Бу борада Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табриги"да "Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Чиндан ҳам, ўзининг беқиёс меҳри ва фидойилиги, сабр-қаноати ва чидамлилиги билан хонадонларимизда, бутун жамиятимизда тинчлик-хотиржамлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб, ҳаётимизга файзу тароват бағишлайдиган, тунлари бедор бўлиб, болаларимизни баркамол инсонлар, Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари этиб вояга етказадиган ким?
Меҳрибон ва оқила аёлларимиз эмасми?", дея билдирган фикрлари мени ниҳоятда ғурурлантирди.
Дарҳақиқат, бири биридан латофатли, оқила ўзбек аёллари ҳамиша давлатимиз ва жамиятимизнинг юксак ғамхўрлиги, ардоғи, эътибор ва эъзозидадир.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада барча ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилиб, қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида"ги Қонуни, Президентимизнинг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари доирасида амалга оширилаётган ишлар аёлларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оилада ва жамиятда уларнинг мавқеини янада баланд поғонага кўтаришда катта имконият яратаётир.
Истиқлол туфайли меҳнатдан саодат топган аёллар жуда кўп. Уларнинг орасида қанчадан-қанча ҳунарманд, чевар опа-сингиллар, фермер аёллар, турли-туман касб соҳибалари бор. Давлатимизнинг юксак унвонларию медалларига сазовор бўлган, меҳнаткаш, элим деб, юртим деб ёниб яшаётган фидойи аёлларимизнинг саноғига етиб бўлмайди. Шу жумладан, мустақиллик йилларида юртимизда 14 нафар опа-сингилларимиз "Ўзбекистон Қаҳрамони" деган олий унвонга мушарраф бўлишди. Бу борада Президентимиз "... менга буюрса, ҳам давлат хизматини, ҳам жамоат ишини, ҳам оила ва рўзғор юмушларини, ҳам фарзанд тарбиясини қойил қилиб бажариб келаётган барча-барча аёлларни қаҳрамон деб айтган бўлардим", деган сўзлари ҳар биримизга ғурур бағишлайди. Элу халқ ардоғида, эъзоз ва эътиборида бўлиб яшаш, ўзимиз орзу қилган соҳада эмин-эркин фаолият кўрсатиб, иқтидор ва салоҳиятимизни намоён қилиш, биз аёллар ва фарзандларимиз учун яратилган кенг имкониятлардан беминнат фойдаланиб, ворисларимиз бахту камолидан кўксимиз тоғдек бўлиб юриш - буларнинг бари, албатта, ўз ҳаётимиздан рози бўлиб яшашимиз, бахтиёрлик туйишимиз учун етарли сабаблардир.
Ўзбек аёли азалдан оилам, болам, деб яшайди, оиласи, фарзандларига жону жаҳонини бағишлайди. Хонадон тинчлиги, мустаҳкамлиги, фарзандларнинг эртага ким бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан онага боғлиқ. Шундай экан, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак.
Шу ўринда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мамлакатимизда аёллар саломатлиги ва уларни муҳофаза қилиш масаласига ўта муҳим умумдавлат вазифаси сифатида қаралади. Хусусан, истиқлол йилларида аҳоли, айниқса, аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш ва уни янада яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини малакали, ихтисослашган, замон талаби даражасига жавоб берадиган кадрлар билан таъминлаш доимий устувор масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб номлангани, унинг асосида Давлат дастури қабул қилингани бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим ўрин тутади.
Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш Давлат дастурида белгиланган муҳим йўналишлардан биридир. Дастурда кўзда тутилган бу каби вазифаларни амалга оширишда биз аёл депутатлар янада фаол қатнашишимиз лозим. Чунки аёл сифатида ҳам хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳамда фарзанд тарбиясидаги ўрнини теран англаган ҳолда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, яратилган шарт-шароитларни янада кенгайтириш масалаларида, қонунчилик асосларини такомиллаштириш ишларида ташаббускор бўлишимиз шарт.
Дилфуза ЖАЛИЛОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.