Қарши шаҳрилик Дилрабо Никбоева ҳам ўз уйи бўлишини йиллар давомида орзу қилар, боиси шу кунга қадар 2 нафар фарзанди билан ижарада яшаб юрарди. Ёлғиз она бўлса, бунинг устига фарзандининг бири ногирон. Табиийки, рўзғордан орттириб уй-жой қуришнинг уддасидан чиқолмасди.
Президентимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ногиронлар ва имконияти чекланганларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар Дилрабонинг ҳам жонига ора кирди. Ниҳоят, унинг ҳам орзулари ушалди. Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида унга янги уйнинг калити топширилди.
- Бугунги қувончимни сўз билан ифодалай олмайман, – дейди Дилрабо Никбоева. – уйимиз шинам, ҳамма қулайликларга эга. Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми. Бунинг учун энг аввало биз каби кўнгли ўксикларни қўллаб-қувватлаётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу хайрли ташаббусни эзгулик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси дейиш мумкин. Унга кўра, ўз уйига эга бўлмаган, ночор аҳволда қолган, ногиронлиги бор юртдошларимизга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида уйлар ажратилиб, бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилмоқда. Шу асосда жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда уй-жойга муҳтож 250 нафар хотин-қизнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Уларнинг 126 нафари шу кунга қадар ўз уйларига эга бўлган бўлса, 124 нафари эса йил охирига қадар уй-жой билан таъминланади.
- Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, жорий йилдан бошлаб ҳар бир тумандан ҳар йили муҳтож хотин-қизларга 6-10 та арзон уй-жойлар ажратилади, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафоева. - Бу уйларни молиялаштириш 25 фоизи (бошланғич бадал) хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағи, 75 фоизи тижорат банклари имтиёзли кредитлари ҳисобидан амалга оширилади. Агар уй-жойга муҳтож талабгорнинг кредитни қоплаш имконияти бўлмаса, олинган кредит маблағлари у ишлаётган ташкилот касаба уюшмаси ёки “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Қарши шаҳридаги Шайхали маҳалласи ҳудудида жойлашган уйга кўчиб кираётган 72 нафар хотин-қизга бошланғич бадал шу асосда тўлаб берилди.
Қарши шаҳрилик Нодира Норбоеванинг турмуш ўртоғи ва бир нафар фарзанди бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. Ночор аҳволда қолган Нодира қолган икки боласи билан онасининг уйида сиғинди бўлишга мажбур бўлди. Сабаби, бу ерда яна уч оила тиқилиб яшаб келаётган эди. Аҳамиятлиси, байрам олди янги уйга эга бўлганлар орасида Нодира Норбоева ҳам бор. Унинг аҳволи ўрганиб чиқилиб, уйнинг бошланғич бадал пули тўлаб берилди. Мебеллар, ошхона жиҳозлари ва маиший техникалар совға қилинди.
Тақдирнинг аччиқ қисмати Ситора Давроновани ҳам четлаб ўтмади. У ногирон турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан уйсизликдан қийналган, қайнотасининг уйида 3 хўжалик сиқилишиб яшаб келаётган эди. Янги хонадон бу оила ҳаётида қандай бурилиш ясаганини тасаввур этаётган бўлсангиз керак.
Зуҳра Ҳайдарова кўриш бахтидан бебаҳра бўлса-да, юксак эътибор ва ғамхўрликни қалб кўзи билан теран кўриб-англаб турибди. Ёлғиз она кўзи ожиз ҳолатида икки фарзанди билан ижарама-ижара юриб, қийналиб кетган эди. Бу оиланинг ҳам неча йиллик орзу-армонлари яқинда ушалди. Давлатимиз бошланғич бадал пулини тўлаб берган уй энди уларнинг ўз уйи, ўлан тўшаги.
Яна бир мисол. Ўтган йилда ногирон хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз топшириғига асосан меҳнат қилиш имконияти бўлган хотин-қизларга “Пахтасаноат” уюшмаси ҳудудий бўлимлари томонидан замонавий тикув машиналари берилган эди. Эндиликда тикув машиналари эгалари “Пахтасаноат” уюшмаси ҳудудий филиаллари билан тузилган шартнома асосида пахта териш учун этаклар, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча, махсус иш кийимлари ва соҳада зарур бошқа маҳсулотлар етказиб бераяпти. Уларнинг иш ҳақи олдиндан тўлаб берилаётир. Ўн мингдан ортиқ этак тиккан тикувчиларга арзон уйлардан сотиб олишлари учун етадиган бадал пули пластик карточкаларига ўтказиб берилди.
2018 йилнинг 6 ойи давомида вилоятимиздаги 22 та йирик корхона ва ташкилотлар томонидан 170 нафардан ортиқ ногирон ҳамда меҳнатга лаёқати чекланган хотин-қизлар билан меҳнат шартномаси асосида касаначилик иш ўринлари яратилди. Шу кунга қадар уларга 246 миллион 750 минг 394 сўмлик иш ҳақи тўлаб берилди. Бу имконият ногиронлар учун даромад манбаларини шакллантириш ва фойдали иш билан машғул бўлиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим аҳамият касб этади.
- Бир-бирига далда бўлиш, оғир кунида ёнида туришнинг ҳикмати катта, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари-ижрочи директор Нурали Маҳматов. – Халқимизнинг бу эзгу фазилати давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда. Ўтган йили ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни маиший техника билан таъминлаш анъанаси йўлга қўйилганди. Бу йил эса бу иш янада кенгайди. Ҳар бир тумандан 70 тадан оилага замонавий газ плиталари, газ баллонлари ва маиший техникалар берилди. Бу аҳоли турмуш даражасини оширишда навбатдаги муҳим қадамдир.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бундай тоифадаги фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилдики, бу пировардида айни йўналишда салмоқли ўзгаришларга замин яратди. Қарорга кўра, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда.
Янги уйлар қувончидан масрур инсонларнинг самимий суҳбатлари бир ҳақиқатдан далолат беради: бу муқаддас Ватанда инсон қадри барча нарсадан устун.
Шоҳиста БОЗОРОВА