Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

01.03.2017


АЁЛ БУ

Аёл биринчи навбатда онадир. Она – шундай зотки, ўз фарзандини ёруғ дунёга келтириш учун не-не машаққатларни бошдан кечиради. Тунларни тонгларга улайди. Оқ ювиб оқ тарайди, оч қолса тўйдиради, йиғласа овунтиради. Касал бўлса изтироб чекади, боласининг соғлиги учун нимаики керак бўлса, қўлидан келган ҳамма нарсага рози ва тайёр туради, керак бўлса жонини ҳам аямайди.

Аёлларга кўрсатиш лозим бўлган олий ҳурмат намунаси сифатида Пайғамбар (с.а.в) ўз ҳадисларида “Жаннат оналар оёғи остидадур”, дея таъриф беради. Албатта, бу ҳадиси шариф жаннатга етмоқни ният қилган ҳар бир инсон онасини рози қилиши лозим эканлигини англатади.

Аёл - жуфти ҳалол, фарзандларимиз онаси, уларни тарбия қилувчи маъсумадир. Инсон ўз ҳаёти давомида оила қуради, фарзанд кўради ва шу тариқа ўз наслини давом эттиради. Халқимизда шундай гап бор - “Аёлларни, оилаларни асраш керак дегани – бу фарзандларни, наслни, охир-оқибат миллатни асраш демакдир”.

Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демакки жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади.

Болаларга гўдаклигиданоқ аёллар, яъни оналари таълим-тарбия беради. Уларга Аллоҳ таолони таниш, миллатни, ота-онани, Ватанни ҳимоя қилиш, Ватан манфаатларига хизмат қилишдек улуғ ғояни сингдириб борадилар. Шу туфайли ҳам ислом динида аёллар илм олишга, келажак авлодни баркамол қилиб камол топтиришга тарғиб қилинади. Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир” дейилади.

Аёл киши нафақат таълим олиш, балки таълим бериш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқига ҳам эгадир. Кўплаб муслима аёлларнинг илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганлиги фикримизнинг далили бўла олади. Агар фарзанднинг онаси олима ёки илмли бўлса, у хонадонда камол топган бола етук мутахассис, Ватани, халқининг хизматини қиладиган чинакам комил инсон бўлиб етишади.

Ислом динида аёлларга, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларига алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги 176 оятдан иборат бўлган бир сура “Аёллар сураси” деб номланганлиги, юзлаб оятларда аёлларга доир ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос алоҳида кўрсатмалар берилганлиги муқаддас динимизда аёл кишининг нақадар юқори эътиборга молик эканлигидан далолатдир.

Ислом дини қиз фарзанд туғилиши барака келтиради, деган ғояни илгари суради. Расулуллоҳ (с.а.в): “Кимнинг уч нафар қизи бўлса, тарбиясини яхши қилса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида жаннатга киритади”, деб марҳамат қиладилар. Фиқҳ китобларимизда эса совғаларни қиз боладан бошлаб тарқатиш тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Шўро сураси 49-ояти каримасида: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги  Аллоҳга (хос)дир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур”, деб марҳамат қилади.

Ушбу оятда биринчи бўлиб қиз фарзанд зикр қилинади. Бу нарса жуда муҳим, чунки Қуръони каримда нима олдин зикр қилинса, унда бир ҳикмат бўлади.

Мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор, улар учун яратилаётган имкониятларнинг кўлами ғоят кенг. Ваҳоланки, соғлом фикрли, итоатли, гўзал хулқли ва солиҳ амалли аёллар юрт келажаги, фарзандлар камоли учун жуда муҳимдир. 

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари  идорасининг вилоятдаги вакили.

 

Report typo