Мулоқот
Энди "ўзбек аёли" деганда ўчоқ бошида куймаланиб юрган, уй-рўзғор ва бола-чақа ташвишидан ортмайдиган, даладаги чопиқ, кўчадаги ободонлаштириш ишлари зиммасига юкланган, ҳаваси нари борса, чеварлик, ўқитувчию боғча опалик, ҳамширалик бўлган хотин-қизларни тасаввур қилиш даври ўтди. Бугун опа-сингилларимиз жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси, раҳбар, тадбиркор, сиёсатчи, олий маълумот олган етук мутахассис, фаол ташаббускор, ҳар ишда етакчи ва қай соҳада фаолият юритмасин, ўз ўрнини топиб бораётган фидойи кадрлар сифатида намоён бўлмоқда.
Кеча вилоят ҳокими Муротжон Азимов "Аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш" мавзусида воҳамизнинг тадбиркор хотин-қизлари билан ўтказган учрашувида ана шулар ҳақида гапириб, бу мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, гендер тенглигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари эканлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда қайд этилган маълумотларга кўра, Қашқадарёда яқин икки йил ичида ишбилармон хотин-қизларнинг сони 2,5 баробарга ортди. Бугун вилоятда 32 минг 509 нафар тадбиркор, ҳунарманд ва фермер аёлларимиз фаолият юритмоқда. Аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 35 мингдан зиёд лойиҳаларга 550 миллиард сўм кредит маблағлари ва субсидиялар ажратилиб, 100 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. 30 минг нафардан ортиқ аёллар касб-ҳунарга ўқитилди. Ўтган йили олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган қашқадарёлик талабаларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Ўзаро мулоқот давомида вилоят ҳокими тадбиркор хотин-қизларнинг янги ташаббуслари, таклифлари ва муаммолари билан қизиқди. Шулар асосида алоҳида "йўл харитаси" тайёрлаш ва унинг ижросини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқ берди. Ҳар ойда бир марта ана шундай учрашувни ташкил этиб бориш ташаббусини илгари суриб, хотин-қизларни фан, таълим ва илмий-ижодий фаолиятга кенг жалб этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, ишлаш истагидаги хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда раҳбар лавозимлардаги улушини ошириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш доимий вазифа эканлигини уқтирди.
Вилоят ҳокими янги иш ўринлари очиш, хотин-қизларни, жумладан, "Аёллар дафтари"га киритилган фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш, аёллар бизнесини ривожлантириш борасида намуна кўрсатаётган ташаббускор тадбиркор опа-сингилларимизга ташаккурнома ва совғалар тақдим этди.
Учрашув доирасида воҳамизнинг тадбиркор хотин-қизлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, таклиф этилаётган хизматлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Ўз мухбиримиз
Cобир НАРЗИЕВ олган суратлар.