Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

31.10.2024


Ҳаёт ҳамма вақт ҳам жозибали бўлавермайди

Сараланган сатрлар

Ҳақиқий ижодкор ЯШАЙДИГАН СЎЗ айтишни истайди - ҳамма кўриб, билиб турган ҳақиқатларнинг унга қизиғи йўқ, эҳтимол шу оддий нарсаларнинг мутлақо кутилмаган ифодаси йўлида изланади, қоғоз қоралайди. Кўмирни тонналаб қазийдилар, олмос эса доналаб терилади, бинобарин, асл асарлар ҳар куни ва ҳамма томонидан ёзилавермайди. Бунинг учун машаққатли ва изтиробларга тўла йўлни босиб ўтиш керак. Бирор нашриёт юзини кўриши биланоқ умри поёнига етадиган "китоб"лар эса пайдар-пай чиқаверади, ҳатто дунёни бошқаришга қодир ғоялар акс этган, деб эътироф этиб келинган том-том китоблар чириб, йўқликка маҳкум этилганини яқин тарихимиз мисолида яхши биламиз...

Шуниси ҳам борки, чинакам ижодкорлар ўз вақтида эътироф этилмайди, ҳатто унинг борлигини, ижодкор эканини биров билмаслиги ҳам мумкин. Вақти келиб, жамият эҳтиёжи, тафаккур зарурати ўлароқ БУЮК СЎЗ УСТАСИ тилга тушади, юраклар ҳаприқиб, мутолаага тутинадилар...

Американинг дунёга машҳур адиби Жек Лондон қаламига мансуб "Мартин Иден" романида чинакам ижод соҳибининг муваффақият йўлидаги меҳнати ва изтироблари ҳақида ҳикоя қилинади. У энг буюк ғояларни қоғозга тушираркан, атрофдагилар, тан олиш, эътироф этишни-ку қўятуринг, уни тушунишни исташмайди. Фурсат етиб, номи машҳурликка бурканиб, банкдаги ҳисоб рақами кўп хонали сонларни кўрсатганида эса дўст-меҳрибонлару севгувчилар кўпайиб қолади. Машаққат, хўрлик, йўқчилик, рад этилишларни тўғри қабул қилиб келган Мартин Иден одамларнинг мунофиқлигини қабул қилолмайди, кечиролмайди...

Мумтоз асар воқеаларидан дарак берувчи тафаккур томчиларига қуйида кўз югуртирамиз.

Чинакам шоирнинг ҳар бир мисраси гўзал ҳақиқат билан бойитилган бўлади ва инсонни энг юксак ва олижаноб туйғулар сари чорлайди. Буюк шоирнинг асаридан бир мисрасини ҳам олиб ташлаб бўлмайди. Ундай қилинса, жаҳон кўп нарсани йўқотган бўлур эди.

*  *  *

Модомики, унинг фикрлари ўз атрофидаги одамларга етиб бормас экан, демак, унинг ўзи ҳам улардан юксакроқдадир.

*  *  *

Бас, ҳаёт унинг учун муҳим нарса экан, у ҳам ҳаётдан кўпроқ неъмат талаб қилишга ҳақлидир.

*  *  *

Ақли чекланган одамлар фақат ўзгалардаги маҳдудликнигина кўра оладилар.

*  *  *

Менинг тасаввуримда фан денгиз хариталари сақланадиган штурман ҳужрасига ўхшайди. Муаллимнинг вазифаси талабага ҳамма харитани бир бошдан ўргатиб чиқишдан иборат, вассалом. У бамисоли йўл кўрсатувчи. Аммо ўзи ҳеч нимани ўйлаб чиқара олмайди. У ҳеч қандай янгилик яратмайди. Харитада ҳамма нарса мавжуд, муаллим янги талабанинг адашиб қолмаслиги учун унга фақат қаерда нима турганини кўрсатиб бериши керак.

*  *  *

Дунёдаги ҳамма нарса - чексиз фазодаги энг йироқ юлдуздан тортиб то инсон оёғи остида ётган қум заррачасигача - ҳамма нарса бир-бирига боғлиқдир.

*  *  *

Сен гўзаллик бунёд этмоқчи бўлдинг, ўзинг эса гўзалликнинг табиати ҳақида ҳеч нима билмасдинг. Сен ҳаёт ҳақида ёзмоқчи бўлдинг, ўзинг эса унинг моҳиятидан бехабар эдинг. Сен дунё ҳақида ёзмоқчи бўлдинг, аммо бу дунё сен учун бир муаммо эди; шунинг учун, нима тўғрида ёзсанг ҳам, нодонлигингни бир карра исботлаган бўлардинг.

*  *  *

Ақл муҳаббат масалаларига аралашмаслиги керак. Севган ёринг тўғри мулоҳаза қиляптими, йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Муҳаббат ақлдан юксакдир.

*  *  *

У хаёлан ўзини номаълум бир мамлакат соҳилига чиқариб ташланган шоир билан қиёс қиларди; у теварак-атрофидаги гўзалликни ерли ёввойи халқ тилида тараннум қилишга беҳуда уринарди.

*  *  *

Ахир ҳаётнинг ўзи шу қадар фусункор, шу қадар жозибали, унда ҳал этилмаган масалалар, орзулар, қаҳрамонона ишлар жуда кўп, лекин бу ҳикоялар фақат оддий ҳаёт икир-чикирини тасвирлаш билан чекланиб қолган. Мартин ҳаётнинг қудрати ва улуғворлигини, унинг ҳарорати ва ҳаяжонини, исёнкор руҳини ҳис қиларди - мана шулар тўғрисида ёзиш керак эди!

*  *  *

Бу - ҳаёт. Ҳаёт ҳамма вақт ҳам жозибали бўлавермайди.

*  *  *

Самовий маликаларнинг пок ва бенуқсонлигидан ҳеч ким ажабланмайди. Бу ўринда уларнинг хизмати йўқ. Лекин ифлосликлар орасида авлиёлар бўлиши, бу - чинакам мўъжиза! Шу мўъжиза туфайли ҳам яшаш керак! Адолатсизлик ахлатхонасидан униб чиқаётган ахлоқий камолотнинг шоҳиди бўлиш; шахсан ўзининг ўсиш ва ҳали исқирти ювилмаган кўзлар билан гўзалликнинг илк нурларини илғаб олиш; заифлик, ахлоқсизлик, олчоқлик ва ҳайвоний бетамизликдан ҳам куч, ҳам ҳақиқат, ҳам маънавий олижаноблик хислатларининг бунёдга келаётганини кузатиш учун яшаш керак!

*  *  *

Инсон нарсаларнинг энг сўнгги моҳиятини англашга қодир эмас, гўзаллик сири мисоли ҳаёт сири янглиғ ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган мураккаб, ҳаттоки ундан ҳам мураккаброқ муаммодир; гўзаллик ва ҳаёт бир-бири билан чамбарчас боғланган, инсоннинг ўзи эса шу юлдузлар тўзони, қуёш нури ва яна аллақандай номаълум нарсаларнинг бир заррачасидир.

*  *  *

Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам  инглиз филологларини қўллаб-қувватлайдилар, филологлар эса, ўз навбатида, бу танқидчиларни қўллайдилар. На уларнинг, на буларнинг бош чаноғи остида биронта мустақил ғоянинг маскан қурганини кўра оласиз. Улар фақат барча эътироф этган нарсаларнигина биладилар... Барча тасдиқланган ғоялар уларга худди пиво шишасига ёпиштирилган ёрлиқ сингари чиппа ёпишади. Сўнг, уларнинг энг асосий вазифаси, университет ёшлари миясидаги жамики бетакрор фикрларни сиқиб чиқариш ва муайян андазадан чиқмай фикр юритишга мажбур этишдан иборат.

*  *  *

Инсон доим нимага кўпроқ қизиқса, унинг асосий машғулоти нима бўлса, нимани ўйласа ва ҳаттоки кечаю кундузи нимани орзу қилса, у ана шу соҳада ҳаммадан кучли бўлади.

*  *  *

Ҳар ким ҳам ўз фикрини, силлиқлаштирилган ва безатилган фикрини минбардан эшитишни хуш кўради.

*  *  *

Мухбир бўлиш - эртадан кечгача косиблик қилиш, шу ишга бутунлай шўнғиб кетиш демакдир. Ҳаёт қандайдир бир қуюнга ўхшаб қолади, на ўтмиш, на келажак бўладию, фақат шу бир дақиқагина яшаб қолиш билан чекланади киши. Мухбир фақат мухбирлик тўғрисида ўйлай олади, аллақандай услуб тўғрисида бош қотиришга вақти ҳам бўлмайди. Мухбирлик бошқа, адабиёт бошқа.

*  *  *

Ўзлари ёзувчи бўла олмаган одамлар ҳақиқий ёзувчилар ҳақида жуда кўп мулоҳаза юритишади.

*  *  *

Шоирнинг қувончи эришилган муваффақиятда эмас, ижоднинг ўзидадир.

*  *  *

Баҳслашиш касални қайсар қилиб қўяди, холос.

*  *  *

Мен давлатдан ҳеч нима даъво қилмайман. Фақат кучли шахс, от устида жавлон урган отлиқ давлатни муқаррар инқироздан сақлаб қолиши мумкин.

*  *  *

Аллақандай бир одамсифат махлуқни таҳқирлашдан ҳақиқатни таҳқирлаш минг карра ёмон.

*  *  *

Сиз кутган отлиқлар замони ўтиб кетган. Қуллар отлиққа эргашмайди. Қуллар шу қадар кўпки, отлиқ узангига оёқ қўйиши билан, уни ерга тортиб туширадилар.

*  *  *

Ёлғиз қуллардангина ташкил топган давлат яшай олмайди!

*  *  *

Дунёнинг зўравонлар томонидан забт этилганидан ажабланмаса ҳам бўлади! Қуллар ўзларининг қуллик тасаввури доирасидан четга чиқа олмасдилар-да. "Иш" улар учун олтин санам эдиким, бу қуллар унга сиғиниб, қаршисида итоаткорона тиз чўкардилар.

*  *  *

У ўзининг очликдан ўлай деб сулайиб қолган пайтларини, ўшанда ҳеч ким уни овқатга таклиф қилмаганини эслай бошлади. Ваҳоланки, ўша пайтларда бундай таклифлар унга жуда қўл келарди, чунки у кундан-кунга очликдан озиб, ранги кетиб, мажоли қурий бошлаган эди. Бу қандайдир соғлом фикрга зид нарса эди. У ҳафталаб оч ўтирганида уни овқатга таклиф қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди, энди бўлса юз минг киши тўядиган овқатга етадиган пули бўлганда, боз устига ҳеч иштаҳаси йўқ пайтида чор атрофдан уни зиёфатга таклиф қила бошлашди. Нимага бундай? На адолат бор эди бунда ва на унинг кўрсатган хизмати.

*  *  *

У зўр келиб оломон диққатини ўзига қаратди: Киплинг ҳам худди шундай бўлган эди; у ўлим тўшагида ётганида подага хос савқ табиийлик билан унинг китобларига ташланган эди. Орадан ярим йил ўтгач, яна ўша оломон ўқиган китобларининг ҳеч ерига тушунмай, Киплингни оёқ остига олиб лойга қориштириб ташлади.

*  *  *

Ҳаёт уни толиқтирар, ҳаёт аччиқ эди. Унинг ҳалокати ана шунда эди. Ҳаётга интилмайдиган одам ўлимга йўл ахтара бошлайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo