Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

22.03.2017


АЁЛГА МАКТУБ

...Кеча сизни телевизордан илғор аёллар даврасида кўриб қолдим. Кўрсатувга бошловчилик қилаётган чиройли қиз сизни таништирганда, қанчалик фахрланганимни билсангиз эди. Набираларимга сиз ҳақингизда гапириб бердим. "Менинг дугонам бўлади бу аёл, исмлари Ўзбекойим. Ниҳоятда тиришқоқ, эпчил, тадбиркорлик қилади. Ўтган йили хорижга ҳам чиқиб келди. Ана бошловчининг гапига эътибор қилинглар", дедим.

Набираси билан "Наврўз боғи" ташкил қилди, деяпти. Бу боғда ноёб гул етиштиришни мўлжаллаётган экансиз... Хориждан олиб келган гул кўчатларини ҳозир иссиқхонангизда ўстираётган экансиз... Азизам, сиз ёшлик    пайтларингизда ҳам гулни яхши кўрар эдингиз. Сиз гулга, мен китобга меҳримизни қўйгандик. Партамиз устида ҳам доимо сиз олиб борган бир дона атиргул, ҳеч бўлмаса, бир даста райҳон турарди.

...Мана, йиллар ўтди, сиз ерга меҳр қўйдингиз, катта-катта боғлар яратдингиз, элга танилдингиз, юксак мукофотларга эришдингиз. Энди кексалик гаштини сурадиган дамларга ҳам етдик, аммо сиз ҳамон даладасиз.

"Уйда ўтиролмайман, дала тортаверади, эрталаб тураману боғимни айланаман, ҳув сизга кўрсатганим ноёб олма дарахтим бор-ку, "атлас" деб ном қўйганим, ўшанинг танасини силайман, шукроналар келтираман", деганларингизни унутганим йўқ.

Қадрли дугонам, қаранг, яна баҳор келибди, Наврўз бизни йўқлаб келибди, етказганига минг бора шукур!    Сочларимизда оқ, қўлларимизни дуога очганча элу    юртимизга омонлик тилайлик.

Ҳар доим баҳорги байрамларда менга бинафша совға қилардингиз, бу йилги Наврўзда мен сизга "Бинафша соғинчи" номли китобимни юбораяпман, бу сизга байрам совғаси бўлсин! Байрамингиз билан!

Бўстон РАҲМОНОВА

Report typo