Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рустам ҚОБИЛОВ, Феруза ИБРАГИМОВА

30.01.2017


АГРАР СОҲАДАГИ ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Ер, сув ва моддий-техника ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш ҳисобига фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини муттасил ошириб боришни кўзда тутадиган, самарадорлик ва рентабеллик ўсишини таъминлаш имконини берувчи моддий-техник базани  мустаҳкамлаш, ер майдонларини мақбуллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Қишлоқда фермер хўжаликларига барча зарур хизматларни кўрсатадиган замонавий инфратузилма шакллантирилди.

Ана шундай қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилгани, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун зарур имкониятлар яратилгани боис ҳозирги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи улар ҳиссасига тўғри келмоқда. Фермерлар қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи етакчи кучга айланиб, аграр соҳа ва у билан боғлиқ бошқа тармоқлар, хусусан, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 1998 йилда мамлакатимизда деҳқон ва фермер хўжаликлари сони 20 мингтани ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунда улар сони 160 мингдан ошган. Уларга ажратилган жами ер майдони 5,8 миллион гектардан ортиқни ташкил этмоқда. Фермер хўжаликларида 1 миллион 400 минг нафардан ортиқ киши иш билан банд этилган.

Маълумотларга қараганда, агар 1990 йилда республика аҳолиси эҳтиёжи учун зарур бўлган ғалланинг 82 фоизи, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 50 фоиздан кўпроғи, сут ва сут маҳсулотларининг 60 фоизи, картошканинг эса 50 фоизи четдан келтирилган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон ана шу маҳсулотларни экспорт қилувчи давлатга айланди. Хусусан, истиқлол йилларида ғалла етиштириш ҳажми 1 миллион тоннадан 8 миллион тоннага ошди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин  ортди. Айни пайтда, республикамизда аҳоли жон бошига қарийб 300 килограммдан сабзавот, 75 килограммдан картошка ва 44 килограммдан узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир.

Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрда эълон қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Энди фермерлар қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларнинг ўзида, ортиқча нобудгарчиликка йўл қўймаган ҳолда қайта ишлаш, қадоқлаш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаб, уларни ички ва ташқи бозорга чиқариш ҳамда янги иш жойлари яратиш ҳақида кўпроқ бош қотираяпти.

Бугун Қашқадарёда ҳам ана шундай фермерлар кўп. Улар пахта, ғалла, сабзавот, мева ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни қайта ишлаш, сотиш ва тайёр маҳсулотларни жойлардаги савдо дўконлари орқали аҳолига етказиб бериш билан кенг  шуғулланмоқда.

Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йил 12-16 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмарка якунларига кўра мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 та шартнома имзоланди. Ярмаркада Қашқадарё вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, хорижий ҳамкорлар билан қатор манфаатли келишувларга эришишгани аҳамиятли. Буларнинг барчасини бир сўз билан юртимизда аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси дейиш мумкин.

Рустам ҚОБИЛОВ, Феруза ИБРАГИМОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари

Report typo