Тантанали тадбирга фаол аёллар, фахрий онахонлар ҳамда иқтидорли қизлар таклиф этилди.
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва бошқа қатнашчилар юртимиз аёллари, қизларининг оила ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни тобора юксалиб, ишлаб чиқариш, илм-фан, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, спорт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришаётганини таъкидлашди.
- Аёлни бошига кўтарган, эъзозлаган жамиятнинг келажаги ёруғ бўлади, - дейди вилоят "Олима" аёллар уюшмаси раиси Юлдуз Эргашева. - Аслида аёл учун тинч ва фаровон юртда яшаш, оила ва жамият эъзозида бўлиш, соғлом, маънан етук фарзандларни камолга етказишдан ортиқ бахт йўқ. Шу маънода юртимиз аёлларини энг бахтли кишилар, десак арзийди.
Тадбирда фаол хотин-қизларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари раисларига хизматда фойдаланиш учун Президент совғаси - "Нексия" автомобиллари тақдим этилди.
Самимий мулоқот ва кўтаринки руҳда ўтган тадбирда катта байрам концерт дастури намойиш этилди. Ватанни, онани, аёлни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага қувонч улашди.
Шоҳиста БОЗОРОВА