Булар – бизнинг болалар. Тинч-осуда юрт бағрида ўсиб-улғаяётган, илк ютуғини чет тилида бурро сўзлаш, спортнинг бирор турида чемпион бўлиш билан бошлаётган бахтиёр авлод...
Бугун дунёнинг қай бир бурчагида очлик, ташналикдан азоб чекаётган, яна қайсидир ҳудудида нотинчлик сабаб ота-онаси, яқинларидан бевақт жудо бўлаётган, яна қаердадир аллақандай қарашлар, мутаассибликнинг қурбонига айланаётган тенгдошлари борлигини ҳам назарда тутсак, бизнинг болалар бекаму кўст яшаётгани, уларга энг бахтли болалик насиб этаётганига беҳисоб шукурлар қиламиз. Ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни эса бизда энг тантанавор сана саналади, шодлик ва қувонч, бахтиёрлик байрами сифатида нишонланади.
Бир биздагина эмас, ушбу байрам яна кўплаб давлатларда ҳам ҳар йили алоҳида байрам қилинади. Илк маротаба 1925 йилда Женевада болалар манфаатлари масалаларига бағишлаб ўтказилган Бутунжаҳон конференциясида байрам сифатида нишонлаш қабул қилинган мазкур сана “Халқаро болалар куни” (International Children’s Day) деб номланган. Ва ушбу сана энг “эски” халқаро байрамлардан бири саналади. Байрам учун нега айнан 1 июнь санаси танлангани маълум эмас, тахминлардан бирига кўра, 1925 йилда Хитой Бош консули АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида хитойлик етим болаларнинг бир гуруҳини тўплаган ва улар учун Дуань-у цзе, яъни Аждарҳолар фестивалини уюштирган. Бу байрам айнан 1 июнда ўтказилган ва бахтли тасодиф туфайли шу куни Женевада конференция ҳам бўлиб ўтаётган эди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин болалар саломатлиги ва манфаатларини ҳимоялаш энг муҳим масала даражасига кўтарилди ва 1949 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтган аёллар конгрессида болалар бахт-саодатининг ягона кафолати бўлмиш тинчликни асраш учун доимий курашга бағишланган аҳд янгради. Худди шу йили Москвада бўлиб ўтган Халқаро аёллар демократик федерацияси кенгашининг сессиясида бу байрам юқоридаги конгресс қарорига уйғун ҳолда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида таъсис этилди. Бир йилдан сўнг – 1950 йилнинг 1 июнида биринчи марта Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг байрам қилинди.
Халқаро болалар куни ўз байроғига эга. Юксалиш, уйғунлик, мусаффолик ва унумдорлик тимсоли бўлган яшил ранг фонида чизилган Ер шари атрофида қизил, сариқ, кўк, оқ ва қора одамчалар шакллари тасвирланган. Бу одамчалар ранг-баранглик ва бағрикенгликни англатади. Тасвир марказидаги Ер шакли эса инсониятнинг умумий уйидир.
БМТ томонидан ҳам бу хайрли ташаббус қўллаб-қувватланган ҳолда болаларнинг соғлиғи, бахт-саодати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш каби масалалар ташкилот дастурига киритилди. Жумладан, 1959 йилда Бола ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинди. Кейинроқ – 1989 йилнинг 20 ноябрида эса Бола ҳуқуқлари Конвенцияси қабул қилиниб, 61 давлат томонидан имзоланди.
Болалар байрами эса ҳар йили мамлакатларда ўзига хос тарзда, ҳар бир халқнинг ўзига монанд қадрият ва анъаналарига уйғун ҳолда нишонланади. Шу куни боғлар, парк ва хиёбонларда, болалар муассасаларида кичкина инсонларнинг катта оламига монанд равишда турли томошалар ташкил қилинади, етим болалар ҳолидан хабар олинади, хайр-саховат тадбирлари уюштирилади.
Буларнинг бари эзгуликка хизмат қилади, албатта. Аммо ботинда бош кўтарадиган бир савол-сўроқ ҳам бор: бугун биз катталар болаларни нимадан ёки кимдан ҳимоя қилмоғимиз керак? Бу саволга жавоб излаб, ижтимоий тармоқда турли касб эгалари, жамоатчилик вакилларининг қарашларини ўрганиш натижасида асосан қуйидагилар маълум бўлди:
1.“Болаларни бугунги кунда тарқалаётган турли юқумли хасталиклардан асрашимиз шарт!” Бу – тиббиёт ходимларининг хулосаси. Зеро, болалар келажак эгалари. Уларнинг соғлиғи башарият ҳаётининг давом этишига кафил бўлади.
2. “Болаларимизни бечоралик, фақирликдан ҳимоялашимиз керак!” Бу эса оддий қўл кучи билан кун кечирадиган кишиларнинг фикри. Ҳар бир боланинг бепул таълим олиши бизнинг юртда кафолатлаб қўйилган, аммо унинг келажакда мустаҳкам моддий таянчга эга бўлиши, ўзи ва оиласини таъминлай олиши учун жон куйдириш, тўғри йўналтириш ота-онанинг энг муҳим вазифаси.
3. “Фарзандларимизни бугунги кунда турли салбий ахборотлар хуружидан ҳимоя қилишимиз лозим!” Бу – ўқитувчилар, зиёлиларнинг қараши. Дарҳақиқат, бугун радио-телевидение, компьютер ўйинлари, интернет ва ҳатто ўйинчоқлар орқали болалар онгига ҳужум қилаётган, уларни ўз таъсирига олишга уринаётган ёт ғоялар кўпдан-кўп. Гоҳ зарарсиз ўйинчоқ, гоҳида эртак-шеър кўринишида ҳам хуруж қилаётган ёт, бегона ғоялар болаларимиз онги-тафаккурига соя солмаслиги учун, энг аввало, ота-оналар, устоз-мураббийларнинг ўзлари бу хуружларни тўғри англамоғи шарт. Шундагина мурғак қалбнинг туганмас саволларига тўғри жавоб бериш, нима яхшию нима ёмонлигини англатиш мумкин.
4. Саволимизга ҳазил тариқасида шундай жавоб берганлар ҳам бўлди: “Биз ҳозирги болалардан ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак, улар билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, ҳисоби!”
Начора, бу ҳам тўғри. Чиндан, бугуннинг болалари кўп нарсани билишади. Гарчи ҳали ёзишни билмайдиганлари ҳам момо-бувалари очолмаган телефон кодини бир зумда очиб беришади, компьютерни мустақил ёқиб, ўзлари яхши кўрадиган мультфильмни қўйиб кўра олишади. Бироқ минг билимдон, минг ақлли бўлмасин, бола – барибир бола. Унинг тийрак нигоҳлари атрофидан идеал излашини, юрагида муҳаббати, туганмас шижоати қайнаб туришини, онги эса ёзилмаган қоғоз сингари топ-тоза ва пок эканлигини унутиб бўлмайди. Демак, шунга монанд йўл тутиш, болалардан илғорроқ, уларга ўрнак бўлишга муносиб бўлишимиз шарт. Қадим алломаларимиз айтгани каби, болага одамийлик сабоғини сингдириш, аввало ўзи ибрат кўрсатиш – энг яхши ҳимоядир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА