* * *
Раҳбар ҳеч қандай масалани ҳал қилмайди, деган гапдан кўра, раҳбарсиз ҳеч бир масала ҳал бўлмайди, деган гап-сўз яхшидир.
* * *
Беғубору самимий инсонларнинг севги-муҳаббатидан айримлар фақат шахсий манфаати йўлида фойдаланадилар.
* * *
Огоҳу ҳушёр бўлмасанг, чумолилар ҳам оёғи остига олиб эзиб ташламоқчи бўладилар.
* * *
Танишу улфатлар кўплиги дўсту биродарлар кўплигидан далолат бермайди.
* * *
Мулкдор, мансабдор бўлиб, баъзан изтиробда яшагандан кўра, камтароналик билан завқу шавқ ила яшамоқ афзалдир.
* * *
Аксарият тадбиркорлар назоратчию текширувчилардан узоқроқ юришга ҳаракат қиладилар.
* * *
Уйида бекорчи ўтирган эркакларни энг ёмон кўрувчилар хотинларидир.
* * *
Элу халқининг тарихи, маънавий қадриятларини билмасдан, қадрламасдан халқпарварлигу ватанпарварликка даъво қилаётганларга ишониб бўлмайди.
* * *
Йўлбарсу бўрилар ҳам ўзига тегишли қиру ўрмонлар, қўйу қўзилар кўп бўлишини истайди. Инсон истаги янада кучлидир.
* * *
Хушомадгўйларга доимо ишонишни одат қилманг, улар танқид қилувчилару бегоналардан кўра хавфлидир.
* * *
Раҳбар ходимларидан қанча узоқлашса, уларни алдашни одат қилса, ходимлари ҳам раҳбарини янада кўпроқ алдашга ҳаракат қиладилар.
Абдишукур ОМОНОВ