Хабарингиз бор, 10 августда бошланган мактаб ярмаркалари 10 сентябргача давом этади. Маълумотларга кўра, бу йил вилоятимизда мактаб ярмаркалари савдо марказлари, бозорлар каби аҳоли гавжум жойларда ҳамда 125 та мактаб қошида ташкил этилди. Асосий мақсад битта: ҳамма мутасаддилар – ҳокимликлар, халқ таълими, солиқ идораси, алоқадор ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар бирлашиб, шу бир ойда сифатли ўқув қуролларини, мактаб формаларини аҳолига етказиб бериши керак. Албатта, текинга эмас, бироқ арзон нархларда бўлиши лозим. Қолганига танлов имконияти юқорилиги (26 турдаги ўқув қуроллари бўлиши шарт!) ҳам таъминланиши даркор. Сумкани бир жойдан олиб, қаламни бошқа ердан қидириб юрмайсиз-ку. Хуллас, ярмаркадан кўзланган ягона муддао аҳолига қулайлик яратишга қаратилган (бўлиши керак).
Хўш, мактаб ярмаркалари аҳоли учун қай даражада қулайлик яратмоқда? Ўқув қуроллари ва мактаб формалари сифатидан, энг асосийси, уларнинг нархидан ота-оналар розими?
Мазкур саволга жавобни Қарши шаҳридаги ярмаркалардан излаб кўрдик.
Дастлабки манзил аҳоли гавжум жойлардан бири – “Орзу” бозорида ташкил қилинган мактаб ярмаркаси бўлди.
- Мана дафтар, “оптом” олсангиз, беш юздан қилиб бераман, - дейди сотувчи йигит қўлида 12 варақли дафтарни тутганча.
Қизиғи, ярмаркага дахли йўқ бошқа бир дўконда худди шундай дафтар 400 сўмдан сотилаётганди. Ярмаркада 100 сўм қиммат. Бунинг сабабига қизиқдим.
- Ҳа энди, ярмарка деб... Биз ҳам текинга олмаймиз-ку. Шу дўконлардан олиб, бир-икки сўм қўйиб сотамиз-да, - норози оҳангда гап қотди сотувчи йигит.
Буёғи қизиқ бўлди-ку. Қаранг, ярмаркада бозордаги дўкондан маҳсулот олиб, устига нарх қўйиб сотармиш.
Унда Халқ таълими вазирлиги томонидан айтилган “Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ” компанияси етказиб беради”, деган гаплар қаерда қолди? Ё бу гаплар ҳам шунчаки, ўз йўлига эдими? Эси бор қайси одам бошқа ерда арзони турганда ярмаркадан қимматига олиши мумкин?
Ёки оддий кундалик дафтарини олиб кўрайлик. Бир хил дафтарнинг нархи ҳар жойда ҳар хил экани кишини таажжублантиради. “Шарқ зиёкори” савдо шохобчаси ёнида 15 минг сўмдан сотилаётган кундалик “Орзу” бозорида 20 минг, аҳоли “янги бозор” деб атайдиган “Марказий буюм савдо комплекси” ва “эски бозор”да 25 минг сўмдан турибди. Бир маҳсулот устига 10 минг сўм “миндириш” қанчалик инсофдан?! Яна ярмаркада.
Шу ўринда бир савол туғилади: буни кимдир назорат қиладими-йўқми?
Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 23 июлдаги фармойишига кўра, вилоят марказида ярмаркалар ўтадиган манзиллар ва масъуллар белгиланган. Унга кўра, шаҳар ҳокимлиги ва давлат солиқ инспекциясидан бириктирилган масъул мактаб бозори ташкил этиладиган савдо нуқталарининг тўлов терминаллари билан жиҳозланиши, санитария-гигиена нормаларига риоя этилиши, сотиладиган маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилганига эътибор қаратиши керак. Нархлар сунъий ошмаслиги, маҳсулотларнинг кенг ассортиментини таъминлашга ҳам улар жавобгар.
Маълум бўлишича, “янги бозор”даги мактаб ярмаркасига Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходими Шоҳрух Ҳақбердиев масъул этиб биркитилган экан. У билан боғланиб, олган жавобимиз бояги ярмаркалардан олинган “ҳайрат”дан-да ошиб тушди:
- Ҳа, ярмаркани назорат қилиб турибман. Маҳсулотлар бошқа жойлардан бир-икки сўм арзонига сотилаяпти.
Агар солиқ идораси ходимининг “назорати” билан шундай “ўйин” бўлса, қолганини билмадик.
“Қарши савдо мажмуаси”, яъни халқ тилидаги “эски бозор”да эса мавжуд ҳолат эскича: бу ердаги сотувчиларнинг олибсотар эканини билиш қийин эмас.
- Ярмаркадан қизимга мактаб сумкаси сотиб олмоқчи эдим, - дейди қаршилик Сарвар Абдиев. – Бизга ёққан сумка ярмаркада 95 минг сўм экан. Яна нақд пулга. Терминалнинг қоғози тугабди. Сал наридаги дўконда худди шундай сумка 80 мингга сотилаяпти. Ярмарка экан деб одамларнинг “кўзини ўйиш” керакми? Шошиб олиб қўймаганимга хурсанд бўлдим.
“Яшил бозор” савдо маркази, Каманди маҳалласидаги 27-, Шайхали шаҳарчасидаги 17-, Гунгон маҳалласидаги 45-мактаблардаги мактаб бозорлари ҳам мақтагулик эмас. Чунки кичик раста ажратилиб, кам сонли китоб-дафтар қўйилгани бу ҳали ярмарка ташкил қилинди, дегани эмас.
- Ярмаркадаги аҳволни билганим учун доим бозордан болаларимга керакли нарсаларни харид қиламан, - дейди педагог Назира Ҳимматова. – Чунки мактаб ярмакасидан хоҳлаганингизни ололмайсиз. Танлаш имкони кам. Нархи ҳам қиммат.
Арабхона маҳалласидаги 37-мактабда ҳам ярмарка бор. Бироқ маҳалладаги аксарият ота-оналар янги ўқув йили олдидан бу ерга келмаяпти ҳисоб.
- Мактабда ярмарка ташкил қилинганидан хурсанд бўлдик, - дейди уй бекаси Гулжамол Бобоева. – Болаларимга сумка, қалам, расм дафтар, кундалик дафтар ва бошқа энг зарурларини сотиб олмоқчи эдик. Лекин бу ерда бизга керакли ҳамма нарса топилмади. Барибир бозордан оладиган бўлдик.
Яна шаҳар ҳокимининг фармойишига назар ташлаймиз. Арабхона ҳудудидаги ярмаркага шаҳар ҳокимлиги вакили Анвар Эшмуродов масъул этиб бириктирилган.
- Хабарим йўқ. Ким мени масъул қилибди? – деди Анвар Эшмуродов. – Ярмарка? Китоб, дафтарлар сотиладиган жойми? Қарор кеча ё бугун чиққандир-да, хабарим йўқ. Бир қарай-чи?..
Бу гапларни эшитаркансан, шаҳар ҳокими тўғри келган одамни масъул этиб тайинлайвераркан-да, деган хаёлга борасан. Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: ё фармойиш номига чиқарилган, ё масъуллар масъулиятсиз.
Худди шундай, мазкур масалага асосий жавобгарлардан бири, вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Ориф Умиров ҳам мактаб ярмаркаларидаги айни ҳолат борасида етарли тасаввурга эга эмас.
- Тўғриси, ҳали жойларга чиқолганим йўқ, - дейди у. – Энди бораман. “Гороно”дан масъул бириктирганман. У билан гаплашиб, вазиятни билишим керак.
Ярмарка бошланганидан икки ҳафта ўтиб, ўз иши ёдига тушган масъулнинг “ғайрати”га тан бермай илож йўқ. Агар биз суриштирмасак, юравераркан-да ёдига келмай.
Тўғри, ҳа энди, ярмаркада кимдир 100-200 сўмга қимматига сотгани билан осмон узилиб тушармиди, деган фикр бўлиши ҳам мумкин. Шошманг, аввало, унинг ярмарка эканини унутманг. Кейин устига 100 сўм “миндирилган” мингта маҳсулотни чўтланг. Оз эмас, нақ 100 минг сўм бўлади. Президент совғасини оладиган 1-синф ўқувчиларини чегириб, янги ўқув йилига борадиган 300 минг бола учун ана шундай ортиқча 100 сўмдан сарфланса, 30 миллион сўм бўлади. Шунча пул ярмаркани ниқоб қилиб олган инсофсиз сотувчининг чўнтагига нега кириши керак? Аҳолининг бошқа камига ишлатилгани яхши эмасми?
Ўрганишларимиз бир болага янги ўқув йили олдидан кийим, ўқув қуроллари олиб бериш учун 350-400 минг сўм атрофида харажат кетишини кўрсатди. Бордию бозорлик ярмаркадан қилинадиган бўлса, бу сумма устига қўшимча 100-150 минг сўм “миниши” табиий. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай. Агар 300 минг боланинг ҳар бири учун ортиқча 100 минг сўмдан харажат қилинадиган бўлса, 30 миллиард сўм маблағ “ярмаркачи”ларнинг чўнтагига йўқ жойдан кириб қолаётгани ойдинлашади. Ярмаркадан савдо қилиш, қизиқчи айтганидай, “мунда-а-ай ўйлаб қараса, невыгодно экан...”
“Э, бундай ярмарканинг боридан йўғи...” деб юборади-да одам.
Сўзимиз охирида бир қатор саволлар очиқ қолмоқда:
бундай ярмаркалар кимга керак?
Масъул этиб бириктирилганлар қачон “уйғонади”?
Вилоят марказидаги аҳвол бу бўлганидан кейин чекка ҳудудлардан нима кутса бўлади?
“Ярмаркада маҳсулотлар арзон, сифатли бўлади” деган гаплар ҳақиқатга айланадими-йўқми?
С.АЛЛАЁРОВА