Мутолаа учун тавсия
Халқимиз тарихига оид маълумотлар орасида Файзулла Хўжаев (1896-1938)нинг "Бухоро инқилобининг тарихига материаллар" асари, "БХСРдаги иқтисодий аҳвол", "Ёш бухороликлар тўғрисида", "Жадидлар", "Босмачилик" каби мақолалари муҳим ўрин тутади. Бухоронинг ўзига тўқ оилаларидан бирида вояга етган Файзулла Хўжаев ўз замонасининг зиёли инсонларидан бўлиб, даврнинг мураккаблигига қарамасдан ҳаёти ва фаолиятини халқнинг тўқ ва фаровон яшаши, илмли ва маърифатли бўлиши ҳамда юртнинг Россия ва Ғарб мамлакатларидан ортда қолмаслигига қаратган. 1907-1912 йилларда Москвада таҳсил олган. "Ёш бухороликлар" партиясининг раҳбарларидан бири. У 1925-1937 йилларда Ўзбекистон Халқ нозирлари кенгаши раиси лавозимида ишлаб, 1938 йилда "халқ душмани" сифатида отиб ташланган. Бир халқ, бир миллат ва бир дин аҳлининг бир-бирини "халқ душмани"га чиқариши оқибатида шу каби кўплаб асл зиёлиларимиздан маҳрум бўлганмиз.
Файзулла Хўжаев дастлаб юртимиздаги иқтисодий қолоқлик, ижтимоий ночорлик ва замонавий илмга нажотни четдан кутган. Советлар тузумига катта умид ва ишонч билан қараган бўлса-да, кейинчалик бу орзу-умидлари мустамлака шароитида амалга ошмаслигини англаб етган. У ер-сув ислоҳоти, яъни деҳқону чорвадорларнинг ердан маҳрум бўлиб қолишларига эътироз билдирган. Туркистонда миллий чегараланиш ўтказилиши тарафдори бўлмаган. Қатағонга учраган зиёлиларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Ислом динига содиқ бўлган.
Файзулла Хўжаевнинг "Бухоро инқилобининг тарихига материаллар" номли асари 1926 йилда чоп этилган бўлиб, унда Бухоро амирлигининг XIX аср охири ва XX аср бошларидаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳволи, жадидчилик ва ёш бухороликларга оид масалалар акс эттирилган. Адиб бу асари учун компартия таъқибига учраган. У жадидчилик ҳаракатига илк бор баҳо берган. Асарда жадидчиликнинг ривожланиш босқичлари ва бошқа мамлакатлардаги озодлик курашлари билан алоқаси кўрсатиб берилган. Унинг эътирофича, жадидчилик ҳаракати миллий тараққиёт ҳаракатига айланган.
Асарда таъкидланишича, жадидчилик ҳаракати бошланганда улар қон тўкишларсиз, аста-секин ва босқичма-босқич ўтказиладиган инқилоблар тарафдори бўлишган. Мулкдорлар жадидчилик ҳаракатидан узоқлашиб борган. Жадидчилик заифлашгач, ёш бухороликлар ташаббусни ўз қўлларига олган. Файзулла Хўжаев ёш бухороликлар партияси ва жадидчиликни бир жараённинг ажралмас босқичи ҳисоблаган.
Арбоб ўз асарида Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Фитратни катта ҳурмат билан эслаган. Садриддин Айнийнинг жадидчилик ҳақидаги фикрларига изоҳ берган. Диний уламоларнинг жамиятда тутган ўрни, улар асосан амиру амалдорлар ҳимоясида туришини кўрсатиб ўтган. Бухоро амирлигининг сўнгги кунлари ва октябрь инқилоби арафасида амирликда бўлган воқеалар ҳақида фикр юритган.
Асарда шундай фикрлар учрайди: "Ғарб ва чор Россияси билан солиштириб қараганда маъюб бир муҳофазакерлик - эскиликдан иборат эди", "Бухоро сайлаб қўйиладургон ҳеч қандай идорани билмас эди", "Халққа дунёвий илм олишга имконият беришни - ўзларига қаршиларни тайёрлаш деб билдилар", "Бойлари ҳам умум халққа ўхшаб қора ва чала совод эди", "Барча йўл-ўриқлар халқнинг хабарисиз саройдан берилади", "Амирлар уруғ ва қабилаларнинг улуғларидан ўзларига содиқ хизматкорлар тайёрлаб, овом халқни шулар орқали бошқарар эди", "Катта бир мамлакат худди амирнинг уй-рўзғоридек идора қилинади".
1997-2006 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби бўлиб ишлаган Кофи Аннан (1938-2018)нинг 2001 йил Нобель мукофотини олиш маросимидаги нутқи диққатга сазовор. Кофи Аннан ўз нутқида инсониятнинг XX асрда босиб ўтган йўли ва бугунги кундаги долзарб масалалар хусусида фикр юритган. Унинг тинчлик, инсонпарварлик, ғамхўрлик ва меҳр-оқибат борасидаги айрим мулоҳазаларини шарҳламасдан қисқартирилган ҳолда ўқиш учун тавсия қиламиз: "Бугун дунёда бойлар ва қашшоқлар ўртасидаги тафовут ҳаддан зиёд ошиб кетганини билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бугун ҳеч ким мазкур тафовут камбағал ва қашшоқларга қандай таъсир қилаётганини билмайман деб айтолмайди. Ахир улар ҳам сизу биз каби одам, одамдай овқатланишга, ҳур, бехатар яшашга, асосий эркинликларга эга бўлишга, таълим олишга ҳақли. Лекин бундай бўлинишнинг таъсири уларнинг ўзигагина сезилаётгани йўқ. Афсуски, бу таъсирни Шимол ва Жануб, бойлар ва қашшоқлар, барча ирқ ва динлардаги эркаклар ва аёллар - ҳаммамиз ҳис қилмоқдамиз.
Бугун давлатлар ўртасида эмас, балки кучлилар ва ожизлар, эркин ва кишанланган кишилар, имтиёзлилар ва камситилганлар ўртасида ҳақиқий чегаралар ястаниб ётибди. Биз учинчи мингйилликка оловли дарвозадан кириб келдик. Агар бугун, 11 сентябрь даҳшатларидан сўнг, кўзимизни каттароқ очиб узоқ-узоқларга назар солсак, инсоният эт билан тирноқ каби ажралмас эканини кўрамиз. Янги таҳдидлар ирқ, миллат ёки минтақа танламай, ҳаммага бирдай хавф солаяпти. Бой ё камбағаллигидан, мавқеидан қатъи назар ҳар бир киши кўнглини ҳаловат тарк этганини ҳис қилмоқда. Қайғуда ҳам, шодликда ҳам бизни бир хил ришталар боғлаб туришини ҳозир ёшу қари чуқурроқ англаётир.
Тинчлик ҳақиқий бўлиши, эҳтиёжманд ҳар бир киши уни ҳар куни ҳис қилиб яшаши лозим. Тинчликка энг аввало, шунинг учун интилиш керакки, у ҳар бир инсон яхши ва хотиржам турмуш кечиришининг биринчи шарти ҳисобланади. Ўтган аср бизга аччиқ сабоқ бериб кетди: қаерда инсон қадр-қиммати топталса ёки хавф остида қолса - фуқаролар асосий ҳуқуқларидан бўлмиш ўз ҳукуматини сайлаш ёки уни мунтазам алмаштириб туриш ҳуқуқидан маҳрум бўлса - тез-тез можаролар юз бериб турар экан, бундан эса тинч ҳаёти бирдан издан чиқиб кетган, атрофидаги ҳамма нарса вайронгарчилик гирдобида қолган мутлақо айбсиз аҳоли жабр кўрар экан.
Фақат қашшоқликдан қутулган дунёдагина барча эркаклар ва аёллар ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара олади. Фақат инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жойдагина келишмовчиликлар сиёсий усуллар билан, осойишта ҳал қилинади. Фақат хилма-хиллик ва мулоқот ҳурмат билан қўлланадиган демократик муҳитдагина ўз-ўзини бошқаришни, инсоннинг ўзлигини намоён қилишини таъминлаш, шунингдек бирлашиш эркинлигини кафолатлаш мумкин. Демократия йўлига қўйилаётган тўсиқларнинг маданият ёки динга алоқаси йўқ, аммо улар кўп жиҳатдан ҳокимиятни нима қилиб бўлса ҳам ўз қўлида сақлаб қолишга интилувчи маъмурларнинг истакларига мос келади.
Ҳар биримиз ўз динимиз ёки ўз миллий меросимиз билан фахрланиш ҳуқуқига эгамиз. Бироқ "бизники" албатта "уларники"га зид деган тушунча хато ва айни пайтда хавфли тушунчадир. У чексиз адоват ва ҳад-ҳисобсиз ихтилофларни келтириб чиқарди, шунинг оқибатида одамлар жуда оғир жиноятларни содир этди. Бизнинг кенг кўламли мурод-мақсадларимиз - қашшоқликка қарши кураш, низоларнинг олдини олиш ёки касалликларга барҳам бериш - сизга пуч ёки эришиб бўлмас орзу-умидлардай туюлмайди. Аксинча, бу мақсадлар асосли ва бемалол эришса бўладиган орзу-умидлардай туюлади. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки эҳтиёжманд одамларнинг тақдири давлатлар ва миллатлар, ғоялар ва тилларнинг соясида қолиб кетган. Ушбу эҳтиёжларни қондириш олдимиздаги юз йилликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шарафли вазифаси бўлиб қолади".
Ўтган аср ҳаёти акс этган, тарихимизга оид асарлар ичида 1911-1921 йилларда Бухоро амирлиги ҳукмдори бўлган Амир Саййид Олимхон (1881-1944) қаламига мансуб "Бухоро халқининг ҳасрати тарихи" асари ўзига хос ўринга эга. Асарда Саййид Олимхоннинг Россия давлатида ўқиган, Насаф ва Кармана вилоятларида ҳокимлик қилган ҳамда амирлик қилган вақтлар, Бухоронинг босиб олиниши ва унинг мусофирликда ўтган йиллари ёритилган. Мазкур асар юртимиз тарихига оид бошқа манбалар билан таққослаб ўқилса, кўп масалаларга аниқлик киритилади.
Асарда айтилишича, ўша вақтларда Бухоро амирлиги 28 бекликка бўлиниб, ҳудуди 225 минг квадрат километр, 6 миллиондан ошиқ аҳолиси бўлган. Аҳолиси ўзбеклар, туркманлар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, араблар ва яҳудийлардан таркиб топган. Амир Олимхон манғитлар сулоласига мансуб бўлиб, бу сулола 1783-1920 йилларда Бухоро мамлакатида ҳукмронлик қилган. Сулолага Эрон шоҳи Нодиршоҳ қувватлаган Муҳаммад Ҳакимбейнинг ўғли Муҳаммад Раҳим асос солган.
Амир Олимхон Петербургда таҳсил олиб қайтгач Насаф ва Кармана вилоятида ҳукмронлик қилиб, отаси Амир Абдулаҳадхон вафотидан кейин Бухоро амири бўлади. Унинг эътироф этишича, ҳозирги Қарши шаҳри яқинидаги Қашқадарё дарёси устидан ўтувчи кўприк Абдулаҳадхон топшириғи билан қурилган. Мамлакат тинчлиги, ободонлаштириш, мадрасалар қуриш ва илм-фанни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Чор Россияси билан муносабатлар большевиклар ҳокимият тепасига келгач бузилганлиги кўрсатиб ўтилган.
Асарда Амир Олимхон большевикларга қарши курашда Англия ва Афғонистон давлатининг мададидан умидвор бўлгани айтилади. Англия Россиянинг Ҳиндистонга таъсири кучайиб кетишидан хавотирда бўлади. Амир Олимхон Туркия давлатининг мақсадлари, Анвар пошшо ва Иброҳимбек каби тарихий шахсларнинг фаолияти ҳақида ҳам муҳим маълумотларни баён этган. Бухоро жадидлари, ёш бухороликлар ва уларнинг большевиклар билан алоқаси борасида шахсий қарашларини таъкидлаган. Бу вақтда икки ислом давлати, яъни Бухоро ва Афғонистон ҳам босқинчи кучлар таъсирида бўлган. Айрим тарихий манбаларда Россия ва Англия давлатларининг Ҳиндистон, Афғонистон ҳамда Ўрта Осиё давлатларига бўладиган таъсир доираси ҳақидаги келишувлари хусусида маълумотлар учрайди. Зеро, бугунги давр тарихни янада кўпроқ ўқиш ва яхшироқ билишни тақозо этмоқда.
Абдишукур ОМОНОВ