Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

14.11.2024


ҚАЙДА ҚАНОАТ ЙЎҚОЛСА, ЎША ЕРДА ЁВУЗЛИКНИНГ УРЧИШИ ТАБИИЙ ҲОЛДИР

Сараланган сатрлар

Ёши катталар дуога қўл очаркан, албатта, элга, юртга тинчлик сўрашади. Бу бежиз эмас. Уруш келтирадиган бемисл кулфатларни, тинчлик нақадар бебаҳо неъмат эканини улар жуда яхши тушунишади, ҳис қилишади. Афсуски, ўтган асрда юз берган икки жаҳон уруши-да инсониятнинг қайноқ қонини тинчитмади, хулоса чиқаришга бу омонсиз кулфатлар кифоя қилмади. Аср сўнгида юртимиз ўғлонлари жалб этилган Афғон уруши ҳам фикримизни тасдиқлайди.

1979 йилдан 1989 йилга қадар давом этган Афғон урушида умумий ҳисобда 2 миллион афғон ҳарбийлари ва фуқаролари ҳалок бўлган (айрим тадқиқотчилар ҳалок бўлганлар сони қарийб 3 миллион нафар, дея қайд этишади), 5 миллион афғонистонлик эса қочқинга айланган.

СССР томонидан бу урушда жами 820 минг ҳарбий қатнашган. 1989 йилда улардан 14 минг 453 нафари ҳалок бўлгани ҳақида расмий маълумот берилган. Аммо таҳлилчилар собиқ иттифоқ ҳарбийларининг йўқотишлари бир неча баробар кўп бўлганини таъкидлашади.

Собиқ иттифоқ Афғон уруши учун ҳар йили 800 миллион доллар маблағ ажратган. Аслида ушбу уруш учун ҳар йили 3 миллиарддан 8,2 миллиард долларгача маблағ сарфлангани ҳақида маълумотлар бор.

Расмий ҳисобда Афғон урушида 65 минг нафарга яқин ўзбекистонлик иштирок этган. Улардан бир ярим мингга яқини ҳалок бўлган, 2 минг 500 га яқини эса жароҳат олиб, бир умрга ногирон бўлиб қолган.

Афғон урушида қатнашган кўплаб юртдошларимиз бугун орамизда, ҳар бир ҳудуд, қишлоқда бу уруш иштирокчиси топилади. Уларнинг оғриқлари, бошдан кечирган даҳшатларини сўз билан ифода этиш қийин. Бу борада ёзилган бадиий асарлар эса фожиа кўламини бир қадар акс эттиради. Абдурашид Нурмуродов асосан Афғон уруши ҳақида ёзади. Урушнинг бемаънилиги, бир ҳовуч кимсалар учун миллионлаб инсонларнинг барбод бўлган тақдирлари, омон қайтиб тинч ҳаётга мослаша олмаган кишилар кечинмалари ўқувчини ўйлантириб қўяди. Жумладан, бугун айрим лавҳалари тақдим этилаётган "Қон ҳиди" романи ўша биз билган Ремарк, Хемингуэй асарларидан қолишмайди. Бу китобни айниқса ёшлар кўпроқ ўқиши керак. Тинчлик қадрига етиш учун уруш ҳақидаги асарларни ўқисак, фойдадан холи бўлмайди.

*  *  *

Одамнинг ёлғиз қолишидан мудҳишроқ куннинг ўзи бўлмаса керак.

*  *  *

Умуман, бақувватлик ўзаро жанжалларда ёрдам бермаса, қолган вақтлар унинг чақачалик қиммати йўқ. Ирода кучли, ирода собит бўлсин экан.

*  *  *

Гоҳ-гоҳида одам боласи қандайдир, тушуниб бўлмас ҳолатларни бошдан кечирадики, бундай дамларда ақл вужудингни ташлаб кетгандай бўлади.

Шундай вақтлар бўладики, машина йўлини кесиб ўтаётганингда, бехос ҳайдовчининг сен томон машина тезлигини оширганлигини сезиб қоласан. Ҳайдовчи сенинг йўлдан ўтаётганингни кўриб турибди. Кўриб туриб тезликни оширмоқда. Бу ҳолатни қандай тушунмоқ керак? Ақлдан ташқарида ҳалокатни содир қилиш ва шу ҳалокат содир бўлишига шошилиш.

*  *  *

Оппоқ либос кийган ёшлигим, юраги оппоқ болалигим қаршисида туришга сабр-бардошим етмайди. Қилган гуноҳларим иккимизнинг орамизга қора парда бўлиб тортилди. Қай бир кун келиб унинг қаршисида ҳисоб беришим керак. Ҳа-ҳа, ҳисоб беришим...

*  *  *

Гўзаллик инсониятни жиноятлардан, хиёнатлардан қутқарувчи илоҳий кучдир.

*  *  *

Армиянинг бошбошдоқлиги шу даражага бориб етдики, яқинда бир аскарни тоғда йўқотиб қўйдик. Излаш учун имкон бўлмади. Юқорига "аскар йўқолди", дея хабар берганимизда, полкимиз гвардиячи номини ололмай қоларди. Шу боис жанговарроқ йўлини топдик. "Аскар фалон жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди". Тобут ясалди. Ичига ул-бул ва бир неча парча ит гўшти солиб, уйига жўнатилди.

*  *  *

Ҳамма мунтазир, ҳамма нарса муҳайё пайтида шахс ва инсон орасидаги масофани ўлчаб бўлмайди. Бу масофа қисқариб, инсон шахсга айланиши учун ҳам жисмоний, ҳам маънавий ва иқтисодий зарба лозимдир. Айни шу ҳолатда тинч замоннинг даҳоси гадога, гадоси даҳога айланиши муқаррардир.

*  *  *

Бизларни "Ватан хавф остида қолади", дея ишонтирганлар мана шу қайноғамга ўхшаган муттаҳамлар эди. Бизлар уларнинг даъвати билан жонни фидо қилишга ҳар лаҳза тайёр эдик. Қайтмаган дўстларим ва ўзимнинг ҳам ҳаётим шундай кечди. Натижада ўлим билан танҳо қолганларнинг ҳеч бири "Ватан хавф остида!" дея ишонтирганларга ҳам, ўзгасига ҳам керак эмаслиги ошкор бўлди.

*  *  *

Одам боласидай нозик, яшовчан ва айни пайтда шафқатсиз ёвуз мавжудотни фақат урушларда учратиш мумкин.

*  *  *

Қайда қаноат йўқолса, ўша ерда ёвузликнинг урчиши табиий ҳолдир.

*  *  *

Уруш кетаётган жойда илкис тортилган сукунат ёмонлик аломати.

*  *  *

Табиат илоҳий мўъжиза, унинг бағрида катта бўлганларда на сотқинликка, на олчоқликка, на хиёнатга ҳушу хоҳиш бўлмайди. Улар жуда-жуда тоза одамлардир. Шунинг учун ҳам уларга одамлар ичида яшаш қийин кечади.

*  *  *

Ҳужайраларингдаги она сути ила кирган меҳрни, муҳаббатни ўлдирганингдан сўнг сен ўлимданмас, ўлим сендан қўрқа бошлайди. Унга талпинасан, интиласан, аммо у сени четлаб ўтаберади. Чунки сен қалбингни ўлдириб бўлгансан.

*  *  *

Кўп катта-катта раҳбарлар оҳори тўкилиб қолган дамларда ҳам қандай йўл билан бўлмасин, омонат курсисини сақлаб қолиш учун не-не найрангларни қилганларининг сабабини энди тушуниб етгандайман. Ҳа, уларга қийин экан. Шу боис тўқсон фоизи мансабдан кетиши билан қон босими, юрак хасталиги, яна алламбало касалга мубтало бўлиб, бу дунёни эрта ташлаб кетганларини эшитдим, гувоҳи бўлдим.

*  *  *

Шаҳардан қишлоққа ит ораласа, дастурхоннинг тўрига ўтказиш қон-қонимизга сингиб кетган иллатдир. Бу юрт одамлари ана шу мараз иллатдан қачон қутулади?

Мен қутулишига ишонмайман...

Одамнинг мия қобиғида фикрлаш ўлдими, ундан ҳеч нарса кутиб бўлмайди.

*  *  *

Дастурхонда ҳамма нарса бисёр, аммо иштаҳа билан егувчи одам йўқ. Чор атрофимдагилар эса "тўйган қўзидай" ўтиришарди. Улар дастурхонларга қарашдан, овқатланишдан ҳузур қиладиганлар туриданмас, улар бу ташвишлардан зериккан тўдалар эканлиги юзларида ошкор эди. Зарурат, ўзларининг бурч ва қонунлари чақириғи ила тўйга ташриф буюрганлиги имиллаб чой ҳўплашларидан билиниб турарди.

*  *  *

Чек-чегараси йўқ умр йўлида тўхтовсиз, тинимсиз югурасан. Аслида, бу елиб-югуришлар хаёлу ўйлар бир тўхтамга келмагунча давом этар экан. Кейин "Ҳой, мен қаёққа шошилмоқдаман?" деган хитоб садоси остида келган томонингга бир лаҳза ўгирилиб қараркансан. Ўша лаҳзалик ортга қараш хотиралар, ўй-фикрлар юки бўлиб елкангдан босиб келар экан. Одам асли ўша келган томон хаёли билан яшаркан.

*  *  *

Кўнгил кемтик дамлар табиатнинг қулига, кузатувчисига, сирдош дўстига айланиб қолар экансан.

*  *  *

Тилсимли самога бугун мен, мендан олдин оталарим, оналарим, улардан олдин боболарим, момоларим, ундан олдин уларнинг оталари, оналари нигоҳ ташлашган ва минглаб-миллионлаб самода осилиб турган бу дуру жавоҳирлар жумбоғига жавоб тополмай, ўтиб кетишган. Мен ҳам ўшаларнинг бириман. Мендан кейин ҳам одамлар худди шундай жавобсиз дунёдан жавоб излаб ўтиб кетаверишади.

*  *  *

Умр йўллари худди кузак баргларидай ҳаётимиз йўлида чирт-чирт узилиб қолиб кетаверар экан.

*  *  *

Бу замонда тобе бўлишлар ё пулнинг, ё қудратнинг кучи билан бўлади.

*  *  *

 Одам табиати минг хил рангда турланувчи мўъжиза. Бир қарасанг одам, ундан яхшиси йўқ. Бир қарасанг ваҳший ҳайвон, ундан-да ёмони йўқ. Шу сабаб одамнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлмайди. Ҳаммасида одамийлик ҳам, ҳайвоний иллатлар ҳам бирга яшайди. Муҳитнинг таъсири бирида одамий хислатларни кўпроқ шакллантирган бўлса, бирида ҳайвоний иллатлар мўлроқ бўлади. Аслида, ҳамма одам бир одам.

*  *  *

Ноҳақ ўлимда икки жаллод бор.

Бири - ўлдиришга даъват қилгани бўлса, иккинчиси ўша даъватнинг ижрочисидир.

Биринчисининг қисмати - ёлғизликдан қўрқиш бўлса, иккинчисиники ўлдирганларининг жон талаб қилишидан азобланишдир.

Биринчисининг кушандаси қўрқув бўлса, иккинчисининг кушандаси оғриқдир.

Менинг қисматимга иккинчиси битилган. Минг лаънат мени даъват қилганларга. Мен ҳам одамлар қатори яшагим келади. Аммо яшашим мумкин бўлган ерларда азоб таъқиб қилади. Бундай мангу азоб-оғриқ кимга керак? Айтинг, кимга керак? Кимнинг сабр-бардоши бу қора юкни кўтаришга қодир? Агар елкамдаги шу юкни олишга бир мард топилганда эди, унинг оёқларига бошимни қўйиб, ялиниб-ёлворишга минг бор рози эдим.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo