Қарор ва моҳият
Қуйида сўз борадиган инсон Аҳмад Яссавий авлоди саналади. Ёшлигида Қуръони каримни тўла ёд олиб, қори даражасига етган. 35 ёшида муфтий даражасига кўтарилган.
1899-1900 йилларда Ҳаж сафарида бўлган. Байтуллоҳга Кавказ, Истанбул ва Қоҳира орқали бориб, 8 ойдан ошиқ давом этган сафар унинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатган. Бир неча қишлоқларда ташкил қилинган янги мактаблар учун "Рисолайи асбоби савод", "Рисолайи жуғрофияйи умроний", "Рисолайи жуғрофияйи Русий", "Китобатул атфол", "Амалиёти ислом", "Тарихи ислом" каби китоблар ёзган.
1903-1904 йилларда Москва, Петербургда, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади. Кейинроқ дунё таниш истагида Кавказ, Қрим, Истанбул, Юнонистон, Байрут, Миср Қоҳираси, ортга қайтиб - Истанбулдан темир йўл орқали Болгария, Австрия, Берлиндан Россия, ундан Туркистонга қайтиш маршрутини ўз ичига олган саёҳатда бўлади.
У чоп этган журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалган.
Г.Андреев, А.Самойлович, Б.Пестовский, Заки Валидий Тўғон, А.Пясковский, Ингеборг Балдауф, Темур Хўжа, Хисао Коматсу, Таҳсин Умар каби олимлар унинг шахси ва фаолияти бўйича изланишлар олиб борган.
Қарши шаҳри 1926-1937 йилларда - 11 йил давомида унинг номи билан юритилган.
Файзулла Хўжаев у ҳақда "Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман", деган бўлса, Лазиз Азиззода "Агар Ўзбекистонда Навоий ва Улуғбекдан бошқа учинчи бир кишига ҳайкал қўйиладурғон бўлса, бу унинг ҳайкали бўлғусидир", дея эътироф этган. Вадуд Маҳмуд "Туркистон деган ўлканинг бошлиғи, янгилик даври тарихинда ёруғ бир чироғ эди", дея муносабатини ифода этган бўлса, немис олимаси Ингеборг Балдауф мутафаккирни "Ўрта Осиёдаги барча жадидларни бирлаштиришга интилган йирик намоянда, десак хато қилмаймиз... Унинг қалбини ўртаган энг катта дард - эрк ва маърифат", деган эди.
Гап Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида бораётганини англаб турибсиз, албатта. Яқинда шу зот таваллудига 150 йил тўлади. Бу борада 2024 йил 27 декабрда эълон қилинган Президент қарорида кўплаб эзгу ишлар кўзда тутилганки, барчаси миллатнинг чинакам фарзанди хотирасини абадийлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Жумладан, қарорга мувофиқ, мутафаккир адибнинг "Танланган асарлар" тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китоблар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштирилади ҳамда бугунги кунга қадар яратилган "Маҳмудхўжа Беҳбудий" киносериали ва "Халқ юраги" бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишлари ташкил қилинади.
Бадиий академия марказий кўргазмалар залида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракати намояндалари фаолиятига оид тасвирий санъат асарлари кўргазмаси уюштирилади.
Умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, "Темурбеклар мактаблари" курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида "Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари" мавзусида иншолар танлови ўтказилади.
Барча бўғиндаги таълим муассасалари, кутубхоналар, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва ҳарбий қисмларда таниқли олимлар ва адиблар иштирокида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий учрашувлар, адабиёт ва китобхонлик кечалари ташкил қилинади.
Октябрь ойида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида "Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида тантанали адабий-маърифий хотира кечаси ўтказилади.
Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудуди ободонлаштирилади ҳамда музей экспозицияси бойитилади. Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Маҳмудхўжа Беҳбудий номи берилади ҳамда унга бағишланган ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.
Маълумки, 1875 йилда Самарқандда таваллуд топган Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йилнинг 25 мартида Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли равишда Қарши шаҳрида қатл қилинган.
Президент қарорида айнан вилоят марказидаги кўчалардан бирига аллома номи берилиши ва ёдгорлик бюсти ўрнатилиши борасидаги ташаббуснинг боиси шу - Беҳбудий Қарши шаҳрида мангу ором олмоқда. Аммо қаерда? Бу савол, юз йилдан ошдики, жавобсиз қолаётир.
Аввало, айтиш ўринли, Беҳбудийнинг ўлими хабари Самарқандда бир йил кейин маълум бўлган. Қарши шаҳрига мутафаккир адиб номи берилиши эса советларнинг ўйини - туб илдизлари халққа маълум бўлмаган қатл ҳолатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш, гўё ўзларини алломапарвар қилиб кўрсатиш истагидан келиб чиққан.
Беҳбудий абадий қўним топган манзил борасида таниқли олимлар - Бегали Қосимов, Поён Равшанов, Умид Бекмуҳаммад, ижодкорлар - Самар Нурий, Чори Ҳамро, Шарофат Ашурова изланиш ва ўрганишлар олиб борган.
Таниқли адиба Шарофат Ашурова Беҳбудий Хўжа Абдулазизхон мадрасаси яқинидаги беклик чорбоғида қатл этилиб, шу ернинг ўзида кўмиб, қабри текислаб ташланганини таъкидлаган бўлса, қашқадарёлик зиёлилардан бири Пўлат Хидиров Беҳбудийни қатл қилган жаллод миршаби умрининг сўнгги йилларида савдойи бўлиб қолгани, Беҳбудийни ўз қўли билан ўлдиргани, кейин у ва дўстларининг қабрларини текислаб, устига йўнғичқа уруғи сепгани ҳақида гапириб юрганини эшитган экан.
Маълумотларга кўра, Хўжа Абдулазизхон томонидан 1909 йили қурилган мадрасага Қарши беклигининг чорбоғи туташиб кетган. Маҳмудхўжа Беҳбудий шу чорбоғда сўроқ қилинган, шериклари билан ўзларига қабр қаздирилиб, пинҳона қатл этилган бўлиши ҳам мумкин.
Тарихчи Поён Равшанов эса бошқа фаразни илгари суради: Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўлдирилиши Қарши қўзғолони билан боғлиқ ва 1920 йилнинг 7-10 сентябри оралиғида ғазабга минган оломон томонидан амалга оширилган. Олим 1920 йил сентябрь ойида Қарши шаҳрида совет ҳокимиятини тиклаш учун бўлиб ўтган жанг ҳақида тергов гуруҳи бошлиғи Д.М.Епифанов келтирган сўзларга асосланади. Унда: "Қўзғолон вақтида қатл этилганлар, шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган Эшон шаҳид қабристонига дафн этилади", дейилган.
Аммо афсуски, ўтказилган эксгумация ишлари ва ДНК намуналари назарда тутилган қабр Беҳбудийники эмаслигини кўрсатган.
Нима бўлганда ҳам Беҳбудий шарафига қилинажак ишлар миллат фидойисига ҳурмат-эҳтиром тимсоли ўлароқ эътиборга моликдир. Зеро, буюк аждодларини қадрлайдиган, уларнинг орзу-истакларига монанд улуғ келажак сари қадам ташлайдиган авлод ўз мақсад-муддаосига албатта эриша олади. Бир вақтлар Беҳбудий Қуддуси шарифдаги машҳур Масжид ал-Ақсода саждага бош қўяр экан, Аллоҳ таолога шундай илтижолар қилган экан: "Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер..."
Б.САЙФИЕВ