Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

29.06.2017


АЁЛЛАР ВА ЁШЛАР МЕҲНАТИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, юксак орзу-умидлар билан ҳаётга, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш жойи ва иш ҳақи билан таъминлаш ҳамиша, ҳар қандай давру замон ва давлату жамиятда энг долзарб, муҳим вазифа бўлиб қолаверади. Шунга мувофиқ юртимизда ҳам бу масалаларни ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 224-247-моддаларида аёллар ва ёшларнинг меҳнат қилишига оид қўшимча кафолат ҳамда имтиёзлар назарда тутилган. Унга кўра, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади. Рад этилган тақдирда сабаблари ёзма равишда маълум қилиниши керак.

Шунингдек, аёлларни меҳнат шароити ноқулай ва ер ости ишларида ишлатиш мумкин эмас. Айни пайтда уларнинг нормадан ортиқ юкларни кўтариши ва ташишлари ҳам тақиқланади. Бундай ишлар рўйхати Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 6 январда 865-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ҳомиладор аёллар тиббий хулосага мувофиқ аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ишга ўтказилади. Енгилроқ ишга ўтказиш масаласи ҳал бўлгунга қадар, у ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим. Бошқа енгилроқ ишга кўчириш иш берувчининг буйруғига асосан амалга оширилади.

Шунингдек, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ҳам аввалги ишидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда вақтинча енгилроқ ишга ўтказилади. Аёл рози бўлмаса, бошқа ишга ўтказилишига йўл қўйилмайди. Бола икки ёшга етгач, аёл аввалги ишига қайтарилиши лозим. Ҳомиладор аёллар ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор аёллар уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилинмайди ва хизмат сафарига юборилмайди. Дам олиш кунлари ишга жалб қилишга фақат иш берувчининг жамоа шартномасида назарда тутилган асосларга мос ҳолдаги ёзма фармойишига биноан йўл қўйилади.

Бюджет ташкилотларида ишлайдиган уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш ҳақи эса тўлиқ тўланиши лозим. Хўжалик ҳисобидаги давлат корхоналари, нодавлат ташкилотларининг ходимлари бу имтиёздан фойдаланмайдилар. Ҳомиладор аёлга, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор аёлнинг илтимосига кўра, иш берувчи уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир. Оиланинг бетоб аъзосига қараш учун тўлиқсиз иш вақти тиббий хулоса мавжуд бўлганда жорий этилади. Бунда тўлиқсиз иш вақтида ишлаётган ходимлар корхонада белгиланган барча имтиёз ва енгилликлардан фойдаланса-да, амалда бажарган ишига мутаносиб тарзда ҳақ олади. Ногирон болани тарбиялаётган ота-онанинг бирига бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Маълумки, йиллик меҳнат таътили корхонада ёлланиб ишлаётган барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга ҳам берилади. Ҳомиладор ва туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан сўнг берилади. Ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор ёлғиз оналарга йиллик таътиллар улар учун қулай бўлган вақтда берилади. Ўн икки ёшдан ошмаган иккитадан ошиқ ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Уларга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили ўн тўрт кунлик қўшимча таътил ҳам берилиши керак.

Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққандан кейин эллик олти календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ҳамда туғиш таътиллари берилади. Бу таътилнинг берилишига касаллик варақаси асос бўлади. Бола парвариши билан банд бўлган аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси умумий асосларда берилади. Бу давр меҳнат стажига кирса-да, таътил ҳақида меҳнат дафтарчасига қайд этилмайди. Туғиш таътили тугагандан кейин аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътили берилади. Аёлнинг хоҳишига кўра бола уч ёшга тўлгунга қадар иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил берилади. Бу даврда иш жойи сақланади, уч йилгача бўлган вақт иш стажига қўшилади.

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхона бутунлай тугатилганда маҳаллий давлат органлари мазкур аёлларни ишга жойлаштириш чорасини кўради. Муайян муддатга тузилган меҳнат шартномалари муддати тугагандан кейин ҳам иш берувчи бу тоифадаги аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш вақтида бу аёлларнинг иш ҳақи меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойгача сақланиб қолади. Шунингдек, ҳомиладор ва уч ёшгача боласи бор аёллар аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган ходимлар рўйхатига киритилмайди.

Ёш боласи борлиги муносабати билан оналарга берилиши назарда тутилган имтиёзлар ва қўшимча кафолатлардан бола парвариши билан шуғулланаётган бошқа шахслар ҳам фойдаланиши мумкин. Бунга боланинг ўз онаси йўқлиги ва бошқа шахс ҳақиқатдан ҳам бола парвариши билан шуғулланаётгани асос бўлади.

Айни пайтда ёшларни ишга жойлаштириш бўйича ҳам қўшимча кафолатлар белгиланган. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга қабул қилиниши шарт. Улар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинади ҳамда ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак.

Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар меҳнат қилиш ҳуқуқи борасида катта ёшдагилар билан тенг ҳуқуққа эга. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар меҳнатидан уларнинг соғлиғи, хавфсизлигига зиён етадиган ишларда фойдаланиш тақиқланади. Улар белгиланган нормадан ортиқ юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди. Олий ва касб-ҳунар ўқув юртларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талаба ёки ўқувчилари 18 ёшга тўлмаган бўлса, кунлик иш муддати уч соатдан ошмаслиги керак.

Иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлганларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн беш ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмаслиги керак. Аммо катта ёшдаги ходимлар учун белгиланган нормаларга мувофиқ иш ҳақи тўланади. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар ўзлари рози бўлган тақдирда ҳам тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши мумкин эмас. Улар ўриндошлик асосида ҳам ишлашлари мумкин эмас.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил ёз ёки ўзларига қулай вақтда берилади. Бу тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи умумий қоидалардан ташқари маҳаллий меҳнат бўлимининг ҳам олдиндан розилигини олиши керак. Ота-оналар, васийлар ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўн саккиз ёшга тўлмаганларнинг иш шароити талабга жавоб бермаса, меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир.

Меҳнат соҳасидаги ижтимоий муносабатларни адолатли тартибга солиш ҳар қайси давлат ва жамият тараққиётининг муҳим омилидир. Мазкур жараёнда турли даражадаги ҳокимият ва бошқарув органлари иштирок этади. Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнатга оид қонунларга риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш, шунга махсус вакил қилинган давлат органлари инспекциялари ва касаба уюшмалари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ҳамда бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бир неча конвенциялари ратификация қилинган. Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги, болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенциялар шулар жумласидан.

Шунга мувофиқ, аёллар ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Зотан, ҳар томонлама кафолатланган меҳнат шароитларида ишлаш фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқидир.

Абдишукур ОМОНОВ,

 

ҳуқуқшунос

Report typo