Аёллардан бири дебди: пули кўп ва сахий эркаклардан ақлу ҳусн талаб қилмаймиз.
* * *
Аксарият пора олиб, пора беришни одат қилганлар порахўрлик йўқлиги ёхуд порахўрликка қарши кураш ҳақида маддоҳлик қиладилар.
* * *
Айрим раҳбарларнинг ўз соҳасининг "пир"лари фикру мулоҳазасига эътибор бермаслиги ачинарлидир.
* * *
Фикру сўзингнинг ҳақиқий маъносини тушунмайдиган, англамайдиганлар билан мулоқотда бўлмасликка ҳаракат қил.
* * *
Уйида эрини назар-писанд қилмайдиганлар ҳам кўчада "хўжайин" дейишни қойиллатади.
* * *
Ўзининг ўта тор манфаати йўлида юрганлар ҳам "элу улус манфаатини кўзлаб" гапирадилар.
* * *
Давлату жамиятдан иш, иш ҳақи, нафақа ва моддий ёрдам сўрамасдан ўз тирикчилигини қилиб юрганлар ҳам таҳсинга лойиқдирлар.
* * *
Эртанинг ғаму ташвишини қилиб юрганлар ақлли одамлардир.
* * *
Моддий ёрдамнинг ошкора кўз-кўз қилиниши - эҳсонни миннат қилишдир.
* * *
Барчамиз ҳаётимиз яхши бўлишини истаймиз, кўпчилигимиз бу ҳақда мақтанишни одат қиламиз, аммо кўп нарсалар эскича қолаверади.
* * *
Оила ташвиши - энг муҳим, энг зарур ва энг яхши ташвишдир.
* * *
Мулкдору амалда бўлсанг, ҳар сўзинг доно фикр сифатида қабул қилинса, мулксизу амалсиз бўлсанг, зарур ва ақлли фикринг ҳам эътиборсиз қолади.
Абдишукур ОМОНОВ