Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • АГАР ЮЗДИН, БАЛКИ МИНГДИН БИРИ БУ ТИЛНИ ЎРГАНИБ СЎЗ АЙТСА ҲАМ ҲАР КИШИ ЭШИТСА БИЛУР

НАСРИДДИН

19.10.2021


АГАР ЮЗДИН, БАЛКИ МИНГДИН БИРИ БУ ТИЛНИ ЎРГАНИБ СЎЗ АЙТСА ҲАМ ҲАР КИШИ ЭШИТСА БИЛУР

 Сараланган сатрлар

Мир Алишер Навоий "Муҳокамат ул-луғатайн" ("Икки тил муҳокамаси") асарини имкониятлари кенг, бой бўлишига қарамай халқ орасида эътиборсиз, қаламкашлар ўртасида писандсиз қараладиган туркий тилнинг нуфузини кўтаришга бағишлайди. Боиси, ўша пайтда давлат ишлари форс тилида юритилар, бадиий, илмий асарлар асосан араб-форсчада битилар, туркийда ҳам китоб ёзиш тугул, расмий доираларда муомала қилиш урфда эмасди. Шундай вазиятда сўз мулкининг султони барчани ҳайрон қолдириб туркий тил нақадар бой эканини кўрсатиб берди.

Навоий ўз фикрларини "туркий тил ундоқ, туркий тил бундоқ" қабилидаги умумий мулоҳазалар билан эмас, аниқ мисоллар билан далиллайди. Ва мутолаа асносида тилимиз имкониятларини англаш баробарида сўз бойлигингиз ҳам ошиб бораётганини биласиз.

* * *

Андоқ маълум бўлурки, турк сортдин тез фаҳмроқ ва баланд идрокроқ ва хилқати софроқ ва покроқ махлуқ бўлубтур ва сорт туркдин тааққул ва илмда дақиқроқ ва камол ва фазл фикратида амийқроқ зуҳур қилибдур ва бу ҳол туркларнинг сидқ ва сафо ва туз ниятидин ва сортларнинг илм ва фунун ва ҳикматидин зоҳир дурур. Ва лекин тилларида камол ва нуқсон ҳайсиятидин фоҳиш тафовутлардурки, алфоз ва иборат вазъ қилурда турк сортқа фойиқ келибдур ва ўз алфозида ишорат, иборатиға мазиятлар кўргузуптурки,  ўз маҳалида иншоолло мазкур бўлғай.

* * *

...турк шуаросиким, форсий тил била рангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар, аммо сорт улусининг арзолидин ашрофиғача ва омисидин донишмандиғача ҳеч қайси турк тили била такаллум қила олмаслар ва такаллум қилғоннинг маънисин ҳам билмаслар. Агар юздин, балки мингдин бири бу тилни ўрганиб сўз айтса ҳам ҳар киши эшитса билур ва анинг сорт эканини фаҳм қилур ва ул мутакаллим ўз тили била ўз расволиғиға ўзи иқрор қилғондекдур.

* * *

Андоқки: қувормоқ ва қуруқшамоқ ва ушармак ва жийжаймоқ ва ўнгдаймок ва чекримак ва дўмсаймоқ ва умунмоқ ва ўсанмоқ ва итирмак ва эгармак ва ўхранмак ва ториқмоқ ва алдамоқ ва арғадамоқ ва ишастмак ва игланмак ва айланмоқ ва эрикмак ва игранмак ва овунмоқ ва қистамоқ ва қийнамоқ ва қўзғалмоқ ва соврулмоқ ва чайқалмоқ ва девдашимоқ ва қийманмоқ ва қизғанмоқ ва никамак ва сийланмоқ ва танламоқ ва қимирдамоқ ва серпмак ва сирмамак ва ганоргамак ва сиғриқмоқ ва сиғинмоқ ва қилимоқ ва ёлинмоқ ва мунгланмоқ ва индамак ва тергамак ва теврамак ва қингғаймоқ ва шиғалдамак ва синграмоқ ва яшқамоқ ва исқармоқ ва кўнгранмак ва сухранмоқ ва сийпамоқ ва қораламоқ ва сурканмак ва куйманмак ва интрамоқ ва тушалмак ва мунғаймоқ ва танчиқамоқ ва танчиқолмоқ ва кўруксамак ва бушурғанмоқ ва бўхсамоқ ва киркинмак ва сукадамак,  бўсмоқ,  бурмак, турмак, томшимоқ, қаҳамоқ, сипқормоқ, чичаркамак, журканмак, ўртанмак, сизғурмоқ, гурпаклашмак, чупрутмоқ, жирғамоқ, бичимоқ, қикзанмоқ, сингурмак, кундалатмак,  қумурмак,  бикирмак, кўнгурламак, кинаркамак, кезармак,  дўптулмоқ,  чидамоқ,  тузмак,  қазғанмоқ, қичиғламоқ,  гантирамак, ядамоқ, қадамоқ, чиқанмоқ,  кўндурмак,  сўндурмак,  суқлатмоқ.

Бу юз лафздурки, ғариб мақосид адосида тайин қилибдурларки, ҳеч қайси учун сорт тилида лафз ясамайдурларки, барчаси муҳтожун илайҳдурки, такаллум чоғида киши анга муҳтож бўлур.

* * *

...турк мундоқ дебдурки,

Байт:

Зоҳид ишқин десаки, қилғай фош,

Йиғламсинуру кўзига келмас ёш.

Ва инграмоқ ва синграмоқким, дард била яшурун оҳиста "иғламоқдур ва ораларида тафовут оз топилур. Туркчада бу матлаъ борким, Байт:

Истасам давр аҳлидин ишқингни пинҳон айламак,

Кечалар гаҳ инграмакдур одатим, гаҳ синграмак.

Форсийда бу мазмунки бўлмағай, шоир не чора қилғай? Ва сиқтамоқким, йиғламоқда муболағадур, турк бу нав адо қилибдурки, Байт:

Ул ойки,  кула-кула қироғлатти мени,

Йиғлатти мени демайки, сиқтатти мени.

Яна бийик ун билаки, иътидолсиз ошуб била йиғлағайлар, ани ўкурмак дерлар ва туркчада ул маънида оу матлаъ борким, Байт:

Ишим тоғ узра ҳаръён ашк селобини сурмакдур.

Фироқ ошубидин ҳардам булут янглиғ ўкурмакдур.

Чун ўкурмак муқобаласида форсий тилда лафз йўқтур, форсийгўй шоир мунингдек ғариб мазмун адосидин маҳрумдур.

* * *

Яна турк алфозида қимсанмоқ ва қизганмоқ икки ғариб лафздурки, анинг адоси бу байтда борки,

Байт:

Узорингни очарға қимсанурмен,

Вале эл кўрмагига қизғанурмен.

Форсийгўй шуаро мундоқ хўб мазмун адосидин маҳжурдурлар: Ошиқ аёғиға тикан кирмакка алар "хор" лафзи била таарруз қилибдурлар. Аммо чукурки муълимроқдур, бу лафзлари йўқтур ва бу туркчада мундоқ адо топибдурким,

Байт:

Чўкурларким, сенинг йўлингда тевралмиш аёғимға,

Чекиб ул кўй гардин сурма тортармен қароғимға.

* * *

Яна турк лафзининг маҳбуб жонибидин ясанмоғи муқобаласида сорт лафзида ороста ва оройиш лафзи бор. Аммо безанмак муқобаласида демайдурлар ва ул ясанмоғнинг муболағасидур ва ани мундоқ деб дурларким,

Байт:

Эрур бас чу ҳусну малоҳат сенга,

Ясанмоқ, безанмак не ҳожат сенга.

Ва хўбларнинг кўз ва қошлари орасинки,  қабоғ дерлар, форсийда бу узвнинг оти йўқтур.

* * *

Яна андоқки, туз лафзики неча маъни ирода қилса бўлур. Бири тузки, ўқ ё найзадек нимани дерлар. Яна - туз ҳамвор даштни дерлар. Яна туз - рост кишини  дерлар. Яна туз - созни тузмакка амр қилмоғни, яна туз - икки киши орасида мувофақат солмоғни (дерлар). Яна туз - бир мажлис асбобини ҳам деса бўлур. Ва кўк лафзин ҳам неча маъни била истиъмол қилурлар. Бири кўк - осмонни дерлар. Яна кўк оҳангдур. Яна кўк теграда кўкламдур. Яна кўк қадоғни ҳам дерлар. Яна кўк сабза ва ўлангни доғи дерлар. Бу навъ алфоз ҳамки, уч маъни ва тўрт маъни ва ортуғроқким,  ирода қилса бўлғай,  кўп борки, форсий алфозда андоқ йўқтур.

* * *

Ва улуқ қардош ва кичик қардошни иккаласин "биродар" дерлар ва турклар улуғни -"оға" ва кичикни "ини" дерлар,  ва алар улуғ, кичик қиз қардошни ҳам "хоҳар" дерлар. Ва булар улуғни - "эгачи" ва кичикни "сингил" дерлар. Ва булар отанинг оға-инисин "опаға" дерлар. Ва онанинг оға-инисин - "тағойи" (дерлар). Ва алар ҳеч қайсиға от таъйин қилмайдурлар ва араб тили била "эм" ва "хол" дерлар ва кўкалтошни туркча тил била дерлар. Ва атка ва энагани ҳам бу тил била айтурлар.

* * *

Ва ов ва қушки, салотин одоб ва русумида ҳар қайси бошқа мутааййин ишитур, икаласин, "шикор" дерлар. Ва овда умдаки кийикдур,  турк анинг эркакин "ҳуна" ва тишисин "қилчоқчи" дер. Яна суйқуннинг ҳам эркакин "буғу" ва тишисин "марал" дер. Сорт оҳу ва гавазндин ўзга нима демас. Ва бир шўру шайнлиғ овки, тўнғуз овидур, анинг ҳам эркагини "қобон", тишисин " мегачин" ва ушоғин "чўрпа" дерлар. Ва сорт барчасин "хук" ва "гуроз" лафзи била айтур.

* * *

Ўзга: той ва гўнан ва дўнан ва тулан ва чирга ва ланга дегунча фасиҳроқлари туркча дерлар ва кўпраги муни ҳам билмаслар.

Ва отнинг иярин агарчи "зин" дерлар,  аммо кўпрак ажзосин, мисли: жибилгир ва ҳано ва тўқум ва жорлиг ва уларчог ва ганжуга ва жилбўр ва қушқун ва қантар ва туфак ва тўқа йўсунлуқ кўпин туркча айтурлар ва қамчини агар "тозёна" дерлар, аммо булдургасин ва чубчургасин туркча айтурлар. Ва жиба ва жавшан ва кўҳа ва қолгандуруқ ва қорбичи ва кечим ва оҳа йўсунлуқ уруш асбобин ҳам турк тили била айтурлар.

* * *

Егулуклардин агарчи қўй мучаларидин баъзиға от қуюптурлар, аммо орқани ва ошуглуг иликни ва ён сўнгакни ва қобурғани ва иликни ва ўрта илик ва бўгузлагуни туркча айтурлар. Ва яна баъзи емаклардин қаймоғ ва қатлама ва буламог ва қурут ва улоба ва манту ва қуймоғ ва уркамочни ҳам туркча айтурлар. Ва қимизни ва сузмани ва бохсумни ва бўзани дағи туркча айтурлар. Яна тутмоч ва умоч ва кумоч ва толгонни ҳам туркча айтурлар. Ва бу навъ жузъиётқа машғуллуқ қилса бағоят кўп топилур.

* * *

Мансабда андоқки, қўрчи, ва сувчи ва хизоначи ва керак-яроғчи ва чавгончи ва найзачи ва шукурчи ва юртчи ва шилончи ва ахтачи йўсунлуғ кўптур.

Ҳунар ва пешада андоқки, қушчи ва борсчи ва қўруқчи ва тамғачи ва жибачи ва йўрғачи ва ҳалвочи ва кемачи ва қўйчи. Андоқки, қуш ҳунарида доғи бу истилоҳ бордур, андоқки,  қозчи ва қувчи ва турначи ва кийикчи ва товушқончики, сорт лафзида йўқтур. Ва алар мазкур бўлғонларнинг кўпин туркча айтурлар.

* * *

Ва ҳунарсиз туркнинг ситам зариф йигитлари осонлиққа бўла форсий алфоз била назм айтурға машғул бўлубтурлар. Ва филҳақиқат агар киши яхши мулоҳаза ва тааммул қилса, чун бу лафзда мунча вусъат ва майдонида мунча фусҳат топилур. Керакким, мунда ҳар навъ сухангузорлиғ ва фасиҳгуфторлиғ ва назмсозлиғ ва фасона пардозлиғ осонроқ бўлғай ва воқиъ осонроқдур.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

Report typo