Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.10.2019


АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ ҚУДРАТЛИДИР

 

Мамлакатимизда ҳам Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Бунда хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш каби мақсадлар кўзланган.

***

Холамнинг қизи чекка бир қишлоққа келин бўлиб тушди. Онаси ҳар доим унинг шароитидан нолиб, қишлоққа турмушга берганига афсусланарди. Чунки уйлари жуда пастқам, қишлоқ газлашмаган, электр ҳам бир кунда бир-бир ярим соатгина ёниб турар, хуллас, шароити жуда оғир эди. Яқинда у бизни меҳмонга чақирди. Йўлда кетаётиб, қишлоқни умуман танимадик. Тиғиз ҳовлилар, пастқам уйлар, чанг-тўзон йўллар ўрнини намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар, замонавий андазадаги мактаб, спорт мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, равон йўллар эгаллабди.

Тандиру ўчоқ бошидан чиқмайдиган, ўзига оро беришга вақт тополмайдиган жияним буткул ўзгарган, чиройли кийимлари ўзига ярашиб турибди. Яқинда янги уй қуриб, кўчиб чиқишибди. Бизни меҳмонхонаси томон бошлади. Кенг ва шинам хона. Шаҳардаги уйлардан ками йўқ.

20-30 йил олдин шаҳар ва қишлоқ орасидаги тафовут осмон билан ерча эди. Ҳозир-чи? Деярли фарқи қолмаяпти. Қишлоқда туриб ҳам шаҳар шароитини яратиб яшаётганлар истаганча топилади.

***

Статистик маълумотларга кўра, бугун вилоятимизда 1 миллион 601 минг 982 нафар хотин-қиз истиқомат қилса, шундан 913 минг 39 нафарини қишлоқ аёллари ташкил этади.

Бирор юртнинг аёлини билмоқчи бўлсангиз, ўчоғидаги қўрини кўринг, дейди халқимиз. Чунки аёлга аввало оиладаги тутумига қараб баҳо берилади. Китоб туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Варганза қишлоғида яшовчи, моҳир каштадўз Муаттар Ортиқова хонадонига бориб бунга яна бир бор амин бўлдик. Теварак-атроф супуриб-сидирилган. Ҳовлида турли-туман гуллар чирой очиб турибди.

Мўъжазгина иш хонаси деворларига илинган кашта буюмлари асосида ўз ҳунари сирлари билан ўртоқлашаётган хонадон эгасининг таъкидлашича, қишлоқда  қизлар 4-5 ёшлигидан оналарининг ёнида ўтириб кашта тикишни ўрганишар экан.

- Варганзаликлар асли ҳунарманд, - дейди у. -  Бу бизга момоларимиздан мерос бўлиб келаяпти. Каштадўзлик билан шуғулланиб, ҳунари ортидан элда ҳурмат қозонган, даромад орттираётган аёллар кўп.

Сўзанага туширилган кашта нақшларини ҳунарманд шундай таърифлайди: "Кашта марказидаги катта гул оилани, атрофидаги чирмашган безаклар - оила ҳамжиҳатлиги, тотувлигини, майда гулчалар эса халқимизнинг болажон эканлигини англатади. Қалампир, анор нусхалар ҳам ўзига хос маъно-мазмунни ифодалайди. Қизларимиз сепида сўзана  албатта бўлишининг моҳиятида ҳам ана шу эзгуликлар истаги ётади.

- Кейинги йилларда юртимизда ҳунармандлару тадбиркорлар фаолияти учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилганидан фойдаланиб, қишлоқнинг 30 нафар аёллари билан касаначилик асосида фаолият бошладик, - дейди Муаттар Ортиқова. - Мен аёлларга зарур маҳсулотларни етказиб тураман. Улар уйда ўтириб кашта тикишади. Тайёр маҳсулотларимизни шартнома асосида Хоразм, Самарқанд, Бухоро вилоятларига тарқатамиз. Табиий ипакдан тикилгани учун юз йилгача ўз сифатини йўқотмайдиган маҳсулотларимизнинг бозори чаққон. Меҳнатим ортидан қадр топдим, дунё кездим. Яқинда Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида қатнашдим. Ироқи, бигиз услубидаги кашталаримиз хорижликларда ҳайрат ва қизиқиш уйғотди.

Қалб қўри ва кўз нури эвазига яралган кашталарга боқаман. Уларнинг жилокор ранги кўзни қувнатиб, дилни яйратаверади. Шунда момомерос кўҳна касбни улуғлаб, шундай мўъжиза яратаётган чевар каштадўз қишлоқ аёллари маҳоратига таҳсинлар айтасиз беихтиёр.

 

***

Кейинги манзил Розия Нажимова хонадони бўлди.

 - Анор инсон организмини ёшартириш хусусиятига эга, - дейди Розия опа. - Бундан ташқари, анор мевасининг пўстлоғидан, дарахтининг  гуллари, барглари ва илдизидан турли дори препаратлари ва хушбўй косметик воситалар тайёрлаш мумкин. Халқимиз  ибораси  билан  айтганда, "Анорнинг  ичида нечта  донаси  бўлса,  у шунча дардга даводир".

Айтишларича, Варганзада бир удум бўлиб, биринчи марта совчиликка бораётган "элчи"лар қизникига бир тоғора анор олиб бораркан. Бу бўлғуси оила ризқ-рўзли, бола-чақали бўлиб, тотувликда яшасин, деган маънони англатар экан.

- Ақлимни танибманки, анорзорлар ичидаман, - дейди Розия Нажимова. - 12 сотих томорқамизда 120 туп анор экилган. Бу йил 3,5 тоннадан зиёд анор олдик. Шукурки, меҳнатимиз ортидан кам бўлмаяпмиз.

Икки қаватли уйнинг пастки хоналари анор сақлашга мослаб қурилган. У ерда мевалар елим пакетларга солиниб, шифтга осиб қўйилар экан. Чунки қуёш тегмайдиган, салқин жойда шу хилда сақланган анорлар то кейинги анор пишиғигача ўз сифатини йўқотмас экан.

Ҳа,  она табиат бизга қанчадан-қанча шифобахш неъматларни инъом этган.  Мевазор боғларда ҳар бир дарахтни меҳр билан парваришлаётган боғбонлар бор экан, бозорларимиз тўкин, элимиз дастурхони файзли-баракали бўлаверади.

 

***

Варганза қишлоғининг чекка бир ҳудудида очилган "Хонзодабегим" нодавлат мактабгача таълим муассасаси нафақат мазкур аҳоли пунктидаги,  балки унга қўшни икки маҳалла болалари учун ҳам қувонч улашган биринчи боғча бўлди.

- Келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етишида мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни катта, - дейди тадбиркор Рухшона Ҳомидова. -  Қишлоғимизда болалар боғчаси бўлмаган. Буни инобатга олиб, қаровсиз бир жойни ижарага олдим. Банк кредити ва ўз ҳисобимдан ҳам маблағ ажратиб, қурилиш ишларини бошладик. Икки қаватли бинода болалар учун зарур шароитларни ҳозирладик.

 

***

Эртадан кечгача далада ишлаб, яна сигир соғиб, тандирда нон ёпган қишлоқ аёлларининг жони ҳақиқатан тошданмиди? Собиқ тузум аёлларимизни шундай ҳаёт тарзига ўргатишга ҳаракат қилди ва қайсидир маънода ўргатди ҳам. Ким билсин, балки "Аёлнинг жони тошдан", деган нақл ўша тузум ташвиқот "қуроли" бўлгандир. Аммо бунинг асоратлари бир неча йилларга "татиди". Шунинг учун юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларнинг саломатлиги, рўзғор ишларини енгиллатиш масалаларига муҳим вазифа сифатида қаралди.

- 15 оилавий поликлиникамизда 20 минг 900 нафардан ошиқ аҳоли рўйхатда турса, шундан 10 минг 99 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, - дейди шифокор Зоид Яхшиев. - Улардан 4847 нафари туғиш ёшидаги аёллардир. Қишлоқ оилавий поликлиникамизда умумий амалиёт врачи билан бирга терапевт, педиатр, стоматолог, гинеколог, УТТ шифокори  аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда хотин-қизлар учун икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Кўриклар натижасига кўра 15 нафар аёлга республика ва вилоят шифохоналарида даволаниш учун ордер берилди.

Варганзадан қайтар эканман, ҳаёти, турмуши яхшиланаётганидан хурсанд, эртанги кунидан кўнгли тўқ аёлларнинг мамнун чеҳраси кўз олдимдан кетмайди. Бундан бир неча йиллар илгариги қишлоқ аёли билан бугунги бекаларимизнинг ҳаёти, орзу ва режаларини таққослайман. Ҳаёти яхши томонга ўзгарган, улкан орзулари бисёр, аниқ режа асосида ишлаб турмушини обод қилаяпти бугуннинг аёллари.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратлар.

 

Report typo