Эътибор берган бўлсангиз, яқин вақтдан бери йўлларимизда кўндалангига чизилган чизиқлар пайдо бўлди. Бошда билмаганлар буни пиёдалар ўтиш йўлаги, яъни "зебра" деб ўйлашгани ҳам рост.
Кейин билдикки, бу шовқин чиқарувчи восита бўлиб, серқатнов йўлларда хатарнинг олдини олиш, одамлар ҳаётини асраш мақсадида жорий қилинган экан. Аниқроқ айтганда, транспорт воситаси чизиқдан ўтаётганда шиналарнинг ишқаланиши натижасида овоз чиқиб, шу билан ҳайдовчининг ҳушёрлиги ошаркан. Бу эса узоқ масофага ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг руль бошқарувидаги сергаклигини таъминларкан.
Албатта, ният жуда яхши, бундайин янгиликлар одамлар манфаатига хизмат қилсаю, бунга бирор нарса деб эътироз билдириб бўладими? Фақат раҳмат айтиш мумкин, холос.
Шу ҳақда гапираяпману, ўзи бизда ҳайдовчилар сергаклигини унутиб қўяр даражада равон йўллар қаерларда бор экан, деган савол ҳеч тинч қўймаяпти-да. Шаҳарнинг қоқ марказидаги кўчаларда ҳам машина битта "яма"га тушмаса бўлмайди. Қишлоқларни-ку қўятуринг. Равон йўл тугул, ҳали асфальт кўрмаган кўчалар қанча.
Буниси-ку майли, катта йўл ёқаларидаги баннерларда акс этган мажақланиб кетган машиналар суратидан, уйида боласи кутаётгани ҳақидаги огоҳлантиришдан ва ҳатто кўзида ёш билан турган болалар тилидан айтилган "Бизни нега ташлаб кетдингиз..." деган ёзувлардан хулоса чиқармаган ҳайдовчи шинанинг қандайдир чизиққа ишқаланганидан ҳушёр тортармикан?
Балки бундай "инновация"лар ҳам керакдир. Аммо уни ҳайдовчилар малакасини мунтазам ошириб бориш, рулга ўтирадиганларга, ҳайдовчиликка ўқитадиган масканларда талабларни янаям қаттиқроқ қўйиш билан бақамти олиб борган ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўларди. Инновация қилаяпмизу, асосий жиҳат назардан четда қолаётгандек.
Кўча-кўйда она сути оғзидан кетмаган болакайлар ҳам машина бошқариб юрганини ҳамма кўриб турибди, қолаверса, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқишга бормай сотиб олганлар ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Бир неча кун олдин Китобда "КамАЗ" билан 7 ёшли қизчани уриб юборган ҳайдовчи 19 ёшли йигит экан. Хўш, шундай катта транспорт воситасини ким ишониб топширди унга ва натижа нима бўлди? Шу вазиятда ҳайдовчи бирор шовқинли чизиқни кесиб ўтса, ҳушёр бўлиб қолармиди? Боз устига денг, ҳалокат содир бўлган йўл бошдан-охиригача шовқинли "чизиқ"лардан иборат экан...
НАСРИДДИН