* * *
Аксариятимиз амали каттани “ақли катта” ҳисоблаймиз.
* * *
Қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг кўп бўлиши жамиятда тартиб-интизом ўрнатилганидан далолат бермайди.
* * *
Фикримизга қарши асосли фикр билдирганнинг эътирозидан ҳам фойдаланмоқ керак.
* * *
Фуқаролардан кўра давлат хизматчиларини назорат қилиб туриш қийин.
* * *
Маърифатли ва зиёли кишилар ҳамда “китоб жиннилари” жамиятда ўз ўрнини топмаса, адолатли ва инсонпарвар ҳуқуқий жамият қуриш қийин.
* * *
Авторитар бошқарув ва тоталитар давлат инқирозга юз тутгунча элу улус “уйқуда юради”.
* * *
”Бошлиқларнинг ўзи билади” – бундай фикрлаш оддий одамлар учун умрбоқий кишандир.
* * *
Кексалару катталарнинг ҳар қандай фикру сўзига кўр-кўрона итоат этиш, ёшларни лоқайд, ташаббуссиз ва журъатсиз қилиб қўяди.
* * *
Қурувчилардан бири дебди: ҳуқуқий демократик давлат қуриш – боши ҳам, охири ҳам кўринмайдиган қурилишдир.
* * *
Тарих доҳийликка даъвогар бўлмаган ҳукмдорни кам кўрган.
* * *
Шоқолу тулкилар куч-қудратингга қараб баҳойингни беради, хизматингни қилади.
* * *
Илму ҳунарсизлар ва нодону ожизлар фақат давлату бошқалардан умидвордирлар.
Абдишукур ОМОНОВ