Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

МИРЖАҲОН

17.07.2018


АЁЛ ИШБИЛАРМОН БЎЛГАНИ ЯХШИ

Ёш ишбилармон янгиликка ўч. У бошчилигида ишлаб чиқарилаётган бежирим футболкалар кўпчиликда қизиқиш уйғотаяпти. Маҳсулотнинг ўзига хослиги шундаки, унга қўл меҳнати ёрдамида миллий нақшлар солинган.

Бундан ташқари, корхона қошида гўзаллик салони, фитнес ва бокс зали ҳам ташкил этилган. Тадбиркор доимий асосда 2 кишини, касаначилик асосида эса 30 нафар хотин-қизни ишли қилган. Келажак учун ҳам режалар тузган. Қуён ва қўй терисига ишлов бериб, улардан турли сувенирлар тайёрлашни йўлга қўймоқчи. Ҳудудда хом ашёни истаганча топиш мумкинлиги, шунингдек, туристларда бу маҳсулотга талаб юқори экани уни ўз мақсади сари руҳлантирган асосий омилдир. Рухсора Асланованинг фаолиятидаги бундай натижалар “Ишбилармон аёл-2018” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳам юқори баҳоланди ва у 1-ўринга муносиб кўрилди.

Ушбу тадбир Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида Қарши санъат коллежида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди. Юртимизда аёллар тадбиркорлигини фаол қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни бизнесга кенгроқ жалб этиш, ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан ажралиб турган, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармон аёлларни рағбатлантиришга қаратилган мазкур танловга бўлган қизиқиш йилдан йилга ортмоқда. Бу йил танловнинг ҳудудий босқичларида 375 нафар хотин-қиз қатнашгани ҳам шунга ишора.

- Вилоятимизда бугунги кунда 15 мингдан ортиқ киши тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, шунинг 5 минг нафарга яқинини ишбилармон аёллар ташкил этади, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Ҳуснора Жумаева. – Улар муҳим бизнес-лойиҳаларни самарали рўёбга чиқариш билан бирга қанчадан-қанча хотин-қизнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига ҳам кўмак бермоқда. Бинобарин, аёл ишбилармон бўлса, жамиятга ҳам, иқтисодиётимизга ҳам фойда. Танлов иштирокчиларига йўлга қўйган ишлаб чиқариш фаолиятининг кўлами, яратган иш ўрни, қай даражада экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот таклиф эта олаётгани каби мезонлар асосида баҳо берилди.

Тадбир доирасида махсус кўргазма ҳам ташкил этилиб, унда қатнашчилар ўзлари ишлаб чиқараётган, етиштираётган маҳсулотлар намуналарини намойиш қилишди. Жараён билан яқиндан танишган киши вилоятимиздаги тадбиркор хотин-қизлар ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқларида юқори маҳсулдорликка эришаётганига гувоҳ бўлади. Улар соҳага ихтисослашувда ўзига яқин йўналишларни танлагани аҳамиятлидир. Фермерлик ҳаракатида барчага ўрнак бўлаётган иштирокчиларни ҳам учратдик.

- Хўжалигимиз 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан пахтачилик ва   ғаллачиликка ихтисослашган, - дейди Чироқчи туманидаги “Озод Расулович” фермер хўжалиги раҳбари Шоҳиста   Келдиёрова. – Деҳқончилик билан лалми ерда шуғулланамиз. Бундай шароитда ишлаш кимгадир оғир туюлиши мумкин. Шунга қарамасдан, зиммамизга олаётган мажбуриятимизни шараф билан адо этаяпмиз. Бу йил 20 гектарда ғалла парваришлаб, давлатга шартнома режасида белгиланганидан ошириб, сифатли дон топширдик. Пиллачиликда ҳам натижамиз яхши. Экспортбоп мева етиштиришни мақсад қилганмиз. Ҳозирда хўжалигимизда меҳнат билан банд 10 нафар ишчининг 8 нафари хотин-қизлардир.

Нафақат ўз ютуқларини кўз-кўз этиш, балки ўзаро тажриба алмашишга ҳам хизмат қилган ушбу танловда иштирокчилар “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” сингари номинациялар бўйича ҳам тақдирланди. Кўрик-танлов ғолиблари эса энди республика  босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга.

МИРЖАҲОН

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo