Хўш, унинг қонун олдидаги гуноҳи нима эди ўзи?
Тўғриси, унинг "айб"ини бирмунча қалтисроқ деса ҳам бўлади. Масала одамлар соғлиғига бориб тақалади. Ўшанда Икром Ражабов Термиздаги "Юбилейний" савдо бозоридан ҳар килограммини 8 минг сўмдан келишиб, 400 килограмм, жами 3 миллион 200 минг сўмлик товуқ гўштини овқатланиш шохобчаларига сотиш мақсадида олган. Албатта, қонун доирасида ва тегишли ҳужжатлар бўлса, тижоратнинг бирор зарари йўқ. Шундай экан, аввалдан қилиб юрган иши - гўштни машинага жойлаб, манзилга кетаётган вақтида туман солиқчилари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни тўхтатган ва маҳсулотни ҳужжатлаштириб олишган.
Сурхондарё вилояти синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг 2011 йил 27 августдаги хулосасига асосан музлатилган товуқ гўшти давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги, сақлаш ва ташиш шароитларига риоя қилинмагани, истеъмолга яроқсизлиги, сотувга чиқарилиши мумкин бўлмагани, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги қайд этиб қўйилган.
Ие, шунча айби бор экан, боз устига сифатсиз молни одамларга ўтказмоқчи экан, яна орадан 8 йил ўтиб кетибди, энди уни оқлаш кимга ва нега керак бўлиб қолибди, дерсиз. Аммо бир ўйлаб кўринг, оқни қоралаш осонми, ё қорани оқлаш? Албатта, биринчиси осон. Оқ қоғозга зиғирдай доғ тушсин, дарҳол кўзга ташланади. Икром Ражабовга қўйилган айбни ҳам шунга қиёсласа бўлади.
Аслида калаванинг учи, нақадар ҳайратланарли ва биз учун табиий бўлмасин, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга келиб тақаларди. Ҳа, ҳуқуқни, инсон манфаатларини ҳимоя этувчиларга.
Гап шундаки, синов ва сертификатлаштириш маркази ходими Ш.Эшқобилов Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида сўроқ қилинганида, у ўша пайтдаги МХХ (ҳозирги Давлат хавфсизлиги хизмати) Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишлари ёки терговга қадар текширув ҳужжатлари бўйича олинган товар моддий бойликларини истеъмолга ва фойдаланишга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлаш бўйича тайинланган товаршунослик экспертизалари бўйича товар моддий бойликлар унга умуман тақдим қилинмаганини билдирган.
Савол туғилади: маҳсулот тақдим қилинмаган бўлса, хулоса қаерга қараб берилган? Маълум бўлишича, хулоса МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими терговчиси Н.Тўрақуловнинг кўрсатмасига асосан тайёрланган. "Адолат"ни кўрингки, бир кўрсатма бир одамни панжара ортига осонгина етаклаган.
Шу сабаб ҳам ўша хулосада Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги "Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори 1-иловасига мувофиқ мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиш тўғрисида қарор чиқарилишида ҳисобга олинадиган синов учун бўлак ва намуналар олиш далолатномаси тузилганлиги тўғрисида тегишли маълумотлар келтирилмаган, маҳсулотларга тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ синов ўтказилганлиги юзасидан тегишли синов баённомаси расмийлаштирилиши тўғрисида маълумот мавжуд эмас, хуллас, маҳсулотларни яроқсиз деб баҳолаш учун маълумотлар йўқ ўша ҳужжатда.
МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси терговчилари Н.Тўрақулов, Б.Шодиев, Ф.Қодиров ва Ш.Холов томонидан холислар иштирокида тузилган далолатномада 400 килограмм музлатилган товуқ гўшти йўқ қилингани қайд этилган.
МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси терговчиси бўлиб ишлаган Б.Шодиев эса Ҳарбий прокуратурага берган кўрсатувида чет элда ишлаб чиқарилган 400 килограммлик товуқ гўштини умуман кўрмаганини, йўқ қилишда қатнашмагани ва далолатномадаги имзоси қалбакилаштирилганини билдирган.
Шундан келиб чиқиб, ишни қайта кўраётган судьялар И.Ражабовдан олиб қўйилган гўшт ўша вақтда йўқ қилинганини ишончга сазовор эмас, деб топди. Ўз навбатида ҳозирги кунда товуқ гўшти йўқлиги боис, унинг истеъмолга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлашнинг мутлақо имконияти мавжуд эмас.
Яна бир қизиқ ҳолат шуки, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси терговчиси бўлган Ф.Қодиров ўзининг кўрсатувида Н.Тўрақуловнинг топшириғига асосан мазкур иш бўйича унинг номидан тергов ҳаракатларини олиб борганини билдирган. Амалда эса Ф.Қодировнинг мазкур жиноят ишини юритиш учун ҳеч қандай ваколати бўлмаган.
Жиноят-процессуал кодекси 951-моддаси 1-қисми 4-бандига асосан жиноят иши юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс олган далилларни мақбул далил деб бўлмайди.
Энди масаланинг бошқа қонуний жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, Жиноят кодекси 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиш учунгина жавобгар бўлиши, Жиноят-процессуал кодекси 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, қолаверса, иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат ушбу кодексда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлиги, гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман этилиши аниқ ёзиб қўйилган.
Шу билан бир қаторда, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда cуд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий текширилиши лозимлиги айтилган. Ваҳоланки Икром Ражабов суд мажлисларида харид қилинган товуқ гўшти истеъмолга яроқлилиги, хулоса нотўғри берилганини билдирган. Бироқ ишнинг бошида турганларнинг дами билан бу эътирозга ҳеч ким эътибор бер(ол)маган.
Майли бўлар иш бўлибди, энди жараёнга ҳозирнинг нуқтаи назари билан қарасак. Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси 3-қисмида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилган. 463-моддага кўра эса, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишнинг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши кўрсатилган.
Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги "Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори 1-бандида, судларнинг эътибори шахс унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига риоя этиш зарурлигига қаратилиши, шу муносабат билан суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан ҳар бир жиноят ишини юритишда жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий амал қилиш шартлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 11-моддасида белгиланган талабларга, шу жумладан, далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда, оғишмай риоя этиш муҳим аҳамият касб этиши, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига олиб келиши ҳақида тушунтириб берилган.
Бироқ, биринчи инстанция суди қайд этилган талаблар ва Пленум қарори тушунтиришларига риоя этмаган.
Юқоридагиларга асосан кассация инстанцияси суди, И.Ражабовнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли уни айбсиз деб топишни, реабилитация этиш йўли билан оқлашни, жиноят ишини тугатишни лозим топди.
Оқланаётгани ва жиноят ишининг унга оид қисми тугатилаётгани муносабати билан етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини белгиланган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эгалиги тушунтирилди.
Албатта, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани - катта ҳодиса. Бу адолат таъминлангани, мамлакатда қандайдир якка шахслар эмас, қонун устувор бўлаётганини кўрсатади.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.