Синчков назар
Қарши шаҳар ҳокимлигининг етакчи мутахассисига йўл қўйган хато ва камчиликлари учун берилган "ҳайфсан" атиги 13 кун ўтгандан сўнг муддатидан олдин бекор қилинди. Ҳоким ўринбосарига нисбатан қўлланилган интизомий жазонинг бекор қилиниши учун эса 1 ойу 2 кун етарли бўлди.
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, шу йил 9 февраль куни Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев фармойиш чиқариб, ҳокимликнинг тўрт нафар ходимига нисбатан қўлланилган "ҳайфсан" интизомий жазосини муддатидан олдин бекор қилган. Бунга асос сифатида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонун ва Меҳнат кодексининг тегишли моддалари ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар Кенгашининг шу йил 2 февралдаги қарори кўрсатилган.
Фармойиш матнига қараганда, шаҳар ҳокимлигининг икки нафар ходими интизомий жазони 2021 йил 24 июль ва 30 ноябрдаги қарорларга асосан олган. Яна икки нафар ходимга нисбатан "ҳайфсан" эса ўтган ойда - шу йил 7 ва 27 январда қўлланилган экан.
Жумладан, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Жавлон Бокулов шу йил 7 январда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуннинг ва Меҳнат Кодексининг тегишли моддалари ҳамда Қарши шаҳар прокуратурасининг хатига асосан "зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлиги учун" жазоланган эди. Орадан 1 ой ўтиши биланоқ "ҳайфсан" муддатидан олдин бекор қилинди.
Энг қизиғи, Қарши шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари етакчи мутахассиси Мухиддин Акбаровга нисбатан шу йил 27 январда қўлланилган интизомий жазо ҳатто 15 кун ҳам ўтмай олиб ташланди. Ваҳоланки, ҳокимликнинг бу ходими "Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган мурожаатларнинг ижро муддати билан ишлашда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун" "ҳайфсан" олганди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг "Интизомий жазонинг амал қилиш муддати" деб номланган 183-моддасига асосан, "Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.
Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли".
Шу нуқтаи назардан олганда, шаҳар ҳокимининг фармойиши асослидек кўринади. Бироқ вазифалар лозим даражада бажарилмаганлиги учун қўлланилган "ҳайфсан" бор-йўғи 1 ойда, ишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун берилган интизомий жазо эса атиги 13 кунда муддатидан олдин бекор қилинадиган бўлса, бундай жазонинг мутасаддиларга таъсир кучи бўлар эканми?
Ёки баъзи раҳбарлар учун "ҳайфсан" бу "Айбдорлар жазоланди!" деб юқори ташкилотга тезкор ҳисобот бериш ва жамоатчиликнинг эътиборини чалғитиш учун зарур бўлган шунчаки бир "кўргазмали восита"ми?
Ўз мухбиримиз