Аксариятимиз амали каттани ақли катта ҳисоблаймиз.
* * *
Қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг кўп бўлиши давлату жамиятда қатъий тартиб-интизом ўрнатилганидан далолат бермайди.
* * *
Фикримизга қарши асосли фикр билдирганнинг эътирозидан ҳам сабоқ олмоқ керак.
* * *
Оддий фуқаролардан кўра давлат хизматчиларини назорат қилиб туриш қийин.
* * *
Кексаларнинг ҳар қандай фикру сўзига кўр-кўрона итоат этиш ёшларни лоқайд, ташаббуссиз ва журъатсиз қилиб қўяди.
* * *
Тарих доҳийликка даъвогар бўлмаган шоҳни кам кўрган.
* * *
Шоқолу тулкилар куч-қудратингга қараб баҳойингни беради, хизматингни қилади.
* * *
Бугун муваффақиятга эришолмаганларга келажакдан умидвор бўлишдан бошқа илож йўқ.
* * *
Зиёлилари бой ва мулкдорларга муҳтож, қарам элу улуснинг равнақ топиши қийин.
* * *
Қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ижро ҳокимиятининг хизматкорига айланиб қолмаслиги керак.
* * *
Яхши кадрларни ўзимиз йўқ қиламиз, сўнгра "кадр йўқ" деб баҳона излаймиз.
* * *
Ҳокимият ишига аралашиб юрганларнинг аксарияти бу тизим камчиликларини айтишга қодир эмас.
* * *
Дипломсиз ишсиз дипломли бекорчидан кўра бахтиёрроқ.
* * *
Нарх-навонинг арзон ёки қимматлиги шахс оладиган иш ҳақига нималар сотиб олиши мумкинлигига қараб баҳоланиши керак.
А.ОМОНОВ