҳаммад (1200-1220)нинг вориси Жалолиддин Мангубердидир.

Шу ўринда мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валаднинг онаси Маликаи Жаҳон ҳам Хоразмшоҳ Музаффар Такешнинг қизи эканлигини эслаб қўйиш керак.

Мангубердининг онаси Ойчечак туркман канизакларидан бўлган. Айрим тарихчилар Такешнинг хотини Туркон хотун ўғли Аловуддин ҳукмронлиги даврида ўзининг қипчоқ қавмларини қўллаб, ҳокимиятдаги келишмовчиликлар ва хоразмшоҳлар сулоласи барҳам топишига сабабчи бўлган, деб ҳисоблашади.

Жалолиддин комил инсон сифатида тарбия топишига тоғаси Жаҳон Полвон масъул бўлган. Жалолиддин Темур Маликдан ҳарбий билимни ўрганган бўлса, Шайх Нажмиддин Кубродан Кубравия тариқатидан таълим олган. Туркон хотун бир марта Жалолиддинни тахт ворислигидан маҳрум қилишга эришган. Жалолиддиннинг таклифи инобатга олинмай, Туркон хотун ташаббуси билан Аловуддин Муҳаммад қўшинни ўз вилоятларини ҳимоя қилишга юборади ва бу билан қўшин заифлашиб қолади. Аловуддин Муҳаммад ўлимидан олдин ҳукмдорликни Жалолиддинга топширади. Туркон хотун Жалолиддин паноҳида бўлишни истамай "Ойчечакнинг ўғлидан ёрдам сўрагандан кўра Чингизхоннинг хотинларига чўрилик қиламан" деб асир тушади ва қолган умри хору зорликда ўтади.

Шаҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий ўз асарида Синд (Ҳинд) дарёси бўйида бўлган жангни жуда таъсирли ёритган. Кучлар тенг келмагач, Жалолиддин онаси, хотини, бир ўғли ва қизини уларнинг талаби билан душман қўлига тушмасликлари учун дарёга чўктириб юборади. Сўнгра ўзини ҳам сувга отиб, имкон йўқ жойда нариги қирғоққа ўтиб кетади. Жалолиддиннинг иккинчи, саккиз ёшли ўғлини асир олиб Чингизхоннинг олдига олиб келишганда, боланинг юрагини суғуртириб итига ташлайди.

Жалолиддиннинг жангдаги жасоратини кўрган Чингизхон ўғилларига қарата шундай дейди: "Мард отанинг ўғли шундай бўлмоғи лозим! Сув ва оловнинг икки гирдобидан қутулиб, нажот соҳилига етдими, ундан беадад ишлар ва беҳисоб таҳликалар туғилажак".

Жалолиддин Кавказ, Эрон, Ироқ, Миср ва Сурия тарафларга кетиб, қайта қўшин тўплаб жангларни давом эттиради. Унинг Чингизхонга қарши биргаликда жанг қилиш ҳақидаги таклифлари фойда бермайди. Бир пайтлар хоразмшоҳларга бўйсунган айрим амиру ҳокимлар хоинлик йўлига ўтадилар. Жалолиддин Жўжига турмушга чиққан синглиси Холсултоннинг чингизийлар билан ярашиш ҳақидаги хатини ҳам эътиборсиз қолдириб, ўз ғоясига содиқ қолади.

Айрим амалдорларнинг хиёнату сотқинликлари, лоқайдликлар ва йўл қўйилган бир қатор хатолар эвазига Жалолиддин мағлуб бўлади ва Исфаҳон томонларга борганда курдлар томонидан ўлдирилади.

 Жалолиддин Мангуберди ота юрти ва она халқи мустақиллиги,   озодлиги, ўз ғояси ва орзу-мақсадлари учун умр бўйи астойдил курашди. Мардлик ва жасурлик фазилатларини намоён қилди. Мағлуб бўлса-да, инсоният тарихида Чингизхондан кам ном қолдирмади. Нафақат Турон замини, бутун Ер юзида ҳам юрти ва халқининг озодлиги учун Жалолиддин Мангубердидек курашган ҳукмдорлар кам топилади.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

 

 

Report typo