Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА

19.07.2018


ҚАЙНОНА ВА КЕЛИН

Насима бу оилага келин бўлиб келганидан сўнг момо қайнонаси билан беш-олти маротаба учрашган, аммо у билан алоҳида суҳбат қилмаган, яқиндан билмас эди. Мана энди кенг ҳовлида жажжи чақалоғи Султонбек, Руқия момо ва ўзи қолди. Ана энди кўринг қайнона-келинни: гоҳ иккаласи талашиб Султонбекнинг бешиги атрофида парвона бўлар, гоҳи бир-бирлари билан узундан-узоқ дардлашарди. Айниқса, узун тунлари Руқия момо қизлик уйи – тоғдаги қишлоғини эслар, ўз хотираларини сўзлаб беришдан эринмас, келин эса тинглаб тўймасди.

Қайнона-келин бир неча кун бирга яшашди. Бу кунлар ичида Насима қайнонасини қайтадан кашф этди. Жуда кўп нарсаларни ўрганди ундан. Унинг орзу-ўйлари, армонлари келинга ҳам юқиб қолгандек эди.

- Боланинг кийимлари ташқарида қолмасин, ёмон бўлади, - деди шом олдидан қайнона. - Мабодо боланинг кийими кечаси ёдингиздан чиқиб, ташқарида қолса, асло киритманг. Эртаси куни офтоб кўргандан сўнг олиб киринг.

- Нега?

Жавоб эса қисқа бўлди:

- Ёмон бўлади.

Кечки овқатдан сўнг бешикнинг икки томонидан икковлон чақалоққа термулади. Бири энтикади, бири хўрсинади. Бири қачон катта бўларкан, дейди, бири тўйини кўрармикинман, деган ўйда. Бола эса бир томонидан, чақнаб турган кўзларга, иккинчи томонидаги ажинлар орасидан милтираб турган хира кўзларга бефарқ, бешикка осилган кўзмунчоққа термулади.

Исириқ ҳиди уриб қолган хонада ҳайратлар, тажрибалар, йиллар тўқнашаётгандек эди. Аммо замонлар оша ҳам ўзгармас туйғулар бор эдики, икки аёлни бир нуқтага бирлаштириб турарди.

- Бу қишлоққа аввал дугонам, кейин мен келин бўлиб келганман, - хотираларини титкилайди қайнона. – Жувонмарг дугонамга қишлоғингда яна яхши қизлардан борми дейишса, мени айтибди. Ана энди совчилар қатнаб қўяверса денг, - жилмаяди момо.

- Дугонангиз сизни ўзига тортиб яхши қилибди-да.

- Қайдам, - ёлғондакам лаб буради момо. – Ўз қишлоғимда қолганимда тоғу тошларда кийикдек сакраб юрган бўлармидим. Ўлсам, ота-онам мозорига қўйилардим. Одам кексаяркану, кўнгил қаримаскан. Ота қишлоғимга бир борсам дейман, қани илож. Икки йилдан ошибди у ерларни кўрмаганимга.

Қайнона энди чинакамига оғир хўрсинади:

- Мен-ку майли, шўрлик дугонамга қийин бўлди. Эри ўлганидан кейин жинни бўлиб қолди, шўрлик. Қишлоғимга бораман деб тоққа қараб оёқяланг кетаётганида ўғиллари ушлаб келиб, уйга қамашармиш. Ахир ўттиз йил бўлибди қишлоғига бормаганига. Ундан кўра элтиб, айлантириб келишмайдими, ота-онаси бўлмаса қариндош-уруғи бор у ерда. Эҳ, нимасини айтасан, тоққа интилаяпти-ку, уйининг томини кўрсаям мияси жойига тушармиди, деб ўйлайдиган фарзанд, невара йўқ. Ҳе  садқаи она кет, садқаи момо кет. Кексаларда ҳам юрак уриб турибди...

Момо бир хўрсиниб олиб, яна давом этади:

- Дугонамнинг ўзиям сал бўш кетди-да. Болаларни вақтида қўлга олмади, ана энди гапига киришмайди. Худога шукур, мен болаларимни гапимдан чиқмайдиган қилиб ўстирдим. Ҳаммасининг жилови қўлимда. Келинларим бир қовоқ-тумшуқ қилсин-чи, кўрадиганини кўради. Жазосини бераман.

Насима кулиб юборди:

- Момо, агар қовоқ-тумшуқ қилсак, қандай жазо берасиз?

- Билиб олмоқчимисиз? Шундайгина тоққа жўнатиб юбораман. У ёқда синглим бор. Қўли-қўлига, лаби-лабига тегмайди. Ўзиям туршак қуритавериб, туршакдек бўлиб қолган. Ҳали қурт қилади, ҳали меваларни офтобга ёяди. Койигани-койиган. Бир бориб қолсангиз, меҳнат қандай бўлишини кўриб, тавба қилиб келасиз.

- Қишлоғингиз чиройли бўлса керак? - деди келин момонинг олисларга кетган хаёлини бузиб.

- Бир жойларки, оҳ, оҳ, оҳ... Бекорга дугонам жинни бўлмади. У ернинг ҳавосини айтинг. Ўпка билан эмас, юрак билан нафас олгандек бўлади киши.

- Моможоним-ай, ҳар гапингиздан кейин ўйга ботиб қолаяпман. Шу тоққа мени ҳам Султонбегим билан бир сургун қиласиз-да, - деди у меҳр билан чақалоғига боқиб.

 Руқия момонинг хаёллари жуда олислаб кетганди. Невара келинининг чеҳрасига боққанча хаёллари тоғма-тоғ юргани билинарди.

- Момо, жойингизни солайми, қай томонга бош қўясиз?

Келиннинг бу гапидан сўнг момо жуда жиддий масалани ечаётгандек ўйловга ботди. Жуссаси янада кичрайиб кетгандек эди.

- Келинжон, бу томон қибла, оёқ узатиб бўлмайди.

Келин ёстиқни бошқа тарафга қўйди.

- Бўлмайди, келин, бўлмайди. Бу томонда тоғ бор. Она қишлоғим. Аждодларимнинг мозори, ота-онам дафн қилинган, қандай оёқ узатаман, уят бўлади,  - деди яноғига кўрсаткич бармоғини қўйиб. Насима яна ёстиқни қучоғига олди ва кампирнинг жавобини кутиб турди. 

– Қўйманг, бу томонда Самарқанд бор, азиз авлиёлар макони. Бу томонда Шаҳрисабз, улуғлар ётибди.

 Келин ёстиқни ўртага қўйди.

- Ёшим ўтган сайин оёғимни қайга узатишни билмаяпман.

Момо оёқларини ғужанак қилиб ёнбошлади.

- Бу дунёда жон чиққунча оёқни бемалол узатиб бўлмас экан. Ерни ҳам ўйлаб босаркансан.

Насима кампирга ҳайрон қараб қолди:

- Момо, худонинг ўзи кечирсин, деб чўзилавермайсизми, фақат қиблага оёқ узатмасангиз бўлди.

- Қайдан биламиз, кечирадими, йўқми?! Билиб туриб қилинган гуноҳ ёмон, ўлай сизга. Балки бу гуноҳ бўлмас, келинжон, биз шундай жойда туғилиб қолганмиз. Гирд-атрофимиз азиз жойлар. Ўйлаб иш қилишимиз керак.

Насима момога ачиниб қараб турди, худди барглари тўкилган, қуриётган кекса дарахтдек тери ва суякдан иборат бу тана ерни ҳам чўчиб босаётгандек. Қайнонаси ва эри шу муштдеккина кампирни чилла қўриқчиси сифатида олиб келишди.

 Насима ҳеч қачон ўйламаган нарсалар ҳақида фикрлай бошлади. Қариялар нақ жумбоқнинг ўзи. Тушуниш қийин кўп ишларини.

Насима қунишибгина ухлаётган момонинг елкасига енгилгина паркўрпа ёпди.

Шу тобда у ўзини жуда-жуда бахтли ҳис этар, энди тез-тез момо қайнонасини сўраб туриш, уни уйига таклиф этиб, суҳбат қуриш ҳақида ўйлар эди.

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Report typo