Буниси камлик қилгандай ахлату чиқинди ташлаб, деворию шифтига зиён етказадиган, ҳатто ер ости йўлига ҳожатхона сифатида қарайдиган бефаросатлар ҳам йўқ эмас. Вилоят марказидаги деярли барча ер ости йўлларида ана шундай муносабат – давлат ва жамоат мулкига шикаст етказиш, жамиятга, фаррошлар меҳнатига ҳурматсизлик кўрсатишнинг яққол “намуна”ларини учратиш мумкин.
- Ер ости йўлларига зарар етказиш асосан ярим тунда ёки ҳеч ким йўқлигида содир бўлади, - дейди Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ободонлаштириш объектларини санитар жиҳатдан тозалаш участкаси етакчи мутахассиси Зиёдулла Ҳамроев. – Шунинг учун махсус қоровул тайинладик. Лекин яқинда Қарши тиббиёт коллежи ёнидаги ер ости йўлида бир неча безори уни уриб қочиб кетган. Одамгаки, шундай муносабатда бўлаяпти, буюмга зиён етказишдан ҳеч тап тортишмайди. Ҳозирча бундайларни ушлаб, аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Бироқ юз берган ҳолатлар бўйича ички ишлар идораларига маълум қилиб борилади. Аслида давлат ва жамоат мулкини асраш, муҳофаза қилиш борасида одамларнинг ўзида, ён-атрофдагиларда онгли муносабат шаклланиши керак.
Ер ости ўтиш йўлини барпо қилишдан мақсад нима? Албатта, машиналар ҳаракати тиғиз жойларда йўловчилар қийналмаслиги, бемалол, эмин-эркин, хавфсиз ҳаракатланиши учун йўл остида шароит яратишдир. Бунинг учун озмунча харажат қилинади, дейсизми? Ҳаммаси ўзимиз, одамлар, уларнинг ҳаёти, хавфсизлиги учун экан, унга хўжасизларча қараш, беписанд муомалада бўлишни қандай тушуниш керак? Донолар айтган эканки, яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч қурса ёмонлик қилмагинки, зотан, шунинг ўзи яхшиликдир.
Демак, бу борада таъсир чораларини кучайтириш, жавобгарликни ошириш фурсати етди. Шу пайтгача ер ости ўтиш йўлларига қилинган муносабат шуни тақозо этмоқда. Энди қоровул билан эмас, электрон кузатув мосламаларидан фойдаланиб ушбу йўл иншоотларини қўриқлаш, зарар етказувчиларни аниқлаб, жаримага тортиш билан бирга маҳалласи, таълим оладиган жойию ишхонасида изза қилиш яхши самара беради, чамамда.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: Қарши шаҳридаги Одина масжиди рўпарасида жойлашган ер ости йўлидаги манзаралар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.