Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

09.04.2019


ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ҳамиша ўзимиз билан биргадир.

* * *

Қарсакбозликка сабаб бўладиган сўзларнинг аксарияти қалбга етиб бормайди, залда қолиб кетади.

* * *

Ишсизлик - жиноятчиликнинг онасидир.

* * *

Чексиз ҳокимият ҳар қандай демократни диктаторга айлантириб қўяди.

* * *

Мулкдорлар ўз яқинлари ва тарафдорларининг ваколатли мансабларда ишлашини истайдилар, шунга интиладилар.

* * *

Кўринишинг, фикру сўзинг ва хатти-ҳаракатинг бошқаларда сенга нисбатан ачиниш ёхуд нафрат ҳиссини пайдо қилмасин.

* * *

Курашиб, ёниб яшамоқ керак, фақат "тирик юриш" учун яшаш ожизу ғарибларга хосдир.

* * *

Ота-онасига "суяниб қолган" бола бир умр "бола"лигича қолиб кетиши мумкин.

* * *

Мансабга эришгач, бу "тепалик"дан соғ-омон тушишни ўйла, деди собиқ амалдор.

* * *

Давлату қонунлардан қўрқиш бўлмаса, назоратчи-текширувчилар қароқчига, қозилар фирибгарга айланади.

* * *

Авому оломоннинг олдида юргандан кўра, олиму маърифатлининг ортидан юрган маъқул.

* * *

Озчиликнинг бойиб, кўпчиликнинг камбағаллашиши - давлат ва жамиятдаги хавфли ҳолатдир.

* * *

Илм ва ҳунар эмас, амал эгаллашга интилувчилар кўпдир.

* * *

Катта ва кучли бўрилар билан бирга овга чиққан бўрибаччалар кўпроқ увлайди.

* * *

Самимийлик ва мулойимликни кўпчилик ожизлик ҳисоблайди.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo