* * *
Фикрлаш, таққослаш ва янгиликка интилишни одат қилмаган ходимдан яхши раҳбар чиқмайди.
* * *
Жамиятнинг қайсидир бўғинида иллат пайдо бўлса, бутун жамиятга таъсир қилади.
* * *
Ваколатли мансабдорнинг халқу давлат мулкини фирибгарлик билан ўмариши кўплаб ваколатсизларнинг фирибгарлигидан кўра каттароқ зарар келтиради.
* * *
Раҳбар инсоний фазилатлари, кенг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва муомала маданияти билан бошқаларга ўрнак бўлмоғи керак.
* * *
Аксарият коррупционерлар коррупция ҳақида кўпроқ маддоҳлик қиладилар.
* * *
Мулк ва амалга эришиш вақтинчалик эришилган омаддир. Ҳақиқий бахт умр якуни, фарзанду набиралар ҳаёти ва тақдирига қараб баҳоланади.
* * *
Фан, адабиёт, санъат, маданият орқали миллат тафаккури ва ижодий салоҳияти намоён бўлади.
* * *
Кўпчилигимиз мулку амал ва унвону нишон қулимиз.
* * *
Исрофгарчиликнинг оқибати - қашшоқлик ва фақирликдир.
* * *
Раҳбарлик лавозимида ишлаб кўрмаганларнинг аксарияти бошқалардан кўра раҳбарларни кўпроқ ёмонлайдилар.
* * *
Биз ўзимиз билмаган ёхуд билсак-да, тан олмаган қусурларимизни четдан кузатиб турганлар яхши англаб турадилар.
* * *
Мансабдорлар ўзидан катта мансабдорларнинг измидан чиқа олмайдилар.
* * *
Содда ва самимий одамларнинг "айёрлиги" ҳам жайдарича бўлади.
* * *
Ўртамиёна ижодкорларнинг аксарияти буюкликка, кичик мансаб эгалари катта амалларга даъвогардирлар.
Абдишукур ОМОНОВ